Қидирув:

УЙ-ЖОЙГА КИРИТИШ ВА УЙ-ЖОЙДАН ФЎЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ ЙЎҚОТГАН ДЕБ ТОПИШ ҲАҚИДАГИ ДАЪВОЛАРНИНГ БАЪЗИ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Сўнгги йилларда ўзаро ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солинишида судлар томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчилик нормаларининг ҳам кўплаб қўлланилишига олиб келмоқда. Норманинг амалда қўлланилиши эса, албатта, ундаги тушунмовчилик, камчилик ва бўшлиқ жиҳатларнинг очилишига сабаб бўлади.

Айтиш жоизки, оилавий низоларнинг давоми сифатида уй-жой низоларининг вужудга келиши бугунги кунда энг кўп учрайдиган ҳолат. Жумладан, эр-хотиннинг ажрашиши, хотиннинг уйдан чиқиб кетиши ва келгусида яна уйга кириш ҳақидаги даъво талаби билан судга мурожаат қилиши одатий низолардан бирига айланиб улгурди.

Аксинча, уй-жой мулкдори бўлган эр (хотин), қайнона-қайноталар томонидан уйдан фойдаланиш ҳуқуқни йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризалари салмоғи ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 32 – моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа хол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидир, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.

Демак, қонун талабидан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, мулкдорнинг оила аъзолари (шунингдек, собиқ оила аъзолари) улар дастлаб уй-жойга кўчириб киритилаётганда бошқача мазмунда ёзма келишувга эришмаган бўлсалар, мавжуд уй-жойдан фойдаланиш (яшаш) ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Бу эса, судлар томонидан ушбу мазмундаги даъво талабларининг қаноатлантирилишини назарда тутади.

Шунингдек, уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво талаблари юзасидан қуйидаги ҳуққий асосларни келтириш мумкин.

Фуқаролик кодексининг 5-моддасига кўра, ушбу Кодекс 2-моддасининг биринчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги).

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрь кунидаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарорининг 18-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида (агар, турар-жой бўйича узоқ муддат сақланиши кўрсатилмаган бўлса) турар-жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади. (Шу модданинг иккинчи қисмида баён қилинган ҳолатлар бундан мустасно).

Шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи манфаатдор шахсларнинг даъвоси бўйича суд йўли билан йўқотган деб топилиши мумкин.

Агар, суд, шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони қаноатлантирмасдан рад этиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 172-моддасига асосан, мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Қонунларда назарда тутилган ҳолларда, шартларда ва доирада мулкдор бошқа шахслар унинг мол-мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйишга мажбур. Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суиистъемол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас.

Бундан кўриниб турибдики, шахснинг турар жойда узрли сабабларсиз олти ойдан ортиқ муддатда бўлмаслиги (яшамаслиги) уйдан чиқариш ҳақидаги даъволарни қаноатлантиришнинг муҳим мезони бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, фуқароларимизнинг уй-жой, унга киритиш, ундан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш каби низолар бўйича юқоридаги қонун талабларини билишлари ва тушуниб олишлари ушбу мазмундаги даъволар юзасидан судга мурожаат қилишда даъво асосларини тўғри келтириш кафолати  бўлиб хизмат қилади.

Зеро, асосли даъво талабларининг келгусида қаноатлантириш ҳолатлари уларнинг ортиқча маблағи ва вақти тежалиши ҳамда оворагарчиликларнинг олдини олган бўлар эди.  

Феруза Астанова,

Фуқаролик ишлари бўйича  Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.

Тошкент шаҳар прокуратурасида пойтахт туманлари прокурор ўринбосарлари ва прокурор ёрдамчилари учун семинар машғулоти ўтказилди.

Семинар машғулотда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси С.Сафоева “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг янги тартиби” мавзусида маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-887-сонли Қонунининг мазмун моҳияти, ушбу Қонун асосида процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартишлар ҳақида сўзлади.

Тадбирда ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилиши, ишларни вилоят судларида ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилгани, Олий судда тафтиш тартибида ҳамда Олий суд Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташлангани, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилгани, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги  ҳақида атрофлича фикр юритилди.

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ – МЕНИНГ СУДЬЯМ

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьяси Ойбек Кахаров томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида  тумандаги “Нурҳаёт” маҳалласида аҳолини суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллада сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда инсонпарварлик тамойилларига асосан қилган ишидан пушаймон бўлган, ўзига тегишли хулоса чиқарган, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир неча маҳкум иши кўрилиб, тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан судьялар ва тадбиркорлар ўртасида очиқ мулоқот

Ўзбекистон Республикасида 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган бўлиб, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, яъни тадбиркорликни ривожлантириш муҳим масала эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу мақсадда давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, тадбиркорларга сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда уларнинг қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда зарур чораларни кўриш мақсадида масъул ташкилотлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур тарғибот ишларининг давоми сифатида Тошкент шаҳари суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ташаббуси билан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотнинг мақсади тадбиркорларга сўнгги вақтларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ва уларнинг суд процесслари жараёнидаги ҳуқуқларини тушунтиришдан иборат.

