Қидирув:

ФАРЗАНДИНИНГ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Болага болалигини болалигида бериш керак. Уларнинг “хотира китоби”да оилавий низолар, дилхираликлар эмас, балки ота-онасининг бир-бирига бўлган меҳри, бир дастурхон атрофида жам бўлган бахтли оила, қувонч, кулги, фарзандлар билан ўтказилган унитилмас дақиқалар мухрланиб қолиши керак. Бироқ айрим ота-оналар ўз худбинликларини деб фарзандини тўлақонли оила бағрида улғайишдан мосуво қилиб қўйишади. 1990 йилда туғилган судланувчи ҳам уч нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Афсуски, судланувчининг фарзандлари ҳам айни ўша айрим болалар қаторида…   

 

Судланувчи отадан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун ҳар ойда ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ҳатто 2020 йил 1 июндан 2021 йил 1 апрелга қадар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг қарори билан маъмурий жазога тортилган. Шунга қарамай, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, 8 557 608 сўм алимент пулларини тўламай келган.

 

— Ишларим юришмагани, моддий қийинчиликларим бўлганлиги сабабли, алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмадим. Ҳозирда таксичилик қилиб кун кўраяпман. Имконият берилса, алимент пулларини бўлиб-бўлиб тўлаб бераман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, – деди суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган ота. 

Суд мажлисида жабрланувчи она ҳам ўз ҳақиқатлари билан бўлишди. — Фарзандидан хабар олмайди. Фарзандимни даволатиш учун пул зарур. Бироқ доим қуруқ ваъдалар эшитаман, алимент пулларини тўламай алдаб юрибди, – деди 15 996 251 сўм алиментдан бўлган қарздорликни ундириб бериш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинлашни сўради она.

 

Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 15 996 251 сўм алимент пули ундирилиши белгиланди.

Зохиддин Нуриддинов,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

“БОЛАСИ БЎЛСА, УЙДАН ЧИҚАРОЛМАЙМИЗМИ?”

— Акам бир аёл билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Бир нафар фарзанди бор. У аёлни онамнинг номида бўлган квартирага жойлаштирган. Ҳозирда акам келинойим билан ярашиб олиб, оиласига қайтди. Бироқ иккинчи уйлангани онамнинг уйидан чиқиб кетишни хоҳламаяпти. «Судга берамиз», десак, « болам бор, барибир уйдан чиқариб юбора олишмайди», деяпти. На «ЗАГС»и ва на «прописка»си бор. Шунда ҳам онамни уйида яшайверадими?

Исми сир тутилди.

Аббос САЙДАХМЕДОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Фуқаролик процессуал кодекснинг 3-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

 

Олий суди Пленумнинг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарорида тушунтирилишича, уйдан кўчириш ҳақидаги низолар судларда кўриб чиқилади.

 

Оила аъзолар, собиқ оила аъзолари, фарандлар (фарзандликка олинганлар)ни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи Уй-жой кодексининг 32-моддасида келтириб ўтилган.

 

Унга кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

 

Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.

 

Мурожаатдаги важлардан кўринишича, акангиз шаърий никоҳдаги аёли билан онангизга тегишли квартирада биргаликда яшаб келишган.

 

Бундай тоифадаги низоларни кўришда, судлар Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига мувофиқ, мулкдор оила аъзоси унинг розилиги билан киритилганми, у киритилган пайтда доимий ёки вақтинча яшаши юзасидан келишув бўлган ёки бўлмаганини аниқлайди.

 

Агар акангизнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёли онангизнинг розилиги билан киритилган бўлса ва у киритилганида бошқача ёзма келишув тузилмаган бўлса, у турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Турар жойдан яшаш ва фойдаланиш учун албатта доимий рўйхат (прописка) бўлиши шартлиги, акс ҳолда фуқаро турар жойдан кўчирилиши шарт эканлиги қонунда назарда тутилмаган.

