ФИРИБГАР “ҚУВУРЧИ” ЖАЗОЛАНДИ

Бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилиш тариқасидаги жиноятлар кўпайгани кузатилмоқда.

Шу ўринда айрим мисолларни келтириб ўтсак. Судланувчи Н. Э. ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини эгаллаш мақсадида С. И.га арзон нархда темир қувурлар олиб беришни ваъда қилади. Ундан алдов йўли билан 60 000 АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармайди. Оқибатини ўйламай ўзга фуқарога шунча пул берган С. И. алданганлигини билгач, тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади. Кўп ўтмай “қувурчи” фирибгар ушланади. 

Суд ҳукми билан фирибгар Н. Э. 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

А. Д.нинг иши ҳам судда кўриб чиқилди. Аниқландики, у шериги билан Б. Т.ни алдайди. Гап шундаки, агарда Б. Т. ўзининг номидан кредитга маиший техникалар олиб берса, рози қилишини, кредитни ҳам ўзи қайтаришини айтади. Хуллас, дўкондан шартнома асосида 12 000 000 сўмлик 2 дона телевизор ва бир дона радиотелефонни олгач, сотиб юборади. Б. Т. эса маълум вақтдан кейин алданганлигини билгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади.

Суд А. Д.га иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой уч кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. 

Ишламай осонгина пул топиш йўлини танлаганлар эртами-кечми қонун олдида жавоб беришади. Бировнинг ҳақи ҳеч қачон юқмайди. Халқимиз барака ҳалолликда, дей­ди. Ноқонуний, ўзга шахс­ларнинг маблағи ҳисобига кун кечирмоқчи бўлганлар узоққа бормайди, ҳаром пул уларга юқмайди.

Фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун ўзимиз эҳтиёт бўлишимиз керак.

Ўзгаларнинг ҳар хил ёлғон ваъдаларига учиб, чув тушиб қолмаслигимиз зарур. Шу билан бирга, фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимини ошириш ҳам давр талабидир.

Рустамжон РАҲМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Миробод туман судининг судьяси