Қидирув:

БОЛАНИНГ ДАВОЛАНИШИ УЧУН ОТАДАН ҚЎШИМЧА ТАЪМИНОТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?

Набирам бир ёшга тўлмагани учун суд ажраштирмади. Отасига алимент ундируви тайинланган. Набирам жуда нимжон туғилган, доимий равишда муолажа олиши керак. Берилаётган алименти дори-дармонга етмайди. “Даволанишига пул беринг”, десак, куёв ҳам, онаси ҳам «керак бўлса, даволатиб олинглар. Наслимизда касал бола туғилмаган, уни бизга кераги йўқ», дейишди. Суд тартибида отасидан болани даволаниши учун пул ундириш мумкинми? Агар қаршилик қилса, қандай қонуний йўллари бор?

Исми сир тутилди.

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасининг 1-қисмига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Конституциянинг 65-моддасига кўра, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.


Бош қомусда белгиланган вояга етмаган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи, ота-она зиммасига уларни боқиш ҳамда тарбиялаш мажбуриятини юкловчи нормалар ушбу соҳани тартибга солувчи махсус қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари мазмунида ҳам ўз ифодасини топган.


Хусусан, Оила кодексига кўра, оила тўғрисидаги қонунчиликнинг вазифалари оилавий муносабатларни бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.


Вояга етмаган болаларни таъминлаш мажбурияти ўз қамровига нафақат алимент тўлашни, балки фавқулодда ҳолатлар туфайли келиб чиққан харажатларни ҳам олади.


Зеро, Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.


Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.


Шунга кўра, агарда набирангизнинг соғлиги ҳолатига кўра, уни даволаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар юзага келган тақдирда отаси боланинг харажатларида иштирок этиши шарт. Куёвингиз бундай харажатларни ўз зиммасига олишдан бош тортган тақдирда қизингиз фарзандининг касаллиги муносабати билан уни даволаш туфайли келиб чиққан қўшимча харажатларни ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.


Қўшимча харажатларни ундириш ҳақидаги бундай даъво қизингизнинг ўзи яшаб келаётган манзилда жойлашган фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этилади. Даъво аризасига неварангизнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ота-онасининг паспорт нусхалари, боланинг соғлигининг ҳолати юзасидан тиббий ҳужжатлар ҳамда сарфланган харажатларни тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим. Судга бундай даъво талаби билан мурожаат қилишда давлат божи тўланмайди.


Қайд этиш лозимки, ундирилиши белгиланган бундай қўшимча харажатлар боланинг таъминоти учун ундириладиган алимент тўловларидан алоҳида тарзда ҳисобланади ва тўлови ҳам алоҳида амалга оширилади.


Шу билан бирга, боланинг касал бўлиши туфайли келиб чиққан бундай қўшимча харажатлар миқдори отанинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда қатъий суммада ундирилади.


Суд томонидан даъво талаблари қаноатлантирилган тақдирда, унинг ижроси мажбурий ижро бўлими томонидан мажбурий тартибда амалга оширилади ҳамда юқорида маълум қилганингиздек, боланинг отаси бундай харажатларда иштирок этишни исташ-истамаслигидан қатъий назар амалга оширилган харажатларни қоплаши шарт ҳисобланади.

«ЭРИМ БИЛАН «ЗАГС»ИМИЗ ЙЎҚ, БОЛАЛАРИМНИ ХОРИЖГА ОЛИБ КЕТА ОЛАМАНМИ?»

— Турмуш қурганимизда «ЗАГС»дан ўтмаганмиз. Эрим уч йил олдин хорижга кетганича дом-дараги йўқ. Фақат онаси билан гаплашиб туради. Лекин қайнонам ўғли қаердалигини айтмайди. Тўғриси, муносабатимиз яхшимас. Икки фарзандимни «метрикаси»да отаси кўрсатилган. Болаларимни олиб, хорижга опамни ёнига кетмоқчиман. Лекин эримнинг розилиги кераклигини айтишди. Уни қаердалигини билмасам, қандай қилиб розилик оламан? Моддий аҳволим яхши эмас, ишлагани кетмоқчиман.

Исми сир тутилди.

Дилфуза ДАДАДЖАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 61-моддасига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.


Қонун талабига кўра, қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб, турмушларидан туғилган фаразндларига нисбатан ҳам оталик белгиланганлиги ҳолати мавжуд бўлса, яъни боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасида отаси деб кўрсатилган шахс болага нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.


Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгар бўлиб, ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари кафолатланади.


Энди болани отанинг рухсатисиз чет давлатига олиб чиқиш мумкинлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги масалага тўхталсак, Президент Қарорининг (ПҚ-4079-сон 26.12.2018 йил) илова қилинган фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқишлари учун уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирииши лозим. Фуқароларнинг вояга етмаган фарзандларини хорижга олиб чиқишлари учун ҳам шундай биометрик паспорти талаб этилади.


Вояга етмаганларни хорижга чиқишлари учун биометрик паспорти боланинг туғилган кунидан бошлаб, бир ёшгача — 2 йил муддатга, бир ёшдан 25 ёшгача 5 йил муддатга берилади. Ушбу биометрик паспортини олишда вояга етмаган боланинг ота-онасининг нотариал тартибда тасдиқланган розилик аризаси талаб этилади. Бундай ариза мавжуд бўлмаса, вояга етмаган болани хорижий давлатга олиб чиқишга рухсат берилмайди.


Президент Қарорининг (ПҚ-4079-сон 26.12.2018 йил) илова қилинган фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 33 бандига асосан вояга етмаган боланинг хорижга чиқишига биометрик паспортини расмийлаштиришда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайдиган холатлар ҳам мавжуд.


Улар: ота-онанинг бири вафот этганлиги, боқувчиси ёлғиз она бўлганлиги, боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганлиги, ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилингани, бедарак йўқолган деб топилгани ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги, ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганлиги ҳисобланади.


Ушбу санаб ўтилган ҳолларда болани хорижга олиб чиқишга ота-онасининг розилиги талаб қилинмайди. Ўзбекистон Республикаси Оила қонунчилиги ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.


Вояга етмаган болани хорижга олиб чиқишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда, ушбу келишмовчиликлар суд тартибида ҳал қилиниши қонун билан кафолатланади.

ҚАМОҚҚА ОЛИНГАН ШАХС ҚАЧОН ИШДАН БЎШАТИЛИШИ МУМКИН?

— Турмуш ўртоғим фирибгарликда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинди. Яқинда ишидан ҳам бўшатилганини билдик. Фирибгарлик иши билан боғлиқ эмасди. Нега бўшатишгани, нима учун бу ҳақида огоҳлантиришмагани, қолаверса охирги ойлик иш ҳақи берилмагани сабабига ҳеч ким аниқлик киритмаяпти. Озодликдан маҳрум этилганида, тўғридан тўғри ишдан бўшатиладими? Кейин яна қайиа ишга тикланиши мумкинми?

Исми сир тутилди.

Жасур Сирожев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари:


— Муддатли меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига биноан муддати тугамасдан, иш берувчининг ташаббусига кўра, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин.


Меҳнат кодексининг 106-моддасига асосан, меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:


1. ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;


2. шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, шунингдек Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтган тақдирда;


3. ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;


4. ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;


5. ходимнинг вафоти муносабати билан;


6. қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 43-бандида, меҳнат шартномасининг Меҳнат кодексининг 106-моддасининг 4-бандига асосан бекор қилинишига ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги ҳолларида йўл қўйилиши мумкин.

Бундай ҳолларга, хусусан қуйидагилар киради:


• суд ҳукмига кўра маълум мансабни эгаллаш ёки маълум фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларни суд томонидан тайинланган вақт давомида ишга қабул қилиш;


• бир давлат корхонасида ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларни, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бундай хизматчиларни ишга қабул қилиш;


• қонунлар томонидан вояга етмаганлар ва аёлларни жалб қилиш тақиқланган ишларга қабул қилиш.

Меҳнат муносабатларининг қайд этилган асосларга кўра бекор қилиниши билан боғлиқ низоларни кўраётиб судлар ишга қабул қилишда қандай аниқ бузилишга йўл қўйилганини ва бу меҳнат шартномасини бекор этишга асос бўла олиши мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқламоғи зарур. Меҳнат шартномасининг Меҳнат кодексининг 106-моддасининг 4-банди бўйича бекор этилишига, агар ишга қабул қилинишдаги бузилишни тузатиш мумкин бўлмаса ва бу ишни давом эттиришга тўсқинлик қилган ҳолдагина йўл қўйилиши мумкинлигини ёдда тутмоқ зарур бўлади.


Юқоридагиларга кўра, ходим эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Чунки, айбсизлик презумциясига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.


Қачон шахснинг айби аниқланиб, суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилса, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-банди билан бекор қилиниши мумкин.

«ЎҒЛИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ЎЗГАРТИРГАНИ ВА АЛИМЕНТ ОЛАЁТГАНИ УЧУН ШИКОЯТ ҚИЛСАМ БЎЛАДИМИ?»

— Бир нафар болага алимент тўлардим. Яқинда собиқ хотиним ўтган йили турмушга чиққани ва эри ўғлимни фарзандликка олганини билиб қолдим. Менинг розилигимсиз бу ишни қандай қилган билмайман. Сўрамоқчи бўлганим, розилигимсиз ўғлимнинг фамилиясини ўзгартиргани ва шунча пайтдан бери алимент олиб келаётгани учун устидан шикоят қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Рустам Норхужаев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судяьси:


— Оила кодексининг 151-моддасига асосан фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.


Ушбу Кодекснинг 159-моддасига кўра, болани фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг розилиги талаб этилади.
Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги нотариал тасдиқланган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола жойлашган муассаса раҳбари томонидан ёки фарзандликка олиш амалга оширилаётган жойдаги ёхуд ота-она доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тасдиқланган аризада баён этилган бўлиши керак, шунингдек фарзандликка олиш тўғрисида иш юритилаётганда бевосита судда баён этилиши мумкин.


Суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар ота-она боланинг фарзандликка олинишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.


Оила кодексининг 160-моддасида фарзандликка олишда ота-онанинг розилиги талаб қилинмайдиган қуйидаги ҳолатлар белгилаб қўйилган:


• ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;


• ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;


• ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;


• ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Шу сабабли агар болангизни фарзандликка олишда белгиланган тартибда сизнинг розилигингиз олинмаган бўлса, шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган ота-онанинг розилиги талаб қилинмайдиган ҳолатлар, жумладан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлмасангиз, фарзандликка олиш ҳақидаги ариза бўйича чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан қонунда белгиланган тартибда апелляция шикояти билан юқори турувчи судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.


Оила кодексининг 147-моддасига асосан алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.

Суд тартибида ундириладиган алимент тўлаш:


• бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;
фойдасига алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;


• суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;


• меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;


• алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда тугатилади.

Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, болангиз фарзандликка олинган бўлса, унинг таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятингиз ҳам тугайди.


Оила кодексининг 143-моддасига кўра, алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:


• алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;


• алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;


• алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар вояга етмаган боланинг ёки вояга етган муомалага лаёқатсиз алимент олувчининг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.

“ЗАГС”ИМИЗ ЙЎҚЛИГИ УЧУН УЙГА ДАЪВО ҚИЛА ОЛМАЙМАНМИ?

— Турмуш ўртоғим билан 15 йил бирга яшадик. Бир неча йиллар олдин Россияга ишлагани кетиб, ўша ёқларда уйланиб олди. Яқинда эса хотини ва фарзанди билан қайтиб келиб, биз яшаётган уйга жойлашди, бизни уйдан ҳайдаб чиқарди. Ҳовли қайнонамнинг номида, “пропискам” йўқ. Эрим ўз машинасини ҳам укасининг номига ўтказиб олибди. Ҳозир онамни уйида яшаяпмиз. Уч болам билан энди қаерга борамиз? Эрим “ЗАГС”имиз йўқлиги учун уйга даъво қила олмаслигимни айтди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди.

