Қидирув:

«ЭРИМНИНГ ФАРЗАНДИГА 18 ЁШДАН КЕЙИН ҲАМ АЛИМЕНТ ТЎЛАЯПМИЗ»

— Турмуш ўртоғимнинг биринчи турмушидаги фарзандига 18 ёшга тўлганидан сўнг ҳам алимент тўлаяпмиз. Уни тўхтатиш учун МИБга мурожаат қилса, «Собиқ рафиқангиз алиментни тўхтатиш учун ариза ёзиши керак», дейишибди. Шу тўғрими? Ахир фарзанд 18 ёшга тўлганидан сўнг алимент бирдан тўхтатилмайдими?.. Зиёд тўлаган алимент пулини қайтариб олишимиз мумкинми?

Исми сир тутилди

АРИЗА ЁЗИШ КЕРАКМИ?

— Қонунчиликка асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Ушбу мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёхуд суд буйруғига асосан, алимент ундирилади. Ушбу қонун нормаларидан ота (она)нинг фарзандига нисбатан алимент мажбуриятлари бола вояга етгунига қадар амалда бўлади. Фақат Оила кодексининг 100-моддасида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

 

Қонун ҳужжатларида бола вояга етиб, алимент тўлашни тугатиш вужудга келганда она (ота) томонидан бу ҳақда ариза берилиши назарда тутилмаган.

 

Таъминоти учун суд томонидан алимент ундирилаётган бола вояга етганидан сўнг ота (она)нинг ушбу болага нисбатан алимент мажбуриятлари бекор бўлади. Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан юритилаётган ижро иши Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни талаблари асосида тугатилишига асос бўлади.

 

ҚАЧОН ТЎХТАТИЛАДИ?

— Алимент мажбуриятларини тартибга солувчи амалдаги қонунчиликда алиментни бекор қилиш назарда тутилмаган.

 

Оила кодексининг 132-моддасида алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши асослари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади.

 

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

 

Оила кодексининг 147-моддасига кўра, алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.

 

Суд тартибида ундириладиган алимент тўлаш:

 

– бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;

 

фойдасига алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;

 

– суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;

 

– меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;

 

– алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда тугатилади.

ҚАЙТАРИБ ОЛИШИ МУМКИНМИ?

— Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида бола таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти бола вояга етгунига қадар бажарилиши кўрсатилган. Ортиқча ундирилган алиментлар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қаралиб, уни қайтариш асослари Фуқаролик кодексида белгиланган.

 

Фуқаролик кодексининг 1030-моддаси талабларига асосан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғликка етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда, асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди.

 

Дилшод Ҳасанов,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро суди судьяси

«ЁШ БОЛАЛИ ОНА БЎЛСАМ ҲАМ ИШДАН БЎШАТИШЛАРИ МУМКИНМИ?»

— Икки ёшга тўлмаган фарзандим бор, лекин раҳбарим иш ўринлари қисқараётганлигини важ қилиб мени ишдан бўшатмоқчи. Ёш болали аёл сифатида қандай меҳнат ҳуқуқларим бор?

Исми сир тутилди

— Конституциянинг 65-моддасида оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган.

 

Мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт”.

 

Хотин-қизларнинг меҳнат қилиш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигида аёлларга қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар кўзда тутилган.

 

Жумладан, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

 

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади.

 

Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида юқорида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

 

Шу билан бирга, ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир.


Ҳомиладор аёлларга ва болали бўлган аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, тегишлича ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин берилади.

 

Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра ёз вақтида ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади.
Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

 

Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.

 

Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.

 

Аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари (боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таъмил берилганда) сақланиб қолади.

 

Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.

 

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.

 

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.

 

Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

 

Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади.

 

Мурожаатда сўралган саволга келсак, Меҳнат кодексининг 237-моддасига мувофиқ, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади. Яъни, иш ўринлари қисқараётганлиги муносабати билан икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

 

Муқаддас ГУЛАМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси

ТОШКЕНТДА «ТЕЗ ЁРДАМ» ҲАЙДОВЧИСИНИНГ ҚОИДАГА БЎЙСУНМАГАНИ БЕМОР АЁЛГА ҚИММАТГА ТУШДИ

Инсон ҳаёт чорраҳаларида билиб-билмай хатоликларга йўл қўйиши оқибатида яхшигина дарс олади. Бу жараёнда энг муҳими тўғри хулоса чиқара олишда. Бироқ шундайлар борки, боши деворга бир маротаба урилган бўлишига қармай, яна ўша “кўча”га кираверади. 39 ёшли “қаҳрамони”миз ҳам ана шу тоифа кишилардан. Йўқса, бир гал транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” жиноятини содир қилиб, кейин эса ўзи одамларнинг саломатлиги йўлида камарбаста бўладиган шахслардан бири бўла туриб “қасддан баданга енгил шикаст етказиш” жиноятига қўл урмаган бўларди. Икки маротаба билмай хато қилганда, дерсиз. Лекин учинчи бор ҳам айни биринчи хатосини такрорлаганига нима дейсиз?

