Туркия давлати Хатай туманида туғилган, миллати турк бўлган 1981 йилда туғилган шахс ўзбекистонликларнинг унга бўлган мурожаатларидан келиб чиқиб, фирибгарлик йўли билан осонгина даромад топишни мақсад қилади…
Аниқроғи, судланувчи кўрсатмоқчи бўлган “хизматлар” харидоргир бўлиши табиий эди. Чунки унга мурожаат қилганлар орасида Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилганлар, бошқа давлатга ишлаш учун бориш истагида юрганлар эди. Гўёки уларнинг орзусини амалга оширувчи “нажоткор” сифатида Ўзбекистонда “катта иш” бошлайди.
Аввалига Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган аёл билан Истанбул шаҳрида учрашиб, суҳбат давомида аёлга нисбатан Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилган тақдирда ўзини раҳбарлигидаги ширкати орқали ушбу тақиқларни 1 800 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини маълум қилади. Шу тариқа аёлнинг ишончига кириб, дастлаб 1 000, сўнг 500 АҚШ долларини олади. Умумий ҳисобда 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаган. Айни шу важ билан яна бир аёлдан 900, бошқаси аёлдан 1 900 АҚШ доллари олган.
Ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали ҳам “ўлжа” топа олган. Ишончга кирган ҳолда фуқаролар билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, сўнг Тошкент шаҳрида учрашиб суҳбатлашади. Улардан ҳам тақиқни бекор қилиб бериш эвазига 1 000, бошқасидан 2 000 АҚШ долларини қўлга киритган. Яна икки аёлнинг биридан 800, иккинчисидан 900 АҚШ доллари олган.
Судланувчи ишончига кирган мижозлари билан Андижон шаҳрида ҳам учрашиб, суҳбатлашади ва 900 АҚШ долларини қўлга киритади. Ижтимоий тармоқлар орқали гаплашган яна бири билан эса Самарқанд шаҳрида кўришади ҳамда 1 000 АҚШ долларини олади.
Буни қарангки, Жанубий Кореяга ишлаш учун боришни истовчилар ҳам талайгина экан, судланувчининг ҳамёни 1 500 АҚШ долларига тўлган.
Судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркак билан Истанбул шаҳрида учрашиб, унга ўзини раҳбарлигидаги ширкати орқали хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни ишлаш учун юбораётганлигини маълум қилиш орқали ишончига киради. Унга Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишини ваъда қилган ҳолда 1 200 еврони такроран фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаган. Худди шу “сценарий” асосида яна бир фуқародан 1 600 евро, бошқасидан 3 000 АҚШ долларини олган.
Судланувчи “фаолияти географияси”ни кенгайтириб, бу гал Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркакнинг ишончига кириб, Нидерландия давлатига ишлаш учун юборишини ваъда қилган ҳолда 1 500 АҚШ долларини қуртдек санаб олган.
Судланувчининг галдаги ёлғони эса Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш бўлган. Бу ёлғонга чув тушган эркакдан эса 800 АҚШ долларини олган.
“Кўза кунда эмас, кунида синади” дейишганидек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликдаги тезкор тадбир ўтказилади.
Судланувчи Самарқанд шаҳар Регистон кўчасида жойлашган ўзи томонидан ижарага олинган уй меҳмонхонада тадбирда шартли мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога уни Туркия давлатидаги ширкати орқали 4 200 АҚШ доллари эвазига Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишни маълум қилиб, ундан дастлабки тўлов сифатида 2 000 АҚШ долларини такроран фирибгарлик йўли билан олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланади. Жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаган.
Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлди. — 2018 йилда Туркия давлатида ширкат ташкил қилганман. Ширкат туризм, ишчи визаларни ҳужжатларини тўплаш юзасидан консалтинг хизматларини олиб бориш иши билан шуғулланган.
Туркияда ўзимнинг фаолиятимни олиб борганимда мижоз сифатида мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар консалтинг хизмати юзасидан Ўзбекистон Республикасида ҳам битта офис очиши ҳақида таклиф киритишган. Ушбу таклифларга асосан Ўзбекистонда ширкатимнинг филиалини очишни режалаштирганман. Раҳбарлигимдаги консалтинг ширкатига кўплаб ўзбекистонликлар мижоз бўлиб келгани сабабли айнан Ўзбекистонда офис очишни режалаштирганман.
2021 йил бошида Ўзбекистонда раҳбарлигимдаги ширкат офисини очиш ва шу билан биргаликда текстиль саноатини ўрганиб, агар лозим бўлса Ўзбекистонда бу йўналишда тадбиркорликни ҳам йўлга қўйиш борасида ташриф буюришни мақсад қилганман. 2021 йил 15 январь куни Тошкент шаҳрига келдим. Мени бир фуқаро кутиб олди.