Зиёда Солиева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Оила қонунчилига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.


Уй-жой қонунчилигига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.

 

Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.


Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.


“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

 

Бугунги кунда турмуш ўртоғингиз ва қайнонангиз томонидан уйга кириб яшашингизга қаршилик кўрсатилганлигини ва сизнинг вояга етмаган фарзандингиз билан яшаш учун бошқа турар-жойингиз йўқлигини билдиргансиз.

 

Сиз низоли хонадонга мулкдорнинг розилиги асосида келин бўлиб келганингизни инобатга олганда, ўртангизда уйда яшаш муддати тўғрисида бирон-бир ёзма келишув бўлмаса, ушбу турар жойда олти ой давомида фойдаланиш ҳуқуқингиз сақланиб қолади. Сиз вояга етмаган фарзандингиз билан уйга киритишни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин.

КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ: НИЗО ПРЕДМЕТИ ВА ЕЧИМ

Корпоратив бошқарув соҳасида муайян қарорнинг қабул қилиниши икки ва ундан ортиқ шахсга боғлиқ бўлиб қолганда келишмовчиликлар вужудга келиши табиий ҳол. Ушбу шахсларнинг манфаатдорлиги, дунёқараши ва фикрларининг хилма-хиллиги нуқтаи назаридан қараганда, бу каби ҳолларда ўзаро мақбул бир тўхтамга келиш энг тўғри йўл ҳисобланади.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иштирокчилар ўртасидаги келишмовчиликлар  кейинчалик масъу­лияти чек­ланган ёки қўшимча масъулиятли  жамиятнинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиб, айрим ҳолларда уларнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бундай келишмовчиликларни ҳал этиш ва олдини олиш учун корпорациялар иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини  ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг моддий  ҳамда процессуал ҳуқуқий асос­ларини мус­таҳкамлаш зарур.

 

Хусусан, “Масъулияти чекланган жамиятлар ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга кўра, бундай шаклдаги корхона ёки корпорацияни бошқаришда иштирок этиш иштирокчининг номулкий ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликда, шунингдек, жамият таъсис ҳужжатлари ёки умумий йиғилиш қарори билан қабул қилинган бошқа ички меъёрий ҳужжатларда ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

 

Бугунги кунда корпорацияларнинг ички ҳуқуқий муносабатлари, корпоратив бошқарув ва муносабатлар соҳаси етарлича ўрганиш ва тартибга солишни талаб қиладиган соҳалардан биридир. Бу борада қонунчиликда бўшлиқлар мавжуд ва қонунни татбиқ қилиш амалиёти етарлича шаклланмаган.

 

Худди шу сабабли суд амалиётида мазкур тоифадаги низоларни ҳал этиш билан боғлиқ мураккаб ва мунозарали масалалар юзага келмоқда.

 

Шулардан бири иштирокчиларнинг умумий йиғилишини чақириш билан боғлиқ низолар ҳисобланади.

 

Иқтисодий процессуал кодекснинг 30-моддаси биринчи қисми 6-бандида юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низоларнинг ҳуқуқий ечими кўрсатилган. У айнан ушбу жараёндаги низолар вужудга келганда иштирокчи ёки ҳуқуқи бузилган тарафнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ва унинг суд томонидан ҳимоя­сини таъминлашга қаратилган.

 

Айни чоғда “Масъулияти чекланган жамиятлар ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига кўра, навбатдан ташқари умумий йиғилиш жамиятнинг уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек, агар бундай умумий йиғилишни ўтказишни жамият ва  иштирокчиларининг манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилади.

 

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши зарур ҳолларда жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан унинг ташаббусига биноан чақирилиши ҳам мумкин.

