Қидирув:

“БУ ГАЛ ҲАМ ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАНАДИМИ?”

— Ўғлимни уйлантирганимизга 15 йил бўлди, икки нафар фарзанди бор. Хотини ўн беш йилдирки “сизда кўнглим йўқ, мажбурлаб узатишган”, деб жанжал қилади. Битта уйда алоҳида хоналарда яшаб келишган. Охири бундай яшаб бўлмаслигини тушуниб, ўғлим ажрашишга ариза берди. Судда 6 ой мухлат берилди. Эр-хотин ажрашишга рози, лекин суд ажраштирмаяпти. Яқинда ўғлим “аризам рад этилибди, қайтадан топширишим керак экан”, деди. Бу гал ҳам давлат божи тўланадими? Набираларим биз билан бирга яшайди. Онасини улар билан иши йўқ. Яшашни хоҳламаса мажбурлашни нима кераги бор?

Исми сир тутилди

 Дилшод ХАСАНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

— Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги қарорининг 18-бандига кўра, айнан ўша тарафлар томонидан айнан ўша асослар бўйича никоҳдан ажратиш тўғрисидаги такрорий даъво аризаси суднинг иш юритувига бундай даъвони рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг даъводан воз кечганлиги ёхуд тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб, камида олти ой ўтгандан сўнг (ҳал қилув қарори чиқарилган кундан бошлаб етти ой ўтгач) қабул қилиниши мумкин. Бундай даъво янги асосларга кўра тақдим этилганда, такрорий даъво аризаси мазкур муддатга риоя қилинмасдан берилиши мумкин.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси судга Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда берилади. Судга даъво аризани беришда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида давлат божи ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг етти фоизи миқдорида почта харажати тўланади.

ТАДБИРКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ УЧУН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА 33 МИЛЛИОН СЎМГАЧА 14 ФОИЗЛИК КРЕДИТЛАР БЕРИЛАДИ

Жамиятнинг ҳар бир бўғинида хотин-қизларнинг  ўрни беқиёс. Бугунги кунда давлатимизда  аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, имтиёзлар ва кафолатлар бериш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

 

Яхши биламиз,  давлат ташкилотларида кадрлар билан боғлиқ масалаларда хотин-қизларнинг салмоқли ўрни бор. Аммо жуда кўплаб тажрибали ва унумдор иш меҳнати салоҳиятига эга хотин-қизлар олий маълумотга эга эмас. Давлат ташкилотларида бир неча йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келишларига қарамасдан, олий маълумот дипломи йўқлиги сабабли кўпгина хотин-қизлар иш фаолиятларида юқори поғоналарга кўтарила олмаяпти. Жумладан, суд тизимида ҳам. Қувонарлиси, кадрлар билан боғлиқ мазкур масала 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўз ечими топиши кутиляпти.

 

Хусусан, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафардан иборат хотин-қизларни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

 

Мазкур квоталарнинг ажратилиши давлат ташкилотларида кадрлар билан боғлиқ масалаларга ижобий таъсир кўрсатади.

 

Хотин-қизларни ўқитиш масаласи фақат шу билан чекланиб қолмаган. Президентнинг юқоридаги Фармони асосида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари ажратилади.

 

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш учун 2022 йил 1 июнь санасигача тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишига оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу билан суд орқали тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг манфаатлари янада кўпроқ ҳимоя қилинади.

 

Хотин-қизларнинг минимал истеъмол харажатларининг қопланиши уларнинг жамиятдаги мавқеини оширади. 2022 йил 1 сентябрь санасидан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланаяпти. Бу ҳолат нафақат бюджет ташкилотларида балки бюджетдан ташқари ташкилотларда ҳам аёлларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, бюджетдан маблағ олмайдиган ташкилотлар учун ўзларининг аёл ишчилари учун қўллаб-қувватлаш вазифасига айланади.

 

Бундан ташқари, Ҳукумат қарори (145-сон, 31.03.2022 й.) билан “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Низомга мувофиқ, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги хотин-қизлар киритилади:

🔹ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
🔹тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
🔹боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
🔹ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
🔹уй-жойга муҳтож хотин-қизлар;
🔹қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор эҳтиёжманд хотин-қизлар.

 

Тадбиркорликни йўлга қўйиш учун хотин-қизларга 33 млн сўмгача 14 фоизлик кредитлар:

🔹оилавий тадбиркорлик учун – 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
🔹чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
🔹боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача ажратилади.

Аёлларга 5 миллион сўмгача кредитлар нақд берилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур низом тасдиқланиши муносабати билан “Аёллар дафтари”га оид илгариги вақтинчалик тартиб бекор қилинди.

 

Жасур СИРОЖЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

“АЖРАШИШ ВА БОЛАГА ФАМИЛИЯ БЕРИЛИШИ МАСАЛАСИНИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИШ МУМКИН?”

— Икки йил олдин япониялик йигитга турмушга чиққандим. У билан ўзимизда «ЗАГС» дан ўтганмиз. Аммо ҳаётимиз бўлмади. Келишмовчиликлар кўпайгач, мен Ўзбекистонга қайтдим, у юртида қолди. Бу орада бефарзанд узоқ қариндошларимиздан бири менга оғиз солди. Яқинда ўғилли бўлдим. Турмуш ўртоғим болани ўз фамилиясига олмоқчи, бироқ бунинг учун отасининг розилиги керак экан. У эса Японияда, Тошкентга келишни хоҳламаяпти. Қўнғироқларимга жавоб бермаяпти. Ажрашишни ҳал қилиш ва болага фамилия берилиши масаласини қандай ҳал қилиш мумкин?

Исми сир тутилди  

 

Ахрор СУЛАЙМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

— Ушбу ҳолатда, cиз япониялик йигитнинг Ўзбекистон Республикасидаги сўнгги яшаш жойидаги судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилишингиз лозим. Суд ўз навбатида фуқаролик ишини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўради.

Ўғил фарзандли бўлган бўлсангиз, унинг отаси сифатида турмуш ўртоғингиз, яъни япониялик йигит қайд этилган бўлса, унда ҳақиқатдан ҳам, болангизни бошқа шахс томонидан фарзандликка олиш учун унинг розилиги керак бўлади. Ундан ташқари, агар турмуш ўртоғингиз фарзандига нисбатан ўз оталик мажбуриятларини бажармаётган бўлса, ундан хабар олмасдан, моддий ёрдам бермасдан, унинг тарбиясида иштирок этмаётган бўлса, уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилишингиз мумкин бўлади. Агар келгусида, у оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинадиган бўлса, болангизни бошқа шахс томонидан фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинмайди.

ТОШКЕНТДА 30 ЁШЛИ РАҲБАР 36 КИШИНИНГ НОМИГА КРЕДИТ ОЛГАН. АММО У ФУҚАРОЛАРНИНГ БУНДАН ХАБАРИ ЙЎҚ

Паркент туманида яшовчи 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси З.Қосимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига почтадан хат келади. Табиийки, у хатни очиб ўқийди.

 

“Ўзсаноатқурилишбанк” амалиёт бошқармаси томонидан жўнатилган огоҳлантириш хатида кредит шартномаси асосисда 15 миллион 609 минг сўм пул маблағи ажратилганлиги, бироқ ушбу кредит қарздорлиги сўндирилмаганлиги сабабли тўлашилозимлиги ёзилган эди. Ўқиувчи ҳайрон бўлди. Эҳтимол, адашиб жўнатишгандир, ўйлади у. Орадан маълум муддат ўтгач, шундай “мактуб” яна келди. З.Қосимова масалага ойдинлик киритиш мақсадида йўлга чиқади. Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган “Ўзсаноатқурилишбанк” амалиёт бошқармасига боради. Банк ходимларига хатни кўрсатади.

 

— Опа, сизнинг номингизга онлайн кредит олинган. Кредит суммаси пластик картангизга ташлаб берилган.

 

— Бўлиши мумкин эмас, – деди З.Қосимова жаҳли чиқиб, – Мен ҳеч қачон кредит олмаганман. Банкка ҳам келган эмасман.

 

— Агар сиз кредит олмаган бўлсангиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

 

Шундан сўнг, З.Қосимова Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза ёзади.

 

З.Қосимовага ўхшаш “мактуб” олганлар сони анча кўп экан. Бирининг номига 19 миллион 500 минг сўм, иккинчисининг номига 29 миллион 319 минг сўм, учинчисининг номига 12 миллион 996 минг сўм, хуллас, жами 178 миллион 73 минг сўм қалбаки ҳужжатлар асосида онлайн кредитлар олинган.

 

Текширишларда аниқландики, Паркент туманида яшовчи Э.Юсупов “Javohir Hurshidbek” ва “Eco markaz shop” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ва раҳбари лавозимида ишлаб келиб, ғайриқонуний йўллар билан қўлга киритилган ўзгаларнинг паспорт нусхаларидан фойдаланиб режасини амалга оширган. 36 нафар фуқарони МЧЖнинг ишчи-ходимлари эканлиги тўғрисида ҳужжатни қалбакилаштириб, банкка тақдим этиб, пластик карталарни расмийлаштиради.

 

Эндигина 30 ёшга кирган бу йигитнинг қилмишлари суриштирув ва тергов жараёнида фош этилди.

