Баҳолаш шаффофлиги

мулкий низоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга

Маълумки, мулкдорлар мол­мулки паст нархда, яъни бозор баҳосида баҳоланмагани ёхуд баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда мол-мулкнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинмаганидан норози бўлган тақдирда судга мурожаат этиши мумкин. Чунки “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 181-моддаси бешинчи қисмига асосан буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончлилиги тўғрисида олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда низо судда кўриб чиқилади.

Аммо суд амалиётида ушбу қои­дани қўллаган ҳолда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ишончли эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво талаби буюртмачи томонидан билдирилмагани, қонун талабига кўра, фақат буюртмачигина низолашиши мум­кинлиги, мулкдор баҳолаш ҳисоботининг буюртмачиси бўлмагани сабабли юридик ёки жисмоний шахсларнинг даъво аризаларини рад этиш ҳолатлари учрайди.

Ваҳоланки, Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинлик­ларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Қолаверса, Асосий қонунимизнинг 65-моддасига асосан хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси биринчи қисмида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Шу боис мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулк­дор­лар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш мақсадида “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 181-моддаси бешинчи қисмига нафақат буюртмачи, балки ҳар қандай манфаатдор шахс, шу жумладан, баҳолаш объек­тининг мулк­дори ҳам баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот (баҳолаш материаллари) бўйича суд орқали низолашиши мумкинлигини белгилаш ҳақида ўзгартиш киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ушбу ўзгартиш келгусида қонунчиликдаги бўшлиқни тўл­дириши баробарида хусусий мулк дахлсизлиги ва мулк ҳуқуқини таъминлаши шубҳасиз.

Мансур Эргашев,

Тошкент шаҳар суди судьяси.

«Куч адолатда» газетаси 2023 йил 15 сентябрь №40 сони