 

Суд амалиётида умумий йиғилиш билан боғлиқ низолар аксарият ҳолларда иштирокчиларнинг ҳуқуқларини амалга оширилишига тўсқинлик қилингани, яъни умумий йиғилишни чақириш тартиб-таомилларига риоя қилинмаслиги ёки ушбу таомилларнинг  қонунчиликка мувофиқ равишда амалга оширилмагани натижасида  келиб чиқаётгани кузатилмоқда.

 

Бунга бир ҳаётий мисол:

 

“Projekt Montage Engineering” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ҳ. Ҳусанова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Қоракўл туманлараро иқтисодий судига корхона ҳамда унинг иккинчи таъсисчиси С. Содиқовага нисбатан  даъво аризаси билан мурожаат қилиб, уларга жамият таъсисчиларининг навбатдаги умумий йиғилишини чақириш ҳамда жамият молиявий ҳисоботлари тўғрилигини, бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибининг белгиланган талабларга мувофиқлигини ва соф фойда миқдорини аниқлаш учун аудиторлик текширув ўтказиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Даъво аризасида баён этилишича, масъулияти чекланган жамиятнинг иккинчи таъсисчиси ва директори ўзаро тил бириктириб, корхона фаолиятига оид ҳужжатларни унга бермаган, ишламайдиган ходимларга ойлик иш ҳақи ёзган, хизмат сафарлари мақсадида пул маблағларини ўзлаштирган, дивидендларни тақсимламаган ва корхонага зарар келтирган.

 

Ушбу ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида даъвогар корхонага 2020 йил 26 мартда хабарнома билан мурожаат қилган ва 2020 йил 27 апрель куни соат 10.00 да Тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг Бухоро шаҳар бўлими биносида корхонанинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақирган.

 

Бироқ жамият иккинчи таъсисчи томонидан даъвогарни таъсисчилар сафидан суд тартибида чиқариш тўғрисида даъво аризаси киритилгани, ушбу масала судда кўриб чиқилгунга қадар умумий йиғилиш чақириш масаласи кўриб чиқилмаслиги маълум қилинган. Қисқаси, даъвогарнинг умумий йиғилишни чақириш тўғрисидаги таклифи корхона томонидан рад этилгани  низонинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

 

Суд ушбу ҳолатда корхона томонидан даъвогарнинг умумий йиғилиш чақириш тўғрисидаги талабини рад этиш асос­лари қонун ҳужжатида мавжуд эмаслиги, Иқтисодий процессуал кодекснинг 30-моддаси биринчи қисми 7-бандига асосан юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар корпоратив низолар жумласига кириши, даъвогар корхонага 2017 йил 18 июлда таъсисчи бўлиб кирганини инобатга олиб, унинг корхонага нисбатан 2017-2019 йиллар учун йиллик натижаларини тасдиқлаш мақсадида масъулияти чекланган жамият таъсисчиларининг навбатдаги умумий йиғилишини чақириш мажбуриятини юклаш талабини қаноатлантирган.

 

Ваҳоланки, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси ўн биринчи қисмига кўра, агар ушбу қонунда белгиланган муддат ичида жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни ўтказишни талаб қилаётган органлар ёки шахслар томонидан чақирилиши мумкин.

 

Бошқача айтганда, ушбу ҳолатда масъу­лияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахснинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситаси сифатида судга даъво киритиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.

 

Шу ўринда суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятларда умумий йиғилишни чақириш тартиби билан боғлиқ амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва суд амалиётида қонунчиликни бир хилда қўллаш юзасидан бир қатор  таклифларни билдирмоқчимиз.

 

Биринчи таклиф. Бугунги кунда илм-фан ва технология ютуқлари кенг жорий қилинаётгани, электрон шаклда иш юритиш асослари ривожланаётгани ва амалиётда иштирокчиларни умумий йиғилиш ҳақида хабардор қилиш жараёнидаги ноқулайликларни бартараф қилиш ҳамда иштирокчиларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, бу борада юзага келадиган низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж бор.

