Қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан судьялар ва тадбиркорлар ўртасида очиқ мулоқот

Ўзбекистон Республикасида 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган бўлиб, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, яъни тадбиркорликни ривожлантириш муҳим масала эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу мақсадда давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, тадбиркорларга сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда уларнинг қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда зарур чораларни кўриш мақсадида масъул ташкилотлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур тарғибот ишларининг давоми сифатида Тошкент шаҳари суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ташаббуси билан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотнинг мақсади тадбиркорларга сўнгги вақтларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ва уларнинг суд процесслари жараёнидаги ҳуқуқларини тушунтиришдан иборат.

Тадбирда Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошент шаҳар ҳудудий бошқармасидан ва Тошкент шаҳар адлия бошқармасидан вакиллар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритувчи субъектларнинг раҳбар ва вакиллари қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар суд ҳуқуқ тизимидаги, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар борасида йиғилганларга тушунтиришлар бериб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган низолар, одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилиб, суд амалиётида юзага келаётган низоли масалалар, ишда иштирок этувчи шахсларни қийнаётган саволлар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.