Қидирув:

ТОШКЕНТДА ТОВЛАМАЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ЎЗГАНИНГ ПУЛИНИ ҚЎЛГА КИРИТМОҚЧИ БЎЛГАН ЙИГИТГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Гиёҳвандлик — ақлдан озиш, мурдадек яшаш дегани. Бугунги кунда аср вабосига айланган мазкур иллат ёшлар ўртасида кун сайин кенг қулоч ёзиб бормоқда. Агар гиёҳванд моддалар тарихига назар солсак, улардан 600 йил илгари фойдаланиб келинган. ХIХ асрга келиб, унинг тарқалиши тезлашган ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилган. Аммо бугунги кунда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган айрим дорилар оғриқ қолдириш, даволаш учун эмас, бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Қуйидаги воқеамиз қаҳрамонларини ҳам айнан шундай кучли таъсир қилувчи дориларга бўлган иштиёқ суднинг қора курсиси томон етаклади.  

 

Товламачилик йўли билан бировнинг пулини қўлга киритди

Судланувчи  бир фуқарога зўрлик ишлатиб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, унинг ёнида бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб қўяди. Шундан сўнг уяли алоқа воситасида фуқрони ноқонуний равишда дори воситалари сотиб юрганлигини айтиб, шериги билан бирга видео тасвирга туширади ва ушбу лавҳаларни интернетдаги ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилади.  Фуқарони ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, унга тегишли бўлган пулни  товламачилик йўли билан қўлга киритади.

 

“Арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди”

Суд мажлисида судланувчи айбига қисман иқрор бўлди:

— Бир йилдан бери кучли таъсир қилувчи дори воситаларини истеъмол қилиб келаман. Дорининг хумори тутиб, танишим бўлган бир қизга қўнғироқ қилиб, дори топиб беришни илтимос қилдим. У менга бундай дорини бир фуқродан сотиб олаётганини айтиб, унинг телефон рақамини берди.

 

Шундан кейин у фуқарога қўнғироқ қилиб, икки-уч маротаба дори сотиб олиб, истеъмол қилдим. Ўша куни қизга қўнғироқ қилиб, қаердалигини сўраганимда у ўзи тавсия қилган фуқаро ва бошқа ўртоқлари билан биргалигини айтди. Шу орада у фуқаро таниш қизим орқали мендан йигирма минг сўм қарзим қолганлигини, қачон қайтаришимни сўради. Мен уларнинг аниқ манзилини сўраб, ўша томонга йўл олдим.

 

Фуқаронинг арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди. Борсам, улар кўпчилик экан, мен унга ёлғиз гаплашиб олишимиз кераклигини айтиб, бошқаларни машинадан туширишини сўрадим. Иккаламиз машинага ўтириб, бошқа томонга ҳаракатландик. Мен ундан “Ёнингда дори борми?” деб сўрадим. У дори борлигини айтиб, уларни менга узатди. Мен ундан “Яна ниманг бор?” деб сўрадим. У дори олиш учун сақлаган олти юз минг сўмга яқин пули борлигини айтди. Мен ундан бу пулниям олиб, чўнтагимга солиб қўйдим. Биз машинани йўл чеккасига қўйиб, гаплашиб ўтирганимизда орқамиздан бошқа бир танишим бошқарувида бўлган машинада бояги қиз ва унинг танишлари бўлган икки нафар шахс етиб келишди. Уларни машинада қолдириб, бизнинг олдимизга келди. У машинага ўтириб, мен билан келган фуқарога машинани ҳайдашни буюрди. Бир чеккага тўхтаганимизда танишим ундан “Машинангда нима бор?” деб сўради. У юкхонада отасига тегишли олтмиш миллион сўм пул борлигини, бу пулга тегинмаслигимизни қайта-қайта илтимос қилди. Биз тушиб, юкхонани очиб кўрсак, ҳақиқатан ҳам у ерда олтмиш миллион сўм пул бор экан. Танишим бу пулдан беш миллион сўмини олиб, фуқарога қараб, “Бизга кучли таъсир қилувчи дорилардан олиб келсанг, пулингни қайтариб оласан”, деб шарт қўйди.

 

У ҳар қанча ялинмасин, пулни бермади. Шундан кейин танишим уни телефонига видеога олди, “Агар бировга шикоят қиладиган бўлсанг, дори сотишингни тегишли жойга айтаман” деб таҳдид қилди. Ҳозирда бўлиб ўтган воқеадан жуда афсусдаман. Қилмишимдан пушаймонман.

 

Ҳукм ўқилди

Юқорида номлари келтирилган ҳар уч шахс ­- Шокир Мирзаев, Воҳид Сафаров, Ойбек Қосимовлар  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилиб, уларга нисбатан турли муддатларга озодликни чеклаш жазолари тайинланди.

 

Абдулла АБДУЛХАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туман суди судьяси,

 

Лола Шоимова, журналист.

ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИДА БИР ИНСОН ҲАЁТДАН КЎЗ ЮМДИ

Фалокат оёқ остида, деганларидек, ўзини нима кутаётганини ҳеч ким олдиндан билолмайди. Баъзан кўнгилсизлик содир бўлиши учун бир лаҳза чалғиб қолиш ҳам кифоя қилади. Эҳтиётсизлик орқасидан содир этилган жиноятлар қонунчиликда айбнинг бирмунча хавфсиз шакли, деб белгиланганига қарамай, бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши жуда ачинарли ҳолдир… 

 

Бепарволик билан чиқиндиларни пастга ташлади

Судланувчи қурилишлардан бирида оғзаки келишув асосида ғишт терувчи ишчиларга ёрдамчи сифатида ишлаётган вақтида, қурилиш биносининг бешинчи қаватидаги қурилиш чиқиндиларини тозалаш жараёнида цемент қоришмалари ва ғишт бўлакларини челакка солади. У эҳтиётсизлик қоидаларига риоя қилмай, пастда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан, бепарволик билан қурилиш чиқиндиларини юқоридан пастга ташлаб юборади. Чиқиндилар шу қурилиш объектида оғзаки келишув асосида ошпаз вазифасини бажариб келган ва бинонинг ёнидан ўтиб кетаётган фуқаронинг бошига тушиб, тан жароҳати олади. У касалхонага олиб борилганда олган оғир тан жароҳати оқибатида вафот этади.

 

“Бекор ўтирмаслик учун чиқиндиларни йиғиштирдик…”

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Асли сурхондарёликман, бир куни маҳалладошим қўнғироқ қилиб, Тошкентда қурилишда ишлаётганини, агар ишлашни истасам иш борлигини айтиб қолди. Ўша пайтда бекор юрганим учун унинг таклифига рози бўлиб, пойтахтга келдим.

 

Маҳалладошим мени қурилиш бўлаётган беш қаватли бинога олиб келди. У ғишт урувчиларга ёрдамчи бўлишимни айтди. Эртаси куни у мени қурилиш раҳбарининг олдига олиб борди. Раҳбар менга иш ҳақим терилган ғиштга қараб берилишини айтди. Шундан кейин қурилишда қолиб, ёрдамчи бўлиб ишлай бошладим. Воқеа содир бўлган куни ғишт қолмаганлиги сабабли иш тўхтаб қолди. Бекор ўтирмаслик мақсадида атрофда тўпланиб қўйилган чиқиндиларни йиғиштира бошладик. Бошқа шерикларимиз пастни тозалашди. Эрталабдан соат ўн яримларгача анча чиқинди тўпладик, шеригим чиқиндиларни тўкиш учун челакка солиб берди. Мен қўлимдаги челак билан бешинчи қаватнинг деразасидан пастга қарадим, ҳеч ким кўринмаганидан кейин ахлатни пастга ағдардим.

 

Айни шу пайтда бўз билан ўралган ҳожатхона томондан қурилишда ошпаз бўлиб ишловчи фуқаро чиқиб қолиб, мен тўккан чиқинди унинг бошига тушди. У дастлаб бошини чангаллаб, ўтириб қолди, кейин ерга қулади. У дарахтлар орасидан чиққани учун уни кўрмай қолдим. Бу вақтда андижонлик усталар ҳожатхона олдидаги деворни оқлашаётганди.

 

Мен уларга “ошпазга ёрдам беринглар”, деб бақирдим. Шундан кейин пастга югуриб тушдик. Ишчилар ҳушини йўқотган, бошидан қон оқаётган ошпазни енгил машинага олиб чиқишди. Уни касалхонага олиб кетишди. Бироздан кейин ошпазнинг касалхонада вафот этгани ҳақида хабар келди. Ошпаз билан фақатгина тушлик ва кечки овқат пайтида салом-алик қилганман, ўртамизда ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Унинг мендан ёши катта бўлгани учун деярли гаплашмаганман.

 

Қурилишда бошни ҳимоя қилиш учун ҳаммамизга каска берилган. Лекин иш жараёнида каска халақит қилгани учун ечиб ишлардик. Ишга қабул қилинган вақтимда ҳеч ким менга техник хавфсизлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатмаган. Бинонинг юқори қаватида ишлаш учун хавфсизлик камарлари ҳам берилмаган. Чиқиндиларни ташлаётганимда бирор кишининг устига тушиши мумкинлиги хаёлимга келмаган. Эҳтиётсизлигим ва бепарволигим туфайли унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолдим. Айни пайтда бу қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

 

Ҳукм ўқилди

Судланувчи Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб  топилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 Зоҳиддин НУРИДДИНОВ,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси,

 

Лола Шоимова, журналист.