 

Шу боис иштирокчиларни умумий йиғилиш ҳақида хабардор қилиш усуллари сирасига электрон хабар ёки электрон почтадан фойдаланишни назарда тутиш билан боғлиқ қоидаларни жорий этиш мақсадга мувофиқ.

 

Хусусан, умумий йиғилиш ҳақида иштирокчиларни хабардор қилиш юзасидан “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга қуйидаги мазмундаги янги модда киритиш зарур:

 

“33-1-модда. Тегишли тарзда хабардор қилиш

 

Агар жамият иштирокчиси умумий йиғилиш ўтказишнинг вақти ва жойи ҳақида  ушбу қонунда назарда тутилган усуллардан бири орқали хабардор қилинган бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.

 

Жамият иштирокчиси қуйидаги ҳолларда ҳам жамият томонидан жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади, агар:

 

хабарнома йўлланган иштирокчи хабарномани олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса;

 

жамият томонидан иштирокчи юридик шахснинг жамиятга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган хабарномани олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси жамиятни хабардор қилган бўлса;

 

хабарнома жамият томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, электрон хабар юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса”.

Иккинчи таклиф.

Иштирокчиларнинг корпоратив муносабатлардаги масъу­лиятини ошириш мақсадида амалдаги қонуннинг 9-моддаси биринчи қисми янги учинчи-тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилиши лозим. Шунда мазкур модда қуйидагича баён этилади:

“9-модда. Жамият иштирокчиларининг мажбуриятлари

 

Жамият иштирокчилари:

 

ушбу қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшиши;

 

жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслиги;

 

ўзига оид маълумотлардаги ўзга­риш­­лар ҳақида жамият ижро органини ўз вақтида хабардор қилиши;

 

ҳуқуқларини суиистеъмол қилмаслиги шарт.

 

Жамият иштирокчиларининг қонунчилик ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин”.

Учинчи таклиф. Қонунчиликка қонун ва жамият уставида  белгиланган муддатларда умумий йиғилиш чақирилмаган ҳолларда умумий йиғилишни ўтказишга масъул шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қоидаларни киритиш лозим. Бу амалиётда жамиятнинг умумий йиғилишини ўтказиш борасида учраётган қонун бузилиш ҳолатлари, жамият йиллик ҳисоботлари, дивидендлари билан боғлиқ масалаларнинг ўз вақтида ҳал қилинмаслиги каби ҳолатларни бартараф қилишга, жамият масъул шахслари ва органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Тўртинчи таклиф. Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорини қуйидаги мазмундаги 16.1-банд билан тўлдириш тавсия этилади:

 

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси биринчи қисми ўн олтинчи хатбошисига кўра, “агар ушбу қонунда белгиланган муддат ичида жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни ўтказишни талаб қилаётган органлар ёки шахслар томонидан чақирилиши мумкин”, деб белгиланган.

Шу муносабат билан эътиборга олиш керакки, жамият иштирокчиси ёки юридик шахс органи (тузилма – яъни жамият кузатув кенгаши, жамият тафтиш комиссияси (тафтишчиси) томонидан жамиятга нисбатан берилган жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилинганда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади”.

 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу таклифларнинг инобатга олиниши  келгусида иштирокчилар умумий йиғилишини чақириш бўйича келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга қонуний асос вазифасини ўтайди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини одил суд томонидан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Мақсудбек САИДОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари —
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси 

ЭР ЎЗ ХОТИНИНИ УНИНГ РОЗИЛИГИСИЗ ИШДАН БЎШАТИШИ МУМКИНМИ?

— Қизим археолог. Эри директор бўлган ташкилотга ишга кирганидан сўнг кўп ўтмай бўйида бўлиб, “декрет”га чиқди. Бу орада куёвимни бир аёлга илакишиб қолганини билдик. Эр-хотин шу масалада кўп тортишганлиги боисми ёки бошқа сабаби борми, хуллас, эри қизимни ишдан бўшатиб юборди. Ваҳоланки, “декрет”даги ходимни ишдан бўшатиб бўлмаслигини яхши билади. Бу вазиятда қизимни қандай ҳақ-ҳуқуқи бор? Қизимнинг айтишича, эри билан жанжаллашгани учун атай шундай қилганмиш. Эри бўлса ҳам, ходими бўлган аёлини ўзининг розилигисиз ишдан бўшатиши мумкинми?