Тадбирда Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошент шаҳар ҳудудий бошқармасидан ва Тошкент шаҳар адлия бошқармасидан вакиллар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритувчи субъектларнинг раҳбар ва вакиллари қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар суд ҳуқуқ тизимидаги, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар борасида йиғилганларга тушунтиришлар бериб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган низолар, одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилиб, суд амалиётида юзага келаётган низоли масалалар, ишда иштирок этувчи шахсларни қийнаётган саволлар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.

ЮНУСОБОД ТУМАНИ АНОРЗОР МАҲАЛЛАСИДА ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАҲБАРЛАРИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Юнусобод тумани “Анорзор” маҳалла фуқаролар йиғинида Тошкент шаҳар суди раҳбарларининг Юнусобод ва Яшнобод тумани жисмоний ва юридик шахслар вакилларини суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабули ташкил этилди.

Сайёр қабулда жами 28 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатларнинг 19 таси жиноят,  9 таси фуқаролик ишлари бўйича бўлди. Мурожаатлардан 12 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, 16 та мурожаат ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабул доирасида ўтказилган сайёр суд мажлисларида Пробация хизмати ҳисобида турувчи Яшнобод туманидан 9 нафар, Юнусобод туманида 7 нафар, жами 16 нафар  маҳкумларнинг ишлари кўриб чиқилиб, жазо талабларига риоя қилганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳисобга олиниб, муддатидан илгари шартли равишда озодликка чиқарилди.

Суд буйруғи институти фуқаролик суд ишларида самарали қўлланилмоқда

Бутун дунёда фуқаролар ва ташкилотлар ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни афзал кўрадилар. Бироқ, низоларни суд орқали ҳимоя қилиш муайян харажатларни ва муддатларни талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Қолаверса, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажмининг ортиб бориши судьялар иш юкламасининг кўпайишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир. Бу эса суд томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Судьяларнинг иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири – судда ишларни соддалаштирилган тартибда ҳал этиш усулларини ривожлантиришдир.

Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда даъво аризалари ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш борасидаги дастлабки жараёнларни янада соддалаштириш мақсадида фуқаролик ишларини судда кўриш ва ҳал қилишнинг бирмунча соддалаштирилган тартиби “Буйруқ тартибида иш юритиш” жорий этилиши бўлди.

Маълумки, суд буйруғи институти судлар амалиётида қатор афзалликлари билан алоҳида ажралиб туради. Хусусан, фуқаролик судларида кенг қўлланаётган суд буйруғи берилган аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда қабул қилинадиган суд ҳужжатидир.

Суд буйруғи ишни судда муҳокама қилиш билан боғлиқ бўлмаган биринчи инстанция суди қарорининг алоҳида тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича чиқарилади ва бевосита ижро ҳужжати кучига эгадир.

Буйруқ тартибида иш юритиш манфаатдор шахс – қарз ундирувчининг ташаббуси билан бошланади. Талаб кимга нисбатан қаратилган бўлса, у қарздор деб эътироф этилади.

Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда берилади, агар:

1) талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;

2) талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;

3) коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

4) вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;

5) ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса;

6) фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

7) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

8) кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

9) ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса.

Демак, фуқаролик ишлари бўйича суд буйруқлари қонунчиликда белгиланган қатъий қоидалар асосида, фақат мулкий тусдаги талаблар юзасидангина чиқарилади.

Мулкий тусда бўлмаган ёки кўчмас мол-мулкларни ундиришга қаратилган талаблар юзасидан суд буйруқлари чиқарилишига қонун йўл қўймайди.

Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Шу билан биргаликда вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб ундирувчи яшаётган жойдаги судга, ижро қилиш жойи кўрсатилган нотариал тасдиқланган битимга асосланган талаб ушбу талаб бажарилиши лозим бўлган жойдаги судга тақдим қилиниши ҳам мумкин.

Суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ва ахборот тизими орқали электрон ҳужжат шаклида берилади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 177-моддасига асосан, арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади.

Суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади.

Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.

Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Суд буйруғига нисбатан эътироз билдириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддатнинг қарздор томонидан ўтказиб юборилганлиги суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, суд унинг илтимосномасига асосан ушбу муддатни тиклаши мумкин. Муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилинмасдан туриб, муддат ўтказилгандан сўнг берилган эътирозлар суд томонидан кўрилмайди ва муаллифга қайтарилади.

Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчининг такроран судга мурожаат қилиш ҳуқуқи чекланмайди, балки ундирувчи билдирган талаб билан даъво ишини юритиш тартибида даъво ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

Суд буйруғи фақатгина қарздорнинг эътирози асосида эмас, балки ундирувчининг аризасига кўра ҳам бекор қилиниши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, суд буйруғи институти Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан кенг қўлланилмоқда.

Хусусан, Шаҳар судлари томонидан 2023 йил давомида 536.4 млрд. сўмлик 93.538 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган 2022 йилга (40.743 та) нисбатан 52.795 та (ёки 130.0 фоиз)га кўпайган.