 

Гап шундаки, судланувчи тез тиббий ёрдам автомашинаси ҳайдовчиси. Воқеа содир бўлган куни кечки соат 19:30 ларда “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автомашинасида Олмазор тумани, А.Қодирий кўчаси томонидан Қорасарой-Нурафшон кўчалари кесишган чорраҳаси томонга ҳаракатланиб борган.

 

Унга нисбатан светофорнинг қизил чироғи ёнишига қарамасдан, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, унга нисбатан бошқа ҳаракат қатнашчиларининг йўл берганлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан, Йўл ҳаракати қоидаларининг 25, 77-бандлари талабларига риоя қилмай чорраҳани кесиб ўтаётган вақтида, унга нисбатан ўнг томондан, яъни Себзор-Нурафшон кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб келиб светофорнинг яшил чироғига ўз ҳаракатини бошлаётган ҳайдовчи бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинаси билан тўқнашув содир қилган. Натижада “Дамас”да бўлган йўловчи аёл оғирлик даражасига кўра ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жарохати олган.

 

Бироқ судланувчи суд мажлисида айбига иқрор бўлмаган.

 

— Иш жойимдан ёрдамчи куч сифатида ишга жўнатилдим ва менга “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автомашинаси бириктирилди. Воқеа содир бўлган куни соат 18:30 ларда Олмазор тумани Қорасарой кўчасидаги уйдан хабар тушгач, шифокорлар билан манзилга етиб бордик. Ушбу хонадонда 2 нафар касалланган бемор бор эди. Уларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш кераклигини инобатга олиб, шифокор кўрсатмасига асосан уларни 2-Тошкент тиббиёт академиясига олиб кетдик.

 

“Дамас”да кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифасини бажариш учун кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчаси ёқилган ва махсус товушли ишорани ёққан ҳолда, Олмазор тумани Қорасарой кўчаси бўйлаб 50 км/соат тезликда ҳаракатландим. Ёнимда ўтирган шифокор сиренани ёққан ҳолда “рупр”да гапириб келди. Йўналишим бўйича олдинда чорраҳагача автомашиналар кўплиги сабабли йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, чорраҳага кириб бордим.

 

Қорасарой-Нурафшон кўчалари кесишган чорраҳага келиб, аввал чап томондан келаётган қатор автомашиналар мени ўтказиб юбориши учун тўхтаганим сабабли чорраҳага кириб, чорраҳа ўртасида тўхтаб, кўчанинг ўнг томонидан, яъни Себзор кўчаси томонидан келаётган автомашиналар тўхтаб мени ўтказиб юбораётганлигини кўриб, олдинга 30 км/соат тезликда ҳаракатланиб, чорраҳа чегарасидан чиқиб кетиш учун жуда кам масофа қолганида менга нисбатан ўнг томонидан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи бошқарувидаги “Ласетти” автомашинаси мени ўтказиб юбормасдан, чорраҳага ҳаракатланиб кирди. Натижада тўқнашув содир қилди, “Дамас” автомашинаси ағдарилиб кетди.

 

Чорраҳага қизил чироқда кирмадим, у ҳайдовчи бошқарувидаги “Ласетти”нинг йўналиши бўйича ҳайдовчини олдида бошқа автомашиналар бўлмаган. Шу сабабли уни тўқнашувгача йўналиши бўйича уч ёки тўртта автомашина тўғрига ўтиб кетган, – дейди судланувчи.

Қайнонаси иккаласи “COVID-19” инфекцияси билан касалланганлиги сабабли тез тиббий ёрдам чақирганини маълум қилган жабрланувчи ҳам ўша куни шифокорлар уларни “Дамас” тез тиббий ёрдам автомашинасида шифохонага олиб кетишаётганида тўқнашув содир бўлганини маълум қилган.

 

— “Дамас” автомашинаси ағдарилиб, бизни бошқа тез тиббий ёрдам автомашинага ортиб шифохонага олиб кетишди. Мен “Дамас”нинг орқа тарафида ўтирганим сабабли “Ласетти” русумли ва “Дамас” русумли автомашиналарнинг ҳаракатини аниқ кўрмадим.

 

ЙТҲ натижасида оғир тан жарохати олдим, – дейди йўл транспорт ҳодисаси натижасида уни соғлиғини тиклаш учун амалга оширилган жарроҳликда 36 129 933 сўм моддий зарар етказилганини ва унга етказилган маънавий зарар миқдори 20 000 000 сўмни ташкил қилишини билдирган жабрланувчи. 

 

— Соғлиғимга шикаст етказилганлиги оқибатида меҳнатга яроқсиз бўлиб, ишлай олмаётганим боис 8 000 000 сўм иш ҳақини йўқотиб, маҳрум бўлдим, – дея сўзини давом эттирган жабрланувчи моддий, маънавий зарарни ҳамда йўқотилган иш ҳақини ундиришни сўради.

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Судланувчидан Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси махсуслаштирилган автохўжалиги давлат муассасаси фойдасига 10 297 120 сўм, жабрланувчига 15 603 223 сўм моддий ва 5 575 000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

 

Хуршид Содиқов,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

ОАВ СУД МУҲОКАМАСИ НАТИЖАЛАРИНИ ОЛДИНДАН ЎЗИЧА ҲАЛ ҚИЛИШГА, ТАЪСИР КЎРСАТИШГА ҲАҚЛИ ЭМАС

Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар “ANOR BANK” АЖ ва “KOMIL UNSUR” МЧЖ (“SOF.UZ”) ўртасида иқтисодий низо кўриляпти.

 

Ушбу низо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши томонидан расмий баёнот берилганлигига қарамасдан, муаллифи аниқ бўлмаган Kompromatuzb телеграм канали туманлараро иқтисодий суд ва олий суд раҳбариятига нисбатан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, судни обрўсизлантиришга қаратилган туҳматдан иборат ахборот тарқатишда давом этмоқда.

 

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай даъво ариза судьяларга электрон тизим тақсимоти орқали тақсимланади. Яъни, жараёнга суд раиси ҳам, бошқа бир инсон омили ҳам аралаша олмайди.

 

«Ушбу низонинг кўрилаётганлигидан ижтимоий тармоқлар ва менга алоқага чиққан блогерлардан эшитиб хабардор бўлдим. Судда фаолият юритаётган давримдан бери ҳали бирор марта Олий суд раҳбарига рўбарў келмадим. Постда келтирилган «Очко» масаласига келсак, суд раҳбариятида эътиборга эҳтиёж бўлмаганидек, мен ҳам «очко»га муҳтож эмасман. «Маёна» борасидаги ахборот эса, туҳмат, асосиз айблов ва шахс-муаллифнинг ўз дунёқараши ҳамда савия даражаси, нимага мойиллигидан келиб чиқиб, ишлатилган сўздир», дея муносабат билдиради Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Нуриддин Муродов.

 

Эслатиб ўтамиз,  «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 65-моддасига кўра, давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт. Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Шу қонуннинг 66-моддасида эса судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин, таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.

 

Шунингдек, судья барча даражадаги суд раисларидан мустақил тарзда, қонунга мувофиқ иш олиб боради. Суд раислари судья фаолиятига аралашмайди.

 

Демак, юқоридаги ҳолат муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида суд раҳбарияти ва судьяга қандай бўлмасин таъсир кўрсатишга қаратилган ҳаракатдир.

“ЭСКИ ЖУВА” БОЗОРИДА ПИРОТЕХНИКА БИЛАН ҚЎЛГА ТУШГАН ЙИГИТГА ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган 2002 йилда туғилган ҳуқуқбузарга оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилди.


Иш ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Эски Жува” дехқон бозорида миллий гвардия ходимлари томонидан текширув ўтказилган. Ҳуқуқбузарни ёнида 1 қути (10 дона) миқдордаги “Ноыий век” перотехника воситаси борлиги аниқланиб, перотехника воситалари далилий ашё тариқасида олинган.


Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар ўз кўрсатмасида “ўтказилган текширувда ёнимда 1 қути “Ноыий век” перотехника воситаси борлиги аниқланди. Қилмишимдан пушаймонман. Бу каби ҳолат бошқа такрорланмайди”, дея суддан енгиллик сўради.


Суд ишни атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузарга жарима жазони тайинлашни, ҳамда далилий ашё тариқасида олинган перотехника воситаларини тегишли тартибда йўқ қилишликни лозим топади.

 

Толибжон Обидов, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди раиси:


— Суднинг қарорига кўра, ҳуқуқбузар МЖтКнинг 185-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида, яъни 1 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

 

Жарима давлат фойдасига ундирилиши ва далилий ашё тариқасида олиниб, 1 қути (10 дона) миқдоридаги “Ноыий век” перотехника воситалари тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

ПИРОТЕХНИКА БУЮМЛАРИНИ ҚОНУНГА ХИЛОФ МУОМАЛАСИ УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК БОР?

Янги йил байрами деганда ранг-баранг чироқлар, безаклар ва мушакбозликлар киши кўз ўнгида гавдаланади. Айни шу сабаб ҳам харидори болалар бўлган хавфли “ўйинчоқлар” – пиротехника воситаларининг савдоси авж олади. Пайтдан унумли фойдаланиб қолишни истовчи “тадбиркорлар”нинг мақсади аниқ – хамённи тўлдириш! Лекин фарзандига қувонч бағишлаш учун харидор бўлаётган айрим ота-оналар лаҳзалик “маза” ортидан келадиган “аъза”ни ҳам ўйлашса ёмон бўлмасди. Чунки, ҳар йили Янги йил арафасида ва байрамдан сўнг пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар туфайли оғир аҳволда шифохонага мурожаат қиладиган беморлар, жавобгарликка тортилаётган “тадбиркор”лар сони ҳам оз эмас…

 

Статистикага тўхталадиган бўлсак, Тошкент шаҳридаги жиноят ишлари бўйича судларда 2022 йил давомида 248 нафар шахсга нисбатан 218 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб тамомланган. Шундан, 210 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар бўйича 238 нафар шахсга жарима жазоси тайинланган. Ушбу ишлар бўйича ашёвий далил сифатида олинган 2245 қутидаги 296 081 дона баҳоси 145 693 054 сўмлик пиротехника воситалари йўқ қилиниши белгиланган.

 

Худди шу давр мобайнида 17 нафар шахсга нисбатан 8 та жиноят ишлари кўриб тамомланган ва уларнинг барчасига айблов ҳукмлари чиқарилган. Судланганларнинг 1 нафарига жарима, 1 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 5 нафарига озодликни чеклаш, 9 нафарига озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган, 1 нафарига эса бошқа асосга кўра ҳукм чиқарилган. Ушбу ишлар бўйича ашёвий далил сифатида олинган 4510 қутидаги 39 742 638 дона баҳоси 156 424 940 сўмлик пиротехника воситалари йўқ қилиниши белгиланган.

 

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда муомалага киритган “тадбиркорлар”га эслатиб ўтмоқчи эдик, бу ҳаракат учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси ва Жиноят кодексининг 250-1-моддасига кўра жавобгарлик белгиланган.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасига кўра, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

“Жарима жазоси билан қутилиб қолдим…” дея ўз “фаолияти”ни давом эттирадиган устамонларга жиноий жавобгарлик ҳам борлигини эслатиб ўтишни жоиз топдик.

 

МАЪМУРИЙ ЖАЗО ҚЎЛЛАНИЛГАНИДАН КЕЙИН СОДИР ЭТИЛГАН БЎЛСА…

Аниқроғи, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

БАДАНГА ЎРТАЧА ОҒИР ЁКИ ОҒИР ШИКАСТ ЕТКАЗИЛИШИГА САБАБ БЎЛСА…

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – кўп миқдорда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса; баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

ОДАМ ЎЛИШИГА САБАБ БЎЛГАНИДА НЕЧА ЙИЛГАЧА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ?

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш жуда кўп миқдорда; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса; одам ўлишига сабаб бўлганида эса 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

ОҒИР ОҚИБАТЛАР КЕЛИБ ЧИҚҚАНИДА ЭСА…

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ­ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ­улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – одамлар ўлимига; бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Дилшод Камилов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа туман суди раиси

“ЎРИКЗОР САВДО КОМПЛЕКСИ”ДА ҚЎЛГА ТУШГАН ВА СУД МАЖЛИСИГА БОРМАГАН ҲУҚУҚБУЗАР…

29 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида, очиқ суд мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан 2000 йилда туғилган йигитга оид маъмурий иш кўриб чиқилди.  

 

 Маълум бўлишича, ҳуқуқбузар Учтепа туманида жойлашган “Ўрикзор савдо комплекси” АЖнинг ҳудудида ҳеч қандай хужжатларсиз, 20 000 сўм эвазига қонунга ҳилоф равишда 1-қути “Новий Век” номли 111-дона пиротехника воситаларини сотмоқчи бўлган. Улар далилий ашё сифатида ИИО ходимлари томонидан расмийлаштириб олинган.

 

Суд мажлисига ҳуқуқбузар тегишли тартибда чақиртирилишига қарамай, номаълум сабабларга кўра келмаган ва келмаслик сабаблари ҳақида судни огоҳлантирмаган. Шунга кўра суд, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кoдекснинг 294-моддаси 2-қисми талабларига асосланган ҳолда ишни ҳуқуқбузарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим деб топди.

 

Суд ушбу маъмурий иши юзасидан тўпланган иш хужжатларини текшириб чиқиб, МЖтКнинг  276, 277-моддалари талаблари бўйича синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама, холисона баҳо бериб, ҳуқуқбузарнинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби далиллар: Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимнинг билдиргиси, далолатнома, нарсани олиш тўғрисидаги баённома, маъмурий иш ҳужжатларига илова қилинган фото нусхалар, тушунтириш хатлари ва маъмурий ишидаги бошқа объектив далиллар билан ўз исботини тўлиқ топади деб ҳисоблади.

 

Тўлқин Тўрақулов, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси:  

 

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кoдекснинг 185-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 500 000 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди.

 

Ашёвий далил сифатида олинган 1 қути “Новий Век” номли 111 дона пиротехника воситаларини тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

ТОШКЕНТДА ПИРОТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИНИ СОТИШГА УРИНИШ «ҚИММАТ»ГА ТУШДИ

Янги йил байрами тобора яқинлашгани сари унинг шукуҳи ортиб боради. Бироқ мана шу байрамона кайфиятга рахна соладиган ҳолат ҳам борки, дилни хира қилади. Байрам баҳона чўнтагини қаппайтиришни кўзлаганлар пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш пайига тушади. Ваҳоланки, пиротехника буюмлари ортидан соғлигига жиддий, ҳатто бир умрлик “тамға” бўлиб қоладиган ҳолатлар қайд этилгани ҳақида кўп ва хўп айтилади. Энг қизиғи, шу “иш” билан шуғулланувчиларнинг ҳам фарзанди бор. Шу жумладан, “қаҳрамонлар”имиз 27 ва 32 ёшли судланувчиларнинг ҳам бир нафар вояга етмаган боласи бор. Улар ҳамда жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар олдиндан тил бириктиришади. Бир гуруҳ бўлган ҳолда жуда кўп миқдордаги пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш мақсадида ташиб ва сақлаб келишган…

 

Декабрь ойи… Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида тезкор тадбир ўтказилди. Жараёнда 2 нафар судланувчи ва жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар томонидан қайта сотиш учун олиб келинган, Яшнобод туманидаги уйда юклашга тайёр ҳолатда сақланиб келинаётган, тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган жами 8 дона картон қутилардаги 218 дона “Золотой дракон”, 230 дона “Новый век”, 2 736 дона “Соловей разбойник” ва 4 дона “9D” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб олиб қўйилган.

 

Бундан ташқари, тадбир давомида, 32 ёшли судланувчи бошқарувидаги ва у томонидан Миробод туманидаги уй манзилида жойлашган автотураргоҳга олиб бориб қўйилган “Дамас” русумли автомашинанинг салон қисми холислар иштирокида кўздан кечирилади. Унда 144 000 дона “Трения”, 712 дона “Золотой песок”, 72 дона “Танец на льду”, 19 дона “Королевский салют на 64 залпов”, 4 дона “Королевский салют на 100 залпов”, 4 176 дона “Соловей разбойник”, 48 дона “9D” номли пиротехника воситалари мавжудлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб олиб қўйилган.

 

ИИВ ЭКМнинг экспертиза хулосаларига кўра, олинган зарядлар таркибида портловчи моддалар йўқлиги ҳамда қурол-яроқ, ўқ дори, портлатиш қурилмалари туркумига кирмаслиги, ишлатиш учун яроқлилиги, Хитойда саноат усулида ишлаб чиқарилганлиги ва пиротехника воситалари хавфлилик даражаси бўйича IV, III ва II синфидаги пиротехника воситалари туркумига кириши аниқланган.

 

Баҳолаш ҳисоботига кўра, олиб қўйилган пиротехника воситаларининг бозор нархи 376 290 000 сўмни ташкил қилади.

 

— Менга танишим қўнғироқ қилиб, сотиладиган арча ўйинчоқлари борлигини ва уларни бир жойга олиб бориш кераклигини айтиб чақирди. Шунда бошқарувимдаги “Дамас” русумли автомашинада танишим айтган Яшнобод туманидаги уйга бордим. Дарвозани танишим очди ва ҳовлида турган 25 та қоғоз қутиларда бўлган юкларни мени автомашинамга ортишди. Сўнг танишим менга “автомашинангни бирор автотураргоҳга қўйиб тур, кейинчалик юкларни қаерга олиб бориш кераклигини айтаман”, деди. Автомашинамни бошқариб, ўзим биладиган Миробод туманидаги уй манзилида жойлашган автотураргоҳга олиб бориб қўйдим. Ўзим пиёда кетдим. Орадан бир қанча вақт ўтиб, менга ўзини божхона ходими сифатида таништирган шахс қўнғироқ қилди. Бошқарувимдаги автомашинада пиротехника воситалари аниқлангани ва автомашина эвакуатор ёрдамида Божхона бошқармаси биносига келтирилганини айтди. Мени бошқармага чақиришди, бориб ҳолат юзасидан батафсил тушунтириш бердим. Ҳақиқатда автомашинамга арча ўйинчоқлари эмас, балки пиротехника воситалари юкланганини билмаганман.

 

Автомашиналарга “чехол”лар сотиш билан шуғулланганим сабабли, Қирғизистондан ушбу турдаги ашёларни буюртма қилганман ва улар учун пул ўтказганман. 27 ёшли судланувчи билан илгаридан таниш бўлмаганман. Воқеа содир бўлган куни 150 000 сўм хизмат ҳақи эвазига юкларни олиб бориб беришга келишганман, – дейди судда айбига иқрорлик билдирмаган 32 ёшли судланувчи.

 

27 ёшли судланувчи эса судда айбига қисман иқрор бўлди. — Менга ўзини “Б.” сифатида таништирган шахс қўнғироқ қилиб, “пиротехника воситалари сотиб оламан, Тошкентга етказиб берсангиз пулларини бераман”, деди. Шундан сўнг 33 қоғоз қутига жойланган пиротехника воситаларини сотиб олиб, уларни юк автомашинасига ортиб, Тошкентга юбордим. Ўзим эса қариндошимнинг бошқарувидаги автомашинада Тошкентга келдим. Етиб келгач, “Бегзод”га қўнғироқ қилганимда, юкларни қаерга олиб боришни тушунтирди. Айтилган манзилга юк автомашинасини кузатиб олиб бордим ва автомашинани хонадон ҳовлисига киритиб, юкларни “Б.”, “Ш.” тушириб олишди. Сўнг юк автомашинасини йўлкира ҳақини бериб жўнатиб юбордим. Шу пайт ҳовлига кейинчалик шахсини билганим 32 ёшли судланувчи ўзини бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинада кириб келди. “Б.” ва “Ш.” уни автомашинасига 25 қутидаги пиротехника воситаларини ортишди. 32 ёшли судланувчи ҳовлидан чиқиб кетди. “Б.” ҳам пулларни олиб келишини билдириб кетди. Уни кутиб ўтирганимда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари келишди. Ҳовлида қолган пиротехника воситаларини аниқлаб, бизни божхона бошқармаси биносига олиб кетишди. Бошқармада 32 ёшли судланувчи бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина ҳам юклари билан келтирилганини кўрдим. Пиротехника воситаларини сотиб олиш юзасидан 32 ёшли судланувчи билан гаплашмаганман, – дейди пиротехника воситаларини Қирғизистон Республикаси ҳудудидан сотиб олганини, содир қилган ҳаракатлари оқибатларини тушуниб етганини билдирган судланувчи.

 

Бироқ судланувчилар келтирган важлар уларни жавобгарликдан озод этмайди.

 

Судланувчилар Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва ҳар бирига 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жами 152 220 дона пиротехника воситалари тегишгли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

 

Шохдиёр Шерматов,

жиноят ишлари бўйича

Миробод туман суди судьяси

ТУРКИЯЛИК ФУҚАРО ЎЗБЕКИСТОНЛИК АЁЛ ВА ЭРКАКЛАРНИ ЧУВ ТУШИРДИ

Туркия давлати Хатай туманида туғилган, миллати турк бўлган 1981 йилда туғилган шахс ўзбекистонликларнинг унга бўлган мурожаатларидан келиб чиқиб, фирибгарлик йўли билан осонгина даромад топишни мақсад қилади…

 

Аниқроғи, судланувчи кўрсатмоқчи бўлган “хизматлар” харидоргир бўлиши табиий эди. Чунки унга мурожаат қилганлар орасида Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилганлар, бошқа давлатга ишлаш учун бориш истагида юрганлар эди. Гўёки уларнинг орзусини амалга оширувчи “нажоткор” сифатида Ўзбекистонда “катта иш” бошлайди.

 

Аввалига Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган аёл билан Истанбул шаҳрида учрашиб, суҳбат давомида аёлга нисбатан Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилган тақдирда ўзини раҳбарлигидаги ширкати орқали ушбу тақиқларни 1 800 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини маълум қилади. Шу тариқа аёлнинг ишончига кириб, дастлаб 1 000, сўнг 500 АҚШ долларини олади. Умумий ҳисобда 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаган. Айни шу важ билан яна бир аёлдан 900, бошқаси аёлдан 1 900 АҚШ доллари олган.

 

Ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали ҳам “ўлжа” топа олган. Ишончга кирган ҳолда фуқаролар билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, сўнг Тошкент шаҳрида учрашиб суҳбатлашади. Улардан ҳам тақиқни бекор қилиб бериш эвазига 1 000, бошқасидан 2 000 АҚШ долларини қўлга киритган. Яна икки аёлнинг биридан 800, иккинчисидан 900 АҚШ доллари олган.

 

Судланувчи ишончига кирган мижозлари билан Андижон шаҳрида ҳам учрашиб, суҳбатлашади ва 900 АҚШ долларини қўлга киритади. Ижтимоий тармоқлар орқали гаплашган яна бири билан эса Самарқанд шаҳрида кўришади ҳамда 1 000 АҚШ долларини олади.

 

Буни қарангки, Жанубий Кореяга ишлаш учун боришни истовчилар ҳам талайгина экан, судланувчининг ҳамёни 1 500 АҚШ долларига тўлган.

 

Судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркак билан Истанбул шаҳрида учрашиб, унга ўзини раҳбарлигидаги ширкати орқали хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни ишлаш учун юбораётганлигини маълум қилиш орқали ишончига киради. Унга Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишини ваъда қилган ҳолда 1 200 еврони такроран фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаган. Худди шу “сценарий” асосида яна бир фуқародан 1 600 евро, бошқасидан 3 000 АҚШ долларини олган.

 

Судланувчи “фаолияти географияси”ни кенгайтириб, бу гал Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркакнинг ишончига кириб, Нидерландия давлатига ишлаш учун юборишини ваъда қилган ҳолда 1 500 АҚШ долларини қуртдек санаб олган.

 

Судланувчининг галдаги ёлғони эса Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш бўлган. Бу ёлғонга чув тушган эркакдан эса 800 АҚШ долларини олган.

 

“Кўза кунда эмас, кунида синади” дейишганидек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликдаги тезкор тадбир ўтказилади.

 

Судланувчи Самарқанд шаҳар Регистон кўчасида жойлашган ўзи томонидан ижарага олинган уй меҳмонхонада тадбирда шартли мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога уни Туркия давлатидаги ширкати орқали 4 200 АҚШ доллари эвазига Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишни маълум қилиб, ундан дастлабки тўлов сифатида 2 000 АҚШ долларини такроран фирибгарлик йўли билан олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланади. Жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаган.

 

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлди. — 2018 йилда Туркия давлатида ширкат ташкил қилганман. Ширкат туризм, ишчи визаларни ҳужжатларини тўплаш юзасидан консалтинг хизматларини олиб бориш иши билан шуғулланган.

 

Туркияда ўзимнинг фаолиятимни олиб борганимда мижоз сифатида мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар консалтинг хизмати юзасидан Ўзбекистон Республикасида ҳам битта офис очиши ҳақида таклиф киритишган. Ушбу таклифларга асосан Ўзбекистонда ширкатимнинг филиалини очишни режалаштирганман. Раҳбарлигимдаги консалтинг ширкатига кўплаб ўзбекистонликлар мижоз бўлиб келгани сабабли айнан Ўзбекистонда офис очишни режалаштирганман.

 

2021 йил бошида Ўзбекистонда раҳбарлигимдаги ширкат офисини очиш ва шу билан биргаликда текстиль саноатини ўрганиб, агар лозим бўлса Ўзбекистонда бу йўналишда тадбиркорликни ҳам йўлга қўйиш борасида ташриф буюришни мақсад қилганман. 2021 йил 15 январь куни Тошкент шаҳрига келдим. Мени бир фуқаро кутиб олди.

 

У билан Ўзбекистонга келганимдан сўнг танишганман. Унинг укаси мени Туркиядаги ширкатимга келиб, акасини талаба визасини олмоқчи эканлигини айтди. Сўнг ширкатим орқали виза ҳужжатларини тайёрлаб ваколатли органларга топширганман.

 

У ҳам Туркия давлати томонидан депортация қилиниб, бу давлатга киришга тақиқ қўйилган. Сўнг унинг қариндошларига Ўзбекистонга бормоқчилигимни айтдим. Улар Ўзбекистонга борсам, ўзи менга кўмаклашишини, агар лозим бўлса таржимонлик иши билан шуғулланишини айтди.

 

Ўшанда Ўзбекистонга биринчи маротаба келгандим ва ўзбек тилини билмасдим. Шу сабабли ундан менга таржимон бўлишни ва шу билан биргаликда йўл кўрсатувчи бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида саёҳат қилишимда ҳамроҳ бўлишини илтимос қилдим. Лекин у билан таржимон бўлиши учун ҳақ беришимни келишмаганмиз.

Ўзбекистонга келганимдан сўнг Туркияга киришга тақиқ қўйилган ўзбекистонлик фуқароларни тақиқларини бекор қилиш, хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни Туркия давлати орқали ишлаш учун жўнатиш иши билан шуғулланишни режалаштирганман. Бунинг учун ўзимга бир жойни офис сифатида олиб фаолиятимни йўлга қўйиш учун мени кутиб олган танишим билан биргаликда офис учун жой излаганман. Тошкент шаҳрида учта манзилга бордик, аммо офис эгалари ижара пулларини қиммат айтди. Сўнг “YouTube” ва “Тik-Tok” ижтимоий тармоқлари орқали ўзимни Ўзбекистонга келганлигим юзасидан хабарлар тарқатганман, – дейди Ўзбекистоннинг қайси вилоятида мижозлар кўп бўлса, ўша вилоятдан офис очишни режалаштирган судланувчи. Ижтимоий тармоқлар орқали берган хабарларига асосан, ўзбекистонлик фуқаролар унга турли масалаларда мурожаат қилишни бошлаган. Унга мурожаат қилган шахсларга Туркия давлати томонидан қўйилган тақиқларни 1 000 – 1 500 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини, шу билан биргаликда ширкати орқали 2 000 – 2 500 АҚШ доллари эвазига ишчиларни хорижга ишга жўнатишини ҳам маълум қилган.

 

— Жанубий Корея давлатида ишлаш истагида бўлган шахсларни ариза ва ҳужжатларини консалтинг ширкатим орқали Кореянинг Туркиядаги элчихонасига топширганман. Шу йўл билан уларни Жанубий Кореяга ишга юборишни режалаштирганман.

 

Жанубий Корея давлатидаги корхоналар билан шартнома тузмаганман. Ишлаш учун кетмоқчи бўлган ва пулини олган мижозларимнинг ҳужжатларини расмийлаштириб берганман, аммо уларга нисбатан Корея давлатидан талабнома келмаганлиги сабабли ишга жўната олмаганман. Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш масаласига келсак, ҳужжатларни Туркия Баққонлик идорасига топширганман, давлат органларидан тегишли рухсатнома келмаган, доимий яшаш гувоҳномасини олиб бера олмаганман.

 

Нидерландия давлатига ишга юбориш учун ҳам пул олганман, бироқ у давлатдан жавоб келмаганлиги сабабли ишга юбора олмаганман. Ширкатим Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан хусусий бандлик агентлиги сифатида рўйхатдан ўтмаган. Ўзбекистон Республикасида мазкур фаолиятни қонун нормалари билан тақиқланганидан хабарим бўлмаган, – дея қилмишидан пушаймонлигини, етказилган моддий зарар қоплаганлигини баён қилди.

ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДАН МАЖБУРИЙ ТАРТИБДА

ЧИҚАРИБ ЮБОРИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 25,168-моддаси (фирибгарликка суиқасд) 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

 

Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 93 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

 

Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган бир кунини базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштирилиб, жарима жазоси қопланган деб ҳисобланди.

 

Судланувчидан 15 нафар жабрланувчилар фойдасига етказилган зарарни ундириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариб юборилиши белгиланди.

 

Судлар департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган жами 20 749 АҚШ доллари етказилган моддий зарар ҳисобига қаратилди ҳамда ушбу пулдан ортиб қолган қисми ҳукм қонуний кучга киргач судланувчига қайтариб берилиши белгиланди.

 

Алишер Жалилов,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди раиси

ФИРИБГАРЛИК УЧУН 6 МАРТА СУДЛАНГАН ШАХС 7-МАРТА ҲАМ ШУ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ 

Турли ҳудудларда ўхшаш моддалар билан айбланиб, 6 маротаба турлича жазо тайинланган шахс энди Тошкент шаҳрида қора курсига ўтирди. Ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 10 минг доллар олган фирибгар бу сафар 4 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди ва суд залидан озод этилди.

 

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди раиси Алишер Жалилов раислигида ўтказилган маҳкамада 60 ёшдан ошган Фарҳод Туробовга (исм-шариф ўзгартирилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди. Қизиғи, жавобгарликка тортилган шахс шу пайтга қадар нақ 6 марта судланган ва ҳар хил жазоларга тортилган эди.

 

Хусусан, у 2010 йилдан 2018 йилгача Жиноят ишлари бўйича Муборак, Вобкент, Юнусобод, Яшнобод туманлари ҳамда Фарғона ва Самарқанд шаҳарлари судлари томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбли деб топилган. Унга иккита ҳолатда қарийб 15 млн сўмга яқин жарима жазоси, 2 та ҳолатда иш ҳақининг маълум бир қисмини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Туробовга икки бор имконият берилган: тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган.

 

Ана шундай “бой тарих ва тажрибага” эга бўлган шахс бу сафар навбатдаги ўлжани ҳам осонгина илинтирмоқчи бўлади: жиянини ўқишга киритиш ниятида юрган одамга Тошкент юридик университети ректори билан шахсан танишлигини, бундан ташқари Тошкент шаҳар ҳокими билан яқин муносабатда эканини, ректор ҳокимнинг илтимосини ерда қолдира олмаслигини айтиб, ўқишга киритиш эвазига 10 минг доллар сўрайди.

 

Пойтахтдаги кафелардан бирида келишилган пулни олаётган пайтида тезкор тадбир доирасида қўлга олинган Фарҳод Туробов шу тарзда 7-марта суднинг курсисига айбланувчи сифатида ўтирди.  

 

Суд ҳукмига кўра у Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда унга 8 млн 330 минг сўм жарима ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган ҳар бир куни базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштирилиб, тайинланган жарима жазоси қопланган деб ҳисобланди ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. Судланувчига нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у озод қилинди.  

 

Суд енгилроқ жазо тайинлангани сабаби сифатида етказилган моддий зарарни қоплагани, пенсия ёшида экани, касаллиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги кўрсатилган.

 

Суд материали асосида Аброр Зоҳидов тайёрлади

Skip to content