Исми сир тутилди

Фахриддин Бахронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Аввало айтиш жоизки, Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

 

Худди шу норма Меҳнат кодексида ҳам қайд этилган бўлиб, кодекснинг 6-моддасига биноан, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

 

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Савол муаллифининг маълумотига кўра қизининг турмуш ўртоғи ташкилот раҳбари лавозимида ишлаб келиб, қизининг меҳнатга оид юқорида қайд қилинган ҳуқуқларини бузган, ўзининг турмуш ўртоғи ва ташкилот ходими билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан қасддан бекор қилиб, ходимнинг меҳнат қилиш ва ундан келиб чиқиувчи ҳуқуқларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонун талабларини бузган.

 

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 100-моддасига мувофиқ, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.

 

Қайд қилиш керакки, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмида  меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдирувчи сабаблар кўрсатилган бўлиб, оилавий келишмовчиликлар, саволда қайд қилинган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар бундай сабаблар қаторида қайд қилинмаган.

 

Бундай ҳолатда ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ходим нима қилиши керак, ўз ҳуқуқларини қандай тиклаши керак?

 

Конституциянинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Худди шундай, Меҳнат кодексининг 8-моддасига кўра, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади.

 

Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

 

Низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилади.

 

Бундай ҳолда савол муаллифига қизи буйруқ нусҳасини олган кундан бошлаб қонунда белгиланган бир ойлик муддатни ўтказиб юбормасдан ташкилот жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга ишга тиклаш, мажбурий прогул учун ҳақ ундириш, маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси киритишни тавсия қиламиз. Чунки, қонун талаби бўйича суд томонидан ҳуқуқ бузилганлиги аниқланган тақдирда ҳам, агар қонунда судга мурожаат қилишнинг белгиланган муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилса ва тараф муддатни қўллаб аризани рад этишни талаб қилса, суд ҳуқуқни тиклашни рад этиши мумкин.

 

Таъкидлаш жоизки бундай даъволар бўйича ходимлар суд харажатларидан тўла озод қилинган.

МУЛКДОРНИНГ КЕЛИНИ УЙ СОТИЛИШИГА ҚАРШИ БЎЛСА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?

—  «Дом»ни сотиб, кичкинагина ҳовли олиш учун “заклад” бериб қўйгандик. Кейин билсак, уй эгасининг ўғли хотини билан ажрашаётган экан. Келин «прописка»дан чиқаришга ҳаққингиз йўқ, уй олиб бермасангиз, чиқмайман», деб шарт қўйибди. Биз эрта-индин пулнинг қолганини ҳам бериб, уйни номимизга расмийлаштирмоқчи эдик. Агар уй эгасининг келини уй сотилишига қарши бўлса, биз нима қиламиз? Кейин ҳам “чиқмайман”, деб туриб олса-чи?

Исми сир тутилди.

 Зулфия НУРАЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

 

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Фуқаролик кодексининг 5-моддасига асосан, қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги).

 

Кўрсатиб ўтилган ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади.

 

Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

 

Суд жавобгар (келин) низоли уйда олти ойдан ортиқ яшамаслик ҳолатини суд мажлисида сўралган гувоҳларнинг кўрсатмаларидан ташқари, ишга тақдим қилинган маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланган далолатнома билан ва ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ҳам танишиб, ва ушбу холат ўз тасдиғини тўлиқ топган бўлиши керак.