АЖРАШИШ ОСТОНАСИДАГИЛАРНИ ЯРАШТИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

2022 йилнинг 8 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 40 минг 258 та низо кўрилган бўлиб, шундан 21 минг 433 та оила яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган. Ўтган йил мобайнида судлар томонидан 25 минг 333 та оилавий ажралишга оид даъво ажрашиш учун етарли асослар бўлмагани туфайли қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва иш юритувдан тугатилган. Ушбу оилаларнинг аксарияти яраштирилиши пировардида 3 минг 148 нафар вояга етмаган боланинг ота-она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишига замин яратилган.

 

Албатта, жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси – барбод бўлган оилалар хусусида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди. Тан олиш жоиз, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.

 

Дилбандининг бахтли ҳаёт кечиришини истаган соғлом фикрли ҳар бир ота-она юзага келган келишмовчиликни оғир-вазминлик ва чуқур мушоҳада билан ҳал этиши, турмуш қийинчиликларини енгиб ўтиши, оила аъзоларининг бахтли турмуш кечиришларини таъминлаши шарт ва зарур. Оилавий ажралишларнинг салбий оқибатлари нафақат собиқ эр-хотинлар ҳаётида, балки уларнинг меҳнат фаолиятида, жамият ва давлат миқёсида ҳам муайян бўшлиқни юзага келтиради.

 

Статистик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оиласи парокандаликка юз тутган шахсларнинг аксарияти носоғлом турмуш кечиришга одатланган. Табиийки, бу унинг саломатлиги, хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Яна ҳам аниқроғи, ёлғиз яшаш оқибатида ичкиликни, тараллабедод ҳаёт кечиришни одат қилган шахслар кўпгина ҳолларда турли ҳуқуқбузарлик содир этишдан, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасликдан ўзини тия олмайди, ўзининг ҳатти-ҳаракатини назорат қилишни сусайтириб юборади. Қолаверса, фарзандидан алоҳида турмуш кечира бошлаган ота ёки она зиммасидаги масъулиятни ҳам секин-аста унутади. Натижада вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ муаммо юзага келади. Бу ўз-ўзидан тегишли давлат органларининг иш юкламаси ортишига сабаб бўлади. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажралишларнинг сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

 Нима қилиш керак?

Аввало, никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаб олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини изчил таъминлаш ғоятда муҳимдир. Бу борада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига “Никоҳдан ажралишга олиб келаётган ҳар қандай сабаб билан холисона таҳлил ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим” деган банд киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, албатта, ўз самарасини беради, деган фикрдамиз.

 

Суд амалиётига оид таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йилда никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ низоларнинг 71 фоизида “эр-хотиннинг феъл-атвори тўғри келмагани” ажрашиш учун асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Мисол учун, даъвогар — Ахрор Абдулазизов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга жавобгар — Рўзигул Салимовага нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, никоҳдан ажратишни сўраган. Суд мажлиси чоғида аниқланишича, А.Абдулазизов жавобгар – Р.Салимова билан 2017 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Уларнинг бир нафар – 2018 йилда туғилган Сайёра Абдулазизова исмли фарзанди бор.

 

Эр-хотин дастлаб тинч-тотув яшашган. Бироқ орадан бир йил ўтар-ўтмас, оилада арзимас қўйди-чиқдилар рўй берган. Рўзигул Салимова икки ойлик чақалоғи билан ота-онасининг уйига кетиб қолган. Даъвогарнинг қайд этишича, турмуш ўртоғи билан унинг феъл-атвори мутлақо тўғри келмагани учун ажрашишга қарор қилган. Судда жавобгар – Рўзигул Салимова оиласини тиклаш ниятида экани, норасида фарзанди отасиз катта бўлишини истамаслигини таъкидлаб, даъвони рад этишни сўраган.

 

Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида келтирилган раҳбарий тушунтиришларга риоя қилган ҳолда эр-хотиннинг ярашиши учун муддат белгилади. Эр-хотин ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилди, пировард натижада ёш оила тикланди ва ҳозирда тинч-тотув турмуш кечирмоқда.

 

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, юқоридаги каби ҳолларда гарчанд оила яраштирилган бўлса-да, эр-хотиннинг қалбидаги дарз барҳам топмаслиги мумкин. Шу боисдан ҳам никоҳга киришиш арафасида турган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларда тақдир синовларига бардош бера олиш кўникмасини шакллантириш ғоятда зарур. Бунда ФҲДЁлар қошида ташкил этилган оила дорилфунунларида никоҳга қадар икки ёшни оилавий ҳаётга, ота-она бўлишга тайёрлаш баробарида бўлажак эр-хотин сифатида улар бир-бирининг феъл-атворини ўрганишлари учун имконият яратиш, мутахассислар, хусусан, психологларни жалб этиш орқали оила қуришга аҳд қилган ёшларнинг дунёқараши, орзу-истаклари, рўзғор юкини биргаликда торта олишлари ёки йўқлигини, дунёқарашлари нечоғлик мувофиқ келишини психологик тестлар, усул ва воситалар ёрдамида аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш лозим.

 

Яна статистик таҳлилларга эътибор қаратайлик. Ажралиш билан боғлиқ фуқаролик ишларининг 5,2 фоизида эр-хотиннинг ахлоқий, руҳий, маънавий жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлмаган ҳолда никоҳга киришгани ҳам оилаларнинг емирилишига олиб келмоқда. Бунда рўзғор юкини тортишга тайёр бўлмаган эр-хотиннинг феъл-атворидаги манманлик, майда маиший муаммоларга ечим топиш ўрнига улардан фожиа ясаш, оила бюджетининг имкониятини инобатга олмасдан харидлар қилиш, керагидан ортиқ нарсалар сотиб олиш каби нохуш ҳатти-ҳаракатлар оиланинг нотинчлигига сабаб бўлаётир.

 

Бундай тоифага мансуб эр-хотинларнинг дунёқараши, маънавиятини ўзгартириш, уларга оила муқаддаслигини англатиш осон эмас. Бироқ ҳар қандай муаммонинг ечими бўлгани каби бундай оилаларни ҳам тиклаш имкони мавжуд, албатта. Фақат бу муайян вақт, эътибор ва масъулият талаб қиладиган жараён.

Беморни даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш осон кўчганидек, барбод бўлиш арафасидаги оилани тиклашдан кўра оила қуриш арафасидаги ёшларни ҳам жисман, ҳам маънан оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳар жиҳатдан афзалроқдир.

 

Ахлоқан тарбиялаш жараёнини қуйидаги масканларда янада кўпроқ амалга ошириш талаб этилмоқда: шахс яшаб, вояга етган жойлар, яъни уйи, оиласи, маҳалласи, шунингдек таълим муассасасида, яъни мактабгача, мактаб, ўрта-махсус, олий таълим муассасаси, жамоат жойларида, ОАВларида, адабий асар ва санъат масканларида, иш жойида, ижтимоий тармоқларда (телефон, интернет воситалари), ўзи танлаган яқин дўстлари, дугоналари даврасида амалга ошириш лозим. Табиий савол туғилади: ушбу фаолиятни амалга оширишда кимларнинг тавсияси ва амалий ёрдамига эҳтиёж мавжуд?

Аввало психолог, социолог, педагог (халқ таълими, олий таълим), маҳалла фуқаролар йиғини, Оила ва хотин–қизлар давлат қўмитаси, ОАВ вакиллари, тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаси ходимлари иштирокида юқоридаги жойлар ва гуруҳларда оила аъзоларида учраши мумкин бўлган салбий сифатлар ёки иллатлар билан қуйидагича курашиш лозим:

 

Биринчидан, эрлик масъулиятининг бажарилмаслигига сабаб бўладиган ҳурматсизлик, оиланинг моддий таъминотига бефарқлик ёки ишлашга қизиқмаслик каби иллатларга қарши курашиш;

 

Иккинчидан, хотинлардаги камчилик сифатида ҳурматсизлик, уй-рўзғор ишларига, оилага эътиборсизлик, урф-одат ва анъаналарни билмаслиги ёки менсимаслигига қарши курашиш;

 

Учинчидан, эр ва хотинларда оила ва унинг аҳамияти, оила аъзоларининг ҳуқуқ, вазифа ҳамда мажбуриятини тушунмаслик ҳолатига қарши аниқ чоралар кўриш лозим.

 

Никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ ишларнинг бошқа сабаблари хусусида ҳам фикр юритайлик.

 

Амалиётга назар ташласак, 6,3 фоиз оилаларда асосан эр бошқа никоҳ муносабатига киришгани туфайли унинг аёли ажрашишга қарор қилганини кўришимиз мумкин. Аслида ўз оиласи бўла туриб, яна бошқа биров билан эр-хотинлик муносабатига киришиш нодонлик саналади. Зеро, бундай номаъқул хатти-ҳаракат бир неча инсонлар, айниқса, оила аъзоларининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Бинобарин, ўз уйида ҳузур-ҳаловат тополмаган киши бошқа оила қурганидан кейин ҳам ўз истагига эришолмаслиги аниқ.

 

Шаръий никоҳ асосида бошқа оила қурган шахслар маълум муддат ўтгач, ўз оиласи бағрига қайтиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятларда ҳам судлар эр-хотиннинг ярашиб олиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

 

Статистик маълумотларга кўра, 6 фоиз ҳолатда фарзандсизлик туфайли эр ёки хотин ажрашиш фикрига келган. Фарзанд кўриш учун эр-хотин нафақат маънавий жиҳатдан, айни чоғда жисмоний жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши зарур.

 

Бу масалада тиббиёт ходимларининг амалий ёрдами ва тавсиясига эҳтиёж мавжуд. Чунки судлар амалиётида, аввало, никоҳ тузилгунга қадар никоҳланувчиларнинг ҳар бири ота ёки она бўлиш қобилиятига эга ёки йўқлиги, иккинчидан, шу икки шахснинг қони ва бошқа белгиларига кўра, биргаликда ота-она бўлиш имконияти ўрганилиши, учинчидан, ота-оналар ва бошқа мутасаддиларнинг фарзандсизлик масаласини ҳал этишга етарлича эътибор қаратмасдан, фақат келин ёки биргина куёвни бепуштлик касалига чалинганликда айблаш ҳоллари учрамоқда.