 

Бунда фуқаро мулкдорнинг оила аъзоси бўлиши ва у вақтинча ижара ёки текин фойдаланиш асосида яшаб келмаганлиги эътиборга олинади.

 

Шу билан бирга сиз маълум қилган аёл уйда яшашда турмуш қоидаларига риоя қилиши, уй-жойдан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олиши лозимлиги қайд этилади.

 

Уй-жой кодексининг 74-моддасида агар муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки у билан доимий яшаётган фуқаролар турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлсалар, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, шунингдек шартномада узоқроқ муддат белгиланмагани ҳолда ижарага олувчи турар жой ҳақини олти ой тўламаган бўлса, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган тўлов муддати ўтганидан сўнг икки мартадан ортиқ тўланмаган ҳолда ижарага берувчи ёки ўзга манфаатдор шахсларнинг талаби бўйича айбдорларни кўчириш бошқа турар жой бермасдан амалга оширилади.

 

Юқоридагиларга асосан сиз маълум қилган шахс агарда турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлса, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, уни уйдан кўчириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз тушунтирилади.

УЧТА БОЛАГА ҚАНЧА МИҚДОРДА АЛИМЕНТ ТЎЛАНАДИ?

— Cуд учта болага ¼ миқдорда алимент белгилаган. Ҳозирда ойига кам алимент оляпман. Лекин бу пул ҳеч нимага етмаяпти. Учта болага оз миқдорда алимент тўланиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддаси талабига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Мазкур Кодекснинг 98-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

 

Шу Кодекснинг 99-моддаси талабига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, суд қарорининг қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширув фақат юқори турувчи суд инстанцияси томонидан амалга оширилади.

 

Хусусан, ФПКнинг 383-моддасига асосан тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин. Бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно. Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.

 

Суд қароридан норози бўлган тақдирингизда ФПКнинг 385-387-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эгасиз. Юқори инстанция суди суд ҳужжатига нисбатан келтирилган апелляция шикоятига асосангина ўз ваколатлари доирасида унинг қай даражада қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириб чиқади.

“УЙ-ЖОЙНИ НОМИМГА ЎТКАЗИШ УЧУН ЎҒЛИМНИНГ РОЗИЛИГИ КЕРАКМИ?”

— Турмуш ўртоғим 8 ой олдин вафот этди. Ўғлим мана 15 йилдирки, Россияда. Уй-жой эримнинг номида. Уй автоматик равишда менинг номимга ўтадими ёки ўғлимнинг розилиги керакми? Унга бу ҳақда айтганимда, эътирози йўқлиги ҳақида ҳужжат жўнатмади.  

Исми сир тутилди

Аҳрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.

 

Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.

 

Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.

 

Ушбу модданинг 2-3 қисмларига асосан, фарзандингизни улуши сақланиб қолади. Яъни ФКнинг 1134-моддасига кўра биринчи навбатдаги меросхўр ҳисобланади.

ЎҒЛИМДАН АЛИМЕНТ УНДИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛАЙ?

— II гуруҳ ногирониман, ёшим 70 дан ошган. Кексайганимда ёлғиз ўғлим ўз ҳолимга ташлаб қўйди. Сўнгги пайтда тез-тез тобим қочиб, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолдим. Олаётган пенсиям дори-дармонимга ҳам етмаяпти. Моддий томонлама қийналиб қолганим учун ўғлимдан алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилгандим. 2021 йилда суд ўғлимдан алимент ундирилсин, деб қарор чиқарди. Лекин орадан шунча вақт ўтса-да, ўғлим алимент тўламаяпти. Ўғлимдан алимент ундириш учун қаерга мурожаат қилай?

Исми сир тутилди

Дилфуза ДАДАЖОНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Қонунчиликка асосан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанд ота-онасига таъминот бериши, ғамхўрлик қилиши шарт.

 

Ҳатто ота-она давлат ёки нодавлат муассасалари қарамоғида бўлса ҳам болалари уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод этилмайди. Демак, ўғлингиз сизга моддий томонлама ёрдам бериши керак.


Алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан оз бўлмаслиги керак. Агар ўғлингиз суднинг ҳал қилув қарорида белгиланган алимент пулини икки ойдан ортиқ муддат давомида тўламаса, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 47-5-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.

 

Ўғлингиз маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўламаса, «Жиноят кодекси»нинг 123-моддасига асосан, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Шуни унутманг, алимент тўламагани учун жавобгарликка тортилган шахс алимент қарзини тўлашдан озод қилинмайди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, алимент ундириш бўйича ижрони ўғлингиз доимий яшаш жойидаги туман маъмурий ижро бюроси давлат ижрочиси амалга оширади. Ижро қилиш учун суднинг электрон дастури орқали жавобгар, яъни ўғлингизнинг доимий яшаш жойидаги мажбурий ижро бюроси бўлимига ижро варақаси тузилиб, электрон шаклда юборилади. Давлат ижрочисига алимент ундириш қарорини дарҳол ижро қилиши лозимлиги тўғрисида хабар берилади.

 

Шундан сўнг у ундирувчи ва қарздорга ижро иши олиб борилиши тўғрисида хабар бериш чораларини кўради. Демак, алимент ундириш тўғрисидаги суднинг қарорига асосан, сиз ижро варақаси юборилган туман мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишингиз лозим.


Меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-онасининг касаллиги ва бошқа узрли сабабларга кўра, қилинадиган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шартлиги қонун билан белгиланган.

 

Қўшимча харажатлар қилишга сабаб бўлган ҳолатлар суд томонидан ҳар бир иш бўйича алоҳида тартибда аниқланиб, фавқулодда ҳолат сабабли, яъни ота-онанинг ўзининг соғлигини тиклаш учун бошқа чораси бўлмаган вазиятда қўшимча харажат қилишига мажбур бўлганлигидан келиб чиқиб, даъво талабининг асосли ёки асоссиз эканлигига ҳуқуқий баҳо берилади.

УЙ ҲУЖЖАТЛАРИ ТЎЛИҚ БЎЛМАСА МЕРОСНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИШ МУМКИН?

— Опам турмуш ўртоғи билан 15 йил шаръий никоҳ асосида яшади. Тақдир экан, иккиси ҳам вафот этишди. 6 йилдан бери мен опамнинг уйида яшаяпман. Барча тўловларни тўлаяпман. Уйни ўзимни номимга ўтказишим муаммо бўляпти. Сабаби, уй ҳужжатлари тўлиқ эмас, буни устига поччамнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, ота-онасининг ўлим гувоҳномалари йўқ. Поччамнинг акаси бор, аммо у ҳам ҳеч нимани билмайди. Уйни ўз номимга ўтказишим учун нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Ҳилола ЭРГАШЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Агар уй-жой марҳум опангизнинг номида бўлса ва сиздан бошқа қариндошлари (болалари, ота-онангиз, опа-сингиллар, ака-укалар) бўлмаса, унда сиз ягона меросхўр сифатида меросни расмийлаштиришингиз мумкин. Мерос нотариал тартибда, қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатларни  тақдим қилган ҳолда расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжатлар  мавжуд бўлмаса, аввал судга қариндошлик (опа-синггил) фактини   тасдиқлаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш лозим. Суд қариндошлик (опа-сингил) фактини таслиқлаб берса, кейин меросни  нотариал тартибда расмийштириб, меросхўр сифатида эгаликни белгилаш мумкин.

 

Агар низоли уй поччангизнинг номига расмийлаштирилган бўлса, мазкур уйда 18 йил давомида узлуксиз яшаб, уй-жойга ўзингизикидек каби виждонан муносабатда бўлиб, барча тўловларни шу муддат давомида амалга ошириб келсангиз, унда эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат – 18 йил асосида (15 йил + 3 йил даво муддати)  судга  ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

АЛИМЕНТ УНДИРИШ ҲАҚИДАГИ ИЖРО ҲАРАКАТЛАРИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ТУГАТИЛИШИ МУМКИН?

— Собиқ эримнинг икки йиллик алимент қарздорлиги бор. Яқинда ижрочиларга ундирувни таъминлаб беришларини сўраб мурожаат қилганимда, қарз аллақачон ёпилганини айтишди. Лекин мен бир сўм ҳам олмаганман. «Нимага асосланиб ёпилди? Пули қани?» деган саволларим очиқ қолди. Бу вазиятда нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Беҳзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:

 

— Суд буйруғи ёки даъво ариза орқали вояга етмаган фарзандларнинг таъминоти учун қарздордан ундирилган алимент, ундирувчининг алимент ундиришдан воз кечиш ҳақидаги аризаси асосида ижро иш юритуви “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилади.

 

Алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳаракатлари ундирувчи  ва  қарздор  ўртасида  суд томонидан тасдиқланган келишув битими тузилган ҳолатларда, ундирувчи ёки  қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда, бедарак йўқолган деб  топилганда, агар суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжатида қўйилган талаблар ёки мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ёки бедарак йўқолганнинг мол-мулкини ишончли бошқариб турган шахсга ўтиши мумкин бўлмаган ҳолатларда тугатилиши мумкин.

 

Агарда вога етмаган фарзандларнинг таъминот ундириш ҳақидаги суд буйруғи қарздорнинг аризасига кўра, суд томонидан бекор қилинганда суд ижрочиси томонидан ижро иши юритишни тургатиши мумкин. Бундай ҳолатда алимент ундирувчи даъво ариза тариқасида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи вужудга келади.

«БОЛЬНИЧНЫЙ»ДАН КЕЙИН «ДЕКРЕТ» ОЛСА БЎЛАДИМИ?

— Ҳозирда «больничный»даман, ўтган ой ўз ҳисобимдан таътил олганман. Икки ойдан кейин «декрет»га чиқишим керак. Менга қанча миқдорда «декрет» пули тайинланишини билмоқчи эдим.

Исми сир тутилди

Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Меҳнат кодексига биноан ходимлар ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, болаларни парваришлаш таътиллари каби ижтимоий таътил олиш ҳуқуқига эгадирлар.


Ушбу кодекснинг 233-моддасига биноан аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.


Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.


Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.


Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади.


Демак, меҳнат қонунчилиги, хусусан юқорида қайд этилган низом талабларидан келиб чиқиб, Сизга ташкилот томонидан тегишли миқдордаги “декрет пули” тўланиши лозим бўлади.

АЛИМЕНТ ПУЛИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

— Турмуш ўртоғим биринчи турмушидан бир нафар фарзанди билан ажрашган. Фарзанди учун алимент тўлайди. Бола туғилган пайти эрим Россияда бўлган. Қизиғи, хўжайним ўша боланинг биологик отаси эмас экан. Буни ундан сир сақлашган. Орадан бир неча йил ўтиб, бу ҳақда эшитиб, ишонмай, ДНКдан ўтказган. Шунда боланинг отаси эмаслиги тасдиқланган. Энди эрим бола учун тўлаган алимент пулини қайтариб олмоқчи. Шундай қилиши мумкинми? Бунинг тартиби қандай?

Исми сир тутилди

Азиз РАХМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

 

Ушбу Кодекснинг 63-моддасига биноан, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

 

Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.

 

Шунга кўра, вояга етмаган боланинг ота (она)си эканлигига шубҳаси бўлган шахс ота (она)ликка эътироз билдириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин. Суд томонидан кўриладиган ишнинг натижаси бўйича боланинг биологик ота (она)си эмаслиги аниқланган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарорига асосан боланинг туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзувга ФҲДЁ органлари