 

Суд унга жазо тайинлашда етказилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади.

 

Завқиддин ЯРАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди судьяси

ҚАЙНОПАСИНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ БОСҚИНЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛГА КИРИТГАНЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёти, соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, унга эгалик қилиш  ҳар қайси замон ва маконда энг ёмон иллат сифатида қораланган. Бировнинг мулкига кўз олайтириш, унга яширинча эга чиқишга уриниш – разилликдан бошқа нарса эмас. Меҳнат билан эришиб, тановул қилган бир бурда ноннинг мазаси, ўғрилик қилиб еган дунёдаги энг тансиқ таомлардан яхшироқдир. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони босқинчилик қилиш нияти бўлмаганлигини, кетиб қолган хотини ва фарзандини олиб кетиш мақсадида қайнопасининг уйига келганлигини рўкач қилди. Аммо ёлғоннинг умри қисқа, унинг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган бу важи, ўз тасдиғини топмади…

Пул ва тақинчоқларни қўлга киритишади

Эсонов Рамазон (исм-шарифлар ўзгаритирилган) жиноий шериги Акромов Сардор билан тил бириктириб, ўзининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи қайнопаси Ҳасанова Собиранинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, босқинчилик йўли билан унинг мол-мулкини қўлга киритишни режалаштиради. Улар жиноятни амалга ошириш мақсадида юзларига қора рангли тиббий ниқоб тақиб, бармоқ изларини қолдирмаслик мақсадида қўлқоп кийишади. Жабрланувчининг қаршилигини енгиш учун темир бўлаги, синтетик арқон ва скотч лентаси ўрами билан қуролланишади. Ўша куни опасининг уйига келган Мансурова Паризода уйга кираётган вақтда унинг ортидан ҳужум қилган ҳолда уйга бостириб киришади. Унинг қўлларини синтетик арқон ва скотч билан боғлашади. Кейин ётоқхонада турган жавон эшигини бузиб, у ердан Ҳасанова Собирага тегишли бўлган 85.001.227 сўмга тенг миқдордаги пул маблағлари, валюта қимматликлари, мол-мулки ва шахсий ҳужжатларини олиб, воқеа жойидан яширинишади.

“Ҳаммасини қайтармоқчи эдим…”

Судланувчи Эсонов Рамазон суд мажлисида, айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

– Акрамов Сардор оилавий танишим бўлиб, уни тўрт-беш йилдан бери  танийман. Ҳасанова Собира қайнопам, Мансурова Паризода қайнсинглим бўлади. Қайнопам Ҳасанова Собира Туркиядан қайтганидан кейин турмуш ўртоғим Эсонова Манзура ҳеч бир сабабсиз, жанжалсиз вояга етмаган ўғлимни олганча уйдан кетиб қолди.Мен уни қидиришни бошладим. Кейинчалик қайнопам ўғлим билан хотинимни Туркияга олиб кетмоқчи бўлаётганини эшитдим. 2020 йилнинг 5 январь куни Қашқадарёдан чорва молларини ортиб, Тошкентга келдим. Уларни сотиб, яна турмуш ўртоғимни қидира бошладим.Аммо уни тополмадим, хотинимнинг аммаси менга қайнопамнинг уй манзилини берди. Тошкентда юрганимда танишим Акромов Сардорни учратиб қолдим. Суҳбат давомида унинг ҳам хотини Туркияга кетиб қолганини билдим. Мен ҳам унга вазиятимни тушунтирдим. Биз биргаликда қайнопамнинг уйига бордик. Қайнсинглим Мансурова Паризода эшикни очаётганда унинг олдига бордик, аммо у бизни кўриб, бақир-чаир қилди. Ўртада жанжал кўтарилди. Шундан кейин уни ичкарига олиб кириб, жаҳл устида қўлларини боғладим. Акрамов Сардор ҳам ортимдан кирди. У ерда хотиним билан ўғлим йўқлигини кўриб, уйдан чиқиб кетдик. Бироз вақт ўтгач, Сардор менга қўнғироқ қилиб, олдига чақирди. Борсам, у қайнопамнинг тилла тақинчоқлари ва пулларини олганлигини айтди. Мен ундан ҳаммасини – пуллар ва қимматбаҳо буюмларни олиб, хотинимга қайтармоқчи бўлдим, аммо хотиним қўнғироқларимга жавоб бермади. Ҳозирда қилмишимдан жуда пушаймонман, жазо тайинлашда енгиллик беришингизни сўрайман. 

Ҳукм ўқилди

Судланувчилар Эсонов Рамазон ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилди ва 7 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Акромов Сардорга эса ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб,10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фаррух ТЎРАХЎЖАЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси, 
Лола Шоимова журналист

Skip to content