 

Бу борада ҳам аҳолининг тиббий маданиятини ошириш шарт ва зарур. Зотан, эр ёки хотиннинг шаъни ва қадр-қиммати билан чамбарчас боғлиқ бўлган фарзанд кўра олмаслик, бепуштлик сингари ғоятда нозик масалага калтабинлик билан эмас, балки тиббий текширувлар ва таҳлил натижалари асосида ишонч ҳосил қилинганидан кейингина оиланинг келгуси тақдирини белгилаш лозимлигини оила бошлиқларига алоҳида тушунтириш зарурлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун тиббиёт тизими, кенг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликда қуйидаги масалаларнинг ечимини топиш лозим:

 

— фарзандсизлик (аёллар ва эркакларда учрайдиган кўринишлари);

 

— ўғил фарзанднинг туғилмаслиги;

 

— эркакларда ёки аёлларда зурриёт қолдириш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган касалликлар;

 

— аёллардаги ҳомиладорлик ва туғиш жараёнида кечадиган оғир касалликлар;

 

— фарзанднинг ногирон туғилиши.

Амалиётга назар ташласак, 1,2 фоиз оилаларда қўшимча даромадга эҳтиёж мавжудлиги сабабли ажралиш келиб чиққанлиги аниқланди. Бунда аввало, эр ёки хотиннинг хорижга иш излаб кетиши, аёлнинг ишлашига қаршилик, бегона юртларда қолиб кетиш, бедарак кетиш, чет элда бошқа шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш каби ҳолатлар оиланинг дарз кетишига туртки бўлган.

 

Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир. Фақат юқорида таъкидланганидек, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиши бундай муаммолар ечимининг асосий калитидир.

 

Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

 

Мухаммади МАМАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича 

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

 

Фозилжон Субхонов,
Олий суд катта консультанти

ҲУЖЖАТСИЗ БЕРИЛГАН ҚАРЗНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

— Таниш бир одамга (қариндошига, дўстига, қўшнисига) ҳеч қандай ҳужжатсиз катта миқдорда ишониб қарз бериб ва шу пулларни қайтариб ололмаса, қандай йўл тутиш мумкин?

                                  Исми сир тутилди

— Фуқаролик кодексининг 733-моддасига асосан, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт.

 

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

 

Фуқаролик кодексининг 109-моддасига асосан, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлиги, мазмуни ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Демак, қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, яъни ҳозирги кунда 3 000 000 сўмдан ортиқ бўлган ҳолатларда, албатта, ёзма тузилиши лозим.

 

Ушбу талабга риоя қилмаслик келгусида низо келиб чиққан ҳолда қарздорликни ундириш имконидан маҳрум этишига асос бўлади.

 

Жасур СИРОЖЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро

суди раиси ўринбосари

ТОШКЕНТДА ОНЛАЙН ҚИМОРДА ПАЙНЕТ КАССАСИДАГИ ПУЛЛАРНИ ЮТҚАЗИШ ОҚИБАТИДА ЎЗИГА ПИЧОҚ УРГАН ТАЛАБАГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

“Ёлғоннинг умри қисқа”, деган ибора ҳаммамизга яхши таниш. Ҳақиқатан ҳам бу гапда юз фоиз жон бор. Ёлғон ишнинг қачондир миси чиқиб, бошқаларни алдамоқчи бўлган одамнинг юзи шувут бўлиб қолади. Қуйидаги воқеамиз қаҳрамони ҳам ўз қилмишини ёлғон билан беркитмоқчи бўлди. Аммо минг афсуслар бўлсинким, бу ишнинг уддасидан чиқолмади…

 

Ўзига-ўзи пичоқ урди

Судланувчи йигит пайнет дўконида ишлаб туриб, ушбу дўкон кассасидаги МЧЖ раҳбарига тегишли бўлган 6 000 000 сўм нақд пулларни  пайнет орқали, ижтимоий тармоқдаги виртуал “1XBЕТ” ўйинига ютқазиб қўяди. Бу пулларни қайтара олмаслигини билиб, дўкондаги шкаф тортмасида турган пичоқ билан ўзининг қорин соҳасига тан жароҳати етказади. Кейин Тошкент шаҳар ИИББнинг “102” рақамига гўёки номаълум шахс унга пичоқ билан тан жароҳати етказиб, дўкон кассасидаги 6 000 000 сўм пулларни босқинчилик йўли билан тортиб олганини айтиб, ёлғон хабар беради.

 

“Ёлғон хабар бериш жиноят эканлигини билмаганман”

Судланувчи йигит судда айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Пайнет дўконида ишлаб келаман. Вазифам уяли алоқа компаниясига тегишли сим карталарни, уяли телефон аппаратлари учун турли аксессуарларни сотиш, карталарни фаоллаштириш ва автотранспорт воситаларини суғурта қилишдан иборат эди. Воқеа содир бўлган куни ҳар доимгидек соат 08:40 да ишга келдим, шу куни кечгача дўкон кассасида тахминан 6 миллион сўмга яқин пул йиғилди. Буни кўриб, менда уни айлантириш, ютсам, устидан қолган пулни ўз фойдамга ишлатиш фикри туғилди.

Шундан кейин ижтимоий тармоқлардаги виртуал “1ХБЕТ” ўйинига мазкур пулларни туширдим. Яъни, бу ўйинга пул тикиб, ҳисобдаги 6 миллион сўмни  ютқазиб қўйдим. Бундан жаҳлим чиқиб, телефонимдаги “1ХБЕТ” ўйинини ўчириб ташладим.

Шунча пулни жойига қайтариб қўя олмаслигимни тушуниб, қўрқиб кетдим. «Энди дўкон эгасига нима дейман?» деган ўй тинчлик берамади. Шундан кейин «номаълум шахс келиб, пичоқлаб, пулларни олиб кетди, дейман», деб режа туздим. Шкаф тортмасида турган пичоқни олиб, чап биқинимга тиқдим. Пичоқ тиғи тахминан 1,5 см.лар кирганидан кейин қорнимдан қон сизиб чиқа бошлади. Буни кўриб, дўкон эгасига, кейин онамга қўнғироқ қилиб, тузган режам бўйича номаълум шахс ҳужум қилиб, пулларни олиб кетганини айтдим.

Шундан сўнг дўкон эгаси ва отам дўконга етиб келишди. Дўкон эгаси менинг сўзларим бўйича “102” га қўнғироқ қилди. Отам мени зудлик билан касалхонага олиб кетди, у ерда беш кун даволандим.

Суруштирув давомида ИИБ ходимларига ёлғон кўрсатма бердим. Ёлғон гапим тез орада фош бўлди. Бу ишни 6 миллион сўмни қайтара олмаслигимдан қўрқиб, қилдим. Жиноят ҳақида билиб, аммо ёлғон хабар бериш ҳам жиноят эканлигини билмаганман. Аввалари ҳам ижтимоий тармоқларда турли хил ўйинларни ўйнаб, ютқазиб қўйган ҳолатларим бўлган. Оиламиз моддий жиҳатдан яхши, яъни пулга мухтожлик жойим бўлмай ўсганман. Ҳозирда қилган ишимдан афсусдаман, олий таълим муассасаси талабаси эканлигимни, қилган ишимдан пушаймонман.

 

Ҳукм ўқилди

Судланувчи йигит ЖКнинг 237-моддаси, 2-қисмининг “а,г” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Акмал МИРЗАХАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Чилонзор туман суди раиси ўринбосари,

 

Лола Шоимова журналист.

«СОТИЛГАН МАШИНАНИНГ ЖАРИМАСИНИ ТЎЛАЯПМАН»

– Бундан бир йил олдин машинамни бош ишончнома билан бир одамга сотгандим. Кейинроқ билсам, у олиб сотар экан. Автомобилни кимга сотган, ҳозир қаерда билмайман. Сотиб олган одамни ҳам тополмаяпман. Тўрт ойдан бери тинмай жарима хабари келади. Бундай вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди

Аввало автомашина олди-сотди шартномасига тўхталсак, бундай шартномага мувофиқ сотувчи, сотиб олувчига ўзига тегишли автотранспорт воситасини мулк қилиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, автотранспорт воситалари олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши шарт.

 

Фуқаролар орасида бош ишончнома (“Генеральная доверенность”) деб номланган (фуқаролар ўртасида тузиладиган олди-сотди келишуви тасдиғи сифатида) хужжат расмийлаштириш кенг оммалашган. Бундай шартнома транспорт воситасини олди-сотди шартномаси кучга эга бўлмайди. У бир томонлама битим бўлиб, ишонч билдирувчига транспорт воситасини бошқариш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини беради, холос.

 

Ушбу ишончномаларда ваколатни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи кўрсатилганлиги боис, оғзаки келишувга асосан бир транспорт воситаси бир неча фуқаро орқали учинчи, тўртинчи ва ҳоказо шахсларга ўтиб кетади.

 

Бироқ, транспорт воситасига нисбатан мулк ҳуқуқи ЙХХБ органларидан давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг вужудга келади ва ишончнома расмийлаштирилганлиги мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтганини англатмайди. Шу сабабли мулкни нотариал бегоналаштириш шартномаси тузилмагунга қадар, ошиқча хавф манбаи эгасида жавобгарлик сақланиб қолади.

 

Фуқаролик кодексининг 999-моддасига мувофиқ, фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.

 

Зарарни тўлаш мажбурияти ошиқча хавф манбаига мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи ёхуд бошқа ҳар қандай қонуний асосда (мулкий ижара шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган ишончнома, тегишли органнинг унга ортиқча хавф манбаини топшириш тўғрисидаги фармойишига кўра ва ҳоказо) эгалик қилувчи юридик шахс ёки фуқарога юкланади.

 

Транспорт воситаси томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун тайинланган жарималар, мазкур қонун талабига кўра, транспорт воситаси эгаси томонидан қопланиши лозим.

 

Ушбу ҳолатда жарималар келишига барҳам беришнинг ягона йўли, транспорт воситасини амалда бошқараётган шахс номига ўтказиш (бегоналаштириш) ҳисобланади.

 

Автомашинани қаерда эканлигини аниқлаш учун худудий ЙХХБ органларига мурожаат қилишингиз лозим.

 

Транспорт воситасини бундай оғзаки келишувга кўра, Бош ишончнома асосида сотилган тақдирда, қўлланилган жарима ихтиёрий тўланмаса, транспорт воситаси эгаси маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Юқоридагиларга кўра, сизга (транспорт воситаси эгаси) жаримани тўлаш оқибатида кўрган зарарни, жавобгар шахсдан умумий асосларга кўра ундириб бериш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз тушунтирилади.

 

Аббос САЙДАХМЕДОВ,

Тошкент шаҳар судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ТОШКЕНТДА ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИНИ МОДДИЙ ТАЪМИНЛАМАГАН ОТА ҚАМАЛДИ

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Бироқ мазкур мажбурият эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари дарз кетиши ва оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилиши натижасида аро йўлда қолмоқда. Икки томон ўз ҳақиқатини ҳимоя қилиб, ўз “мен”ини устун қўйиши оқибатидан келиб чиқадиган жабрни эса муҳаббат мевалари – фарзандлар тотмоқда… 

 

Ўз фарзандлари таъминотидан воз кечадиган оталар афсуски етарлича топилади. 45 ёшни қоралаган “қаҳрамони”миз ҳам 2 фарзанднинг отаси. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2018 йилдаги суд буйруғига кўра, ундан даъвогар фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзандининг таъминоти учун то улар вояга етгунга қадар қарздорнинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

 

Қарздор ота суд буйруғига биноан моддий ёрдамга муҳтож бўлган фарзандларини моддий таъминлаб туриши учун собиқ рафиқаси фойдасига алимент пул маблағларини тўлаб бориш унинг мажбурияти эканини билса-да, бироқ у 2018 йилнинг июлидан 2021 йилнинг августига қадар жами 35 733 293 сўмни тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2021 йилдаги қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.  

 

Бироқ, қарздор отага маъмурий жазо қўлланилганидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Даъвогар фойдасига вояга етмаган фарзандларини моддий таъминоти учун суд буйруғига асосан ундирилиши лозим бўлган алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келгани учун ушбу даврда икки ойдан ортиқ 3 947 201 сўм, жами эса 39 680 494 сўм алимент қарздорлиги вужудга келган.

 

Судланувчи ота суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди: — собиқ рафиқам билан қонуний никоҳдан ўтганмиз, икки нафар фарзандимиз бор. Оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрашганмиз. Моддий шароитим яхши бўлмагани сабабли икки ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент пулини тўламаганим учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2021 йилдаги қарорига асосан айбдор деб топилдим ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Маъмурий жазони ўтаб чиқдим. Ишим юришмагани сабабли алимент пулларини тўлай олмадим. Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан огоҳлантирилганман. Жами ундирилиши лозим бўлган 39 680 494 сўм алимент пулини тўламаганман, – дея унга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

 

Жабрланувчининг суд мажлисида берган кўрсатмасига кўра, ўтган давр учун ундирилиши лозим бўлган 39 680 494 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб, собиқ рафиқасини алиментдан воз кечишини айтиб қўрқитиб келган. — Йиллар давомида умуман алимент тўламагани сабабли етказилган моддий зарарни ундириб беришни, қонунда белгиланган қатъий чора кўрилишни сўрайман, – деб кўрсатма берди.

 

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

Судланувчи ЖКнинг 122-моддасининг (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 1 йил  озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Манфаатдор тарафларга келгусида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

 Акмал МИРЗАХАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раиси ўринбосари

«НОГИРОНЛИГИ БОРЛАРГА ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШДА ИМТИЁЗ БОРМИ?»

— I гуруҳ ногирониман. Соғлигим туфайли ишлай олмайман. Ажрашишга ариза бермоқчиман. Давлат божини тўлашда менга имтиёз борми?

Исми сир тутилди

Саида АБДУРАХМАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси:

 

— Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасида фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда тўғридан-тўғри ногиронлиги бўлган шахслар судга никоҳдан ажратиш масаласида мурожаат қилганда давлат божидан озод қилиниши белгиланмаган.