 

Қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, суд жавобгар яъни келин низоли хонадонда яшамаслигига, уйни коммунал ва бошқа тўловларини тўлашда иштирок этмаслигига, уйнинг мулкдори бошқа инсон эканлигига, низоли хонадон эр-хотиннинг турмуш даврида орттирилган умумий мулки эмаслигига ёки келин уй-жойнинг ҳусусийлаштирилишида иштирок этмаганлигига (кўп қаватли уйлардаги хонадонга тегишли) ҳуқуқий баҳо бериб, жавобгарни уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишни мақсадга мувофиқ деб хисоблаши мумкин.

 

Фуқаролик кодексининг 488-моддасига асосан, сотувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти – бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатдир. Уй, квартирани, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 

Олий суди Пленумининг 2001 йил 14-сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарори 5-бандининг 6-қисмига кўра, нотариал тартибда тузилган уй-жой шартномасида сотувчи ва унинг оила-аъзоларининг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.

 

ФПКнинг 54-моддасига кўра, фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади.

ХУСУСИЙ БОҒЧАДА «ДЕКРЕТ ПУЛИ» БЕРИЛМАЙДИМИ?

— Келиним хусусий боғчада ишларди. Яқинда туғруқ таътилига чиқди. Айтишича, хусусий боғча бўлгани учун «декрет пули» берилмас эмиш. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Икромжон Курбанбаев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Авваламбор амалдаги Меҳнат кодексининг 14-моддасига кўра, белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин.


Мазкур кодекснинг 15-моддаси, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.


Мазкур кодекснинг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.


Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Мазкур кодекснинг 286-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.


Мазкур кодекснинг 287-моддасига кўра, бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақанинг миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПФ-175-сон Фармонига асосан фаолият туридан қатъий назар юридик шахс ташкил қилиб, фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган аёлларга “декрет” пулининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади.
Қолган қисми тадбиркор томонидан тўлаб берилади.


Юқоридагиларга кўра Сизнинг келинингизга “декрет пули” берилиши лозим бўлади ва агарда бу масалада низо юзага келадиган бўлса тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

ЎТГАН ДАВР УЧУН ҲАМ АЛИМЕНТ ТАЛАБ ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?

— 2018 йил алиментга ариза бергандим. 4 ойдан кейин қайтариб олдим, боламни отаси 2 ой тўлади, холос. Ўтган йили собиқ эрим уйланди. Судга икки нафар болага алимент тайинлашни сўраб мурожаат қилдим. Ўтган йиллар учун ҳам алимент талаб қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Саволга аниқ жавоб бериш учун сиз муқаддам алимент ундириш учун берган ариза асосида қабул қилинган суд ҳужжатини “қайтариб олганлигингиз” ҳолатига аниқлик киритиш лозим бўлади. Агарда “қайтариб олдим” деганда алимент ундириш ҳақидаги ижро варақасини мажбурий ижро бюросидан қайтариб олганлигингизни назарда тутган бўлсангиз, муайян муддат ўтганидан кейин такроран ушбу ижро варақасини мажбурий ижро бўлимига топширишда ҳеч қандай тўсқинлик мавжуд эмас.


Зеро, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни 27-моддасининг 5-қисмига кўра, Даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) суд ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатлари тўловларни ундиришнинг белгиланган бутун даврида ўз кучини сақлаб қолади.

 

Шунга кўра, сиз эндиликда алимент тўловларини давом эттиришни истасангиз, такроран судга бу ҳақида билан ариза билан мурожаат қилиш зарурати мавжуд эмас, мажбурий ижро бўлимидан қайтариб олинган ижро варақаси такроран топширилиши лозим.


Агарда, “қайтариб олдим” деганда алимент ундириш ҳақида чиқарилган суд буйруғини бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилган бўлсангиз, бу ҳолатда судга янгидан алимент ундириш ҳақида ариза билан мурожаат қилишингиз лозим бўлади.


Оила кодексининг 136-моддасига кўра, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.


Шу билан бирга, мазкур модда 136-модда талабларига кўра, алимент ўтган давр учун уч йиллик муддат доирасида ундирилишига ҳар қандай ҳолатда ҳам эмас, фақат таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги асос бўлади.

Skip to content