У билан Ўзбекистонга келганимдан сўнг танишганман. Унинг укаси мени Туркиядаги ширкатимга келиб, акасини талаба визасини олмоқчи эканлигини айтди. Сўнг ширкатим орқали виза ҳужжатларини тайёрлаб ваколатли органларга топширганман.
У ҳам Туркия давлати томонидан депортация қилиниб, бу давлатга киришга тақиқ қўйилган. Сўнг унинг қариндошларига Ўзбекистонга бормоқчилигимни айтдим. Улар Ўзбекистонга борсам, ўзи менга кўмаклашишини, агар лозим бўлса таржимонлик иши билан шуғулланишини айтди.
Ўшанда Ўзбекистонга биринчи маротаба келгандим ва ўзбек тилини билмасдим. Шу сабабли ундан менга таржимон бўлишни ва шу билан биргаликда йўл кўрсатувчи бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида саёҳат қилишимда ҳамроҳ бўлишини илтимос қилдим. Лекин у билан таржимон бўлиши учун ҳақ беришимни келишмаганмиз.
Ўзбекистонга келганимдан сўнг Туркияга киришга тақиқ қўйилган ўзбекистонлик фуқароларни тақиқларини бекор қилиш, хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни Туркия давлати орқали ишлаш учун жўнатиш иши билан шуғулланишни режалаштирганман. Бунинг учун ўзимга бир жойни офис сифатида олиб фаолиятимни йўлга қўйиш учун мени кутиб олган танишим билан биргаликда офис учун жой излаганман. Тошкент шаҳрида учта манзилга бордик, аммо офис эгалари ижара пулларини қиммат айтди. Сўнг “YouTube” ва “Тik-Tok” ижтимоий тармоқлари орқали ўзимни Ўзбекистонга келганлигим юзасидан хабарлар тарқатганман, – дейди Ўзбекистоннинг қайси вилоятида мижозлар кўп бўлса, ўша вилоятдан офис очишни режалаштирган судланувчи. Ижтимоий тармоқлар орқали берган хабарларига асосан, ўзбекистонлик фуқаролар унга турли масалаларда мурожаат қилишни бошлаган. Унга мурожаат қилган шахсларга Туркия давлати томонидан қўйилган тақиқларни 1 000 – 1 500 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини, шу билан биргаликда ширкати орқали 2 000 – 2 500 АҚШ доллари эвазига ишчиларни хорижга ишга жўнатишини ҳам маълум қилган.
— Жанубий Корея давлатида ишлаш истагида бўлган шахсларни ариза ва ҳужжатларини консалтинг ширкатим орқали Кореянинг Туркиядаги элчихонасига топширганман. Шу йўл билан уларни Жанубий Кореяга ишга юборишни режалаштирганман.
Жанубий Корея давлатидаги корхоналар билан шартнома тузмаганман. Ишлаш учун кетмоқчи бўлган ва пулини олган мижозларимнинг ҳужжатларини расмийлаштириб берганман, аммо уларга нисбатан Корея давлатидан талабнома келмаганлиги сабабли ишга жўната олмаганман. Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш масаласига келсак, ҳужжатларни Туркия Баққонлик идорасига топширганман, давлат органларидан тегишли рухсатнома келмаган, доимий яшаш гувоҳномасини олиб бера олмаганман.
Нидерландия давлатига ишга юбориш учун ҳам пул олганман, бироқ у давлатдан жавоб келмаганлиги сабабли ишга юбора олмаганман. Ширкатим Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан хусусий бандлик агентлиги сифатида рўйхатдан ўтмаган. Ўзбекистон Республикасида мазкур фаолиятни қонун нормалари билан тақиқланганидан хабарим бўлмаган, – дея қилмишидан пушаймонлигини, етказилган моддий зарар қоплаганлигини баён қилди.
ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДАН МАЖБУРИЙ ТАРТИБДА
ЧИҚАРИБ ЮБОРИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ
Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 25,168-моддаси (фирибгарликка суиқасд) 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.
Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 93 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган бир кунини базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштирилиб, жарима жазоси қопланган деб ҳисобланди.
Судланувчидан 15 нафар жабрланувчилар фойдасига етказилган зарарни ундириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариб юборилиши белгиланди.
Судлар департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган жами 20 749 АҚШ доллари етказилган моддий зарар ҳисобига қаратилди ҳамда ушбу пулдан ортиб қолган қисми ҳукм қонуний кучга киргач судланувчига қайтариб берилиши белгиланди.
Алишер Жалилов,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман суди раиси