 

Бироқ, Фуқаролик процессуал кодексининг 133-моддасида суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш назарда тутилган. Мазкур қонун нормасига асосан сиз никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилишда, мулкий аҳволингизни тасдиқловчи ҳужжатни илова қилган ҳолда давлат божини кечиктириш ҳақидаги аризани тақдим қилишингиз, суд эса ўз навбатида асослар мавжуд бўлганда давлат божини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

 

Шу ўринда, фуқаролик процессуал қонучилигида қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган даъвогарларга судга мурожаат қилишда имтиёзлар берилган. Унга кўра, агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкинлиги маълум қилинади.

АВТОМАШИНАНИ ИШОНЧНОМА ОРҚАЛИ СОТГАНДИМ, ЭНДИ ЭСА ЖАРИМАСИНИ ТЎЛАБ ЮРИБМАН

– Бундан бир йил олдин машинамни бош ишончнома билан бир одамга сотгандим. Кейинроқ билсам, у олиб сотар экан. Автомобилни кимга сотган, ҳозир қаерда билмайман. Сотиб олган одамни ҳам тополмаяпман. Тўрт ойдан бери тинмай жарима хабари келади. Бундай вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди.

Аббос САЙДАХМЕДОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

– Аввало автомашина олди-сотди шартномасига тўхталсак, бундай шартномага мувофиқ сотувчи, сотиб олувчига ўзига тегишли автотранспорт воситасини мулк қилиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, автотранспорт воситалари олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши шарт.

 

Фуқаролар орасида бош ишончнома (“Генеральная доверенность”) деб номланган (фуқаролар ўртасида тузиладиган олди-сотди келишуви тасдиғи сифатида) хужжат расмийлаштириш кенг оммалашган. Бундай шартнома транспорт воситасини олди-сотди шартномаси кучга эга бўлмайди. У бир томонлама битим бўлиб, ишонч билдирувчига транспорт воситасини бошқариш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини беради, холос.

 

Ушбу ишончномаларда ваколатни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи кўрсатилганлиги боис, оғзаки келишувга асосан бир транспорт воситаси бир неча фуқаро орқали учинчи, тўртинчи ва ҳоказо шахсларга ўтиб кетади.

 

Бироқ, транспорт воситасига нисбатан мулк ҳуқуқи ЙХХБ органларидан давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг вужудга келади ва ишончнома расмийлаштирилганлиги мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтганини англатмайди. Шу сабабли мулкни нотариал бегоналаштириш шартномаси тузилмагунга қадар, ошиқча хавф манбаи эгасида жавобгарлик сақланиб қолади.

 

Фуқаролик кодексининг 999-моддасига мувофиқ, фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.

 

Зарарни тўлаш мажбурияти ошиқча хавф манбаига мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи ёхуд бошқа ҳар қандай қонуний асосда (мулкий ижара шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган ишончнома, тегишли органнинг унга ортиқча хавф манбаини топшириш тўғрисидаги фармойишига кўра ва ҳоказо) эгалик қилувчи юридик шахс ёки фуқарога юкланади.

 

Транспорт воситаси томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун тайинланган жарималар, мазкур қонун талабига кўра, транспорт воситаси эгаси томонидан қопланиши лозим.

 

Ушбу ҳолатда жарималар келишига барҳам беришнинг ягона йўли, транспорт воситасини амалда бошқараётган шахс номига ўтказиш (бегоналаштириш) ҳисобланади.

Автомашинани қаерда эканлигини аниқлаш учун худудий ЙХХБ органларига мурожаат қилишингиз лозим.

 

Транспорт воситасини бундай оғзаки келишувга кўра, Бош ишончнома асосида сотилган тақдирда, қўлланилган жарима ихтиёрий тўланмаса, транспорт воситаси эгаси маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Сиз жаримани тўлаш оқибатида кўрган зарарни, жавобгар шахсдан умумий асосларга кўра ундириб бериш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

ЎРТАДА ФАРЗАНД БЎЛМАСА НИКОҲДАН АЖРАЛГАНДА МОЛ-МУЛК ҚАНДАЙ БЎЛИНАДИ?

— Ўғлим 8 йиллик турмуши давомида фарзандли бўлмади. Эр-хотин ҳадеб жанжаллашавергач, келиним отасиникига кетиб қолди-ю, бир ойдан сўнг ажрашишга ариза берди. Икки марта суд бўлди, ҳозир учинчи муҳлат берилган. Келинимни чиндан ҳам ажрашиш нияти бўлса, «ЗАГС» орқали ҳам ажрашса бўлади. Аммо у мол-мулк тақсимоти учун ариза берган. Ўғлимни номида фақат машинаси бор. Уй-жой, фабрикалар, далаҳовли – ҳаммаси мен ва турмуш ўртоғимнинг номимизда. Ўғлим хотинига ҳам машина олиб берган. Бундай вазиятда мол-мулк тақсимоти қандай бўлади?

Исми сир тутилди.

Фарход ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

 

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин. Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.

 

Шунингдек, қоидага кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади. Агар эр ва хотиндан бири умумий мол-мулкни эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.

Skip to content