Шунингдек, 2023 йилда чиқарилган суд буйруқлари (93.538 та) ФПКнинг 171-моддасида кўрсатилган талаблар кесими бўйича таҳлил қилинганда, 398.1 млрд сўмлик 58.152 таси (62.2 фоизи) ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, 34.7 млрд сўмлик 17.252 таси (18.4 фоизи) коммунал хизматлар бўйича қарздорликни ундириш (шундан 21.3 млрд. сўмлик 10.510 таси табиий газ ва 696.9 млн. сўмлик

295 таси электр таъминоти бўйича ҳисобланган қарздорлик), 13.6 млрд. сўмлик 6057 таси (6.5 фоизи) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан тўловларни ундириш, 58.6 млрд. сўмлик 5906 таси (6.3 фоизи) солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, 5049 таси (5.4 фоизи) вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, 31.4 млрд сўмлик

1121 таси (1.2 фоизи) ҳисобланган, бироқ ходимга тўланмаган иш ҳақини ундириш ҳақидаги талабларни ташкил этган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролик судларда суд буйруғи институти тарафлар учун қулайлик яратади. Шунинг баробарида судьянинг иш юкламасини камайтириб, ортиқча вақт ва оворагарчиликларнинг олдини олади.

Бугунги кунда Пойтахт судларида суд буйруғи тартибида иш юритиш жисмоний ва юридик шахсларнинг низоли бўлмаган фуқаролик муносабатларини ортиқча сансалорликларсиз тартибга солиш имкониятини яратиб келмоқда.

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари

бўйича судлов ҳайъати раиси

Б.Н.Исламов

ТОШКЕНТ ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИДА ДАВРА СУҲБАТИ

Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси учинчи қисмига кўра, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Бугунги кунда банкрот деб топилиб, тугатиш ишлари давом этаётган корхоналар сонини умумий таҳлил этиш ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг иш юритувидаги банкротлик (тўловга қобилиятсизлик) ишлари бўйича тугатиш ишлари бир йил ва ундан ортиқ муддатда тамомланмасдан давом эттирилаётган ишлар юзасидан Тошкент шаҳар суди ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан  амалий мулоқот ташкил этилди.

Унда судьялар, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ва Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди. Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган ва тугатиш ишлари давом этаётган банкротлик ишлари бўйича маълумот берилиб, суд амалиётида ҳамда тугатиш ишларини олиб бориш жараёнида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, бу борада судьялар ва тугатиш бошқарувчиларининг масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилди.

Шу билан биргаликда, узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган банкротлик ишлари бўйича барча масъул ташкилотлар ва суд бошқарувчилари ҳамкорликда иш олиб боришлари лозимлигига урғу берилди.

АКАДЕМИЯ КУРСАНТЛАРИ БИЛАН СУД РАИСИНИНГ ОЧИҚ МУЛОҚОТИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академияси катта залида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Толиб Обидовнинг академия курсантлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Т.Обидов бўлажак терговчилар билан бугунги кунда олиб борилаётган суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар борасида мулоқот ўтказди.

 Академия курсантларига назария ва амалиёт ўртасидаги чамбарчас боғлиқлик, бугунги кунда ҳуқуқшунос кадр қандай талабларга жавоб бериши кераклиги тўғрисида ўз фикрларини билдирган ҳолда уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

АЛИШЕР НАВОИЙ ТУҒИЛГАН КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Тошкент шаҳар иқтисодий судида Тошкент туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда  судья ва суд ходимлари иштирокида шерият мулкининг султони Мир алишер Навоий туғилган куни муносабати билан марифат соати ташкил этилди.

Унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нурилла Чориев ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси, шоир Салим Ашурлар таклиф этилди. Тадбирни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов олиб борди. Маълумки, Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг моҳиятини очиб, ҳам бадиий ҳам илмий асарлар яратиш учун бой ва тўла имкониятларга эга эканини намойиш этган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижод йўли юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Таъкидландики, Алишер Навоий умрини инсоннинг бахт-саодати учун курашга, халқнинг осойишталиги, ўзаро урушларнинг олдини олиш, ободончилик ишларига, илм-фан, санъат ва адабиёт тараққиётига бағишлади.Гўзал мисралар битди. Шунинг учун ҳам ҳазрат Мир Алишер Навоий мероси асрлар оша авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.

Тадбир савол-жавобларга бой, қизғин ва мазмунли ўтди.

ЧИЛОНЗОР ТУМАНИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИДА ЎҚУВ СЕМИНАР

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ биносида тергов сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Унда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьялари, туман прокуратураси ва ИИО ФМБ раҳбарияти, ЖҚБ ходимлари, ТБ терговчилари, ХПБ бошлиқлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича ЎРҚ-869 Қонуни 2024 йил 1 январдан кучга кирганлигини инобатга олиб, уларни амалиётда қўллаш тартиби юзасидан фикрлар билдирилди.

Терговчилар иштирок  этган тадбирда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раисининг ўринбосари А.Муҳиддинов ўтган 2023 йил мисолида тергов ва суриштирув органи томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳақида фикрларини билдириб, келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик бўйича тавсиялар бериб ўтилди.

Skip to content