Суд ҳужжатларини ижро этишдаги муаммолар муҳокама қилинди

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан суд ҳужжатларини ижро этиш жараёнида юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида мутасадди идоралар иштирокида амалий очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур тадбирда Тошкент шаҳар прокуратураси, Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва бюронинг Тошкент шаҳридаги барча туман бўлимлари давлат ижрочилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасига кўра, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир.

Мамлакатимизда суд қарорларининг ижросини қонуний муддатларда таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишга долзарб вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги 2022 йил 28 январдаги Фармонининг иккинчи устувор йўналиш 18-мақсадида суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш мақсади қўйилиб, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг муқобил, шу жумладан суддан ташқари усулларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, Мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш ва айрим функцияларни (суд ҳужжатларидан ташқари) хусусий секторга ўтказиш, давлат ижрочилари иш юкламасини камайтириш каби вазифалар белгиланган.

Шу билан бирга, судлар томонидан берилган ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлашда муайян камчиликлар ва ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалар юзага келмоқда-ки, уларни судлар ва Мажбурий ижро бюроси органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликда ҳал этиш талаб этилади.

Очиқ мулоқотда ижро ҳужжатларини расмийлаштириш ва ижро органига юборишда электрон воситалардан кенг фойдаланиш, ижро ҳужжатларининг Мажбурий ижро органлари томонидан асоссиз қайтарилишини олдини олиш, суд ҳужжатларини ўз вақтида ва самарали ижро этиш билан боғлиқ муаммолар кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати.