СУДНИНГ ҚАРОРИ БЎЛСА-ДА, ЭР МУЛКНИ ТЕНГ БЎЛИНИШИГА ҚАРШИЛИК ҚИЛИШИ МУМКИНМИ?

— Синглим эри билан ажрашди. Судда мол-мулк тенг бўлинган, хусусан, 3 хонали уй ҳам. Бироқ на эр, на хотин уйдан чиқиб кетмоқчи эмас. Эри «уйни сотмайман», дебди, боиси мулк унинг номида. Лекин суднинг тенг бўлиниши тўғрисида қарори бор. Бу вазиятда мулк қандай бўлинади?

Дилобар, Тошкент шаҳри

Мутахассис: Зиёда Солиева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси.

  

КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛАШНИ СУД ОРҚАЛИ ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИ

— Фуқаролик қонунчилигига кўра, улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин. Улушли мулк иштирокчилари умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки улардан бирининг улушини ажратиш усули ва шартлари тўғрисида келишувга эриша олмасалар, улушли мулк иштирокчиси ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни суд орқали талаб қилишга ҳақли.

 

Агар улушни асл ҳолида ажратиб олишга қонун йўл қўймаса ёки уни умумий мулк бўлган мол-мулкка номутаносиб зарар етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлмаса, ажралиб чиқаётган мулкдор улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари томонидан улушининг қиймати тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Бундай ҳолатда синглингиз ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни ёки улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига эридан компенсация тўлашни суд орқали талаб қилишга ҳақли бўлади.

 

ЎЗ УЛУШИНИ ҲАР ҚАНДАЙ ШАХСГА СОТИШГА ҲАҚЛИ, ҚАЧОНКИ…

— Фуқаролик кодексининг 224-моддасига асосан мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтида қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотиладиган нархда ва бошқа тенг шартларда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Агар синглингиз ўз улушини сотсоқчи бўлса, умумий мулкдаги ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида эрига ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши шарт.

 

Агар синглингизни эри имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечса ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса ўн кун давомида амалга оширмаса, синглингиз ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.

 

Синглингиз улушини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотган тақдирда, собиқ турмуш ўртоғи уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақли бўлади.

 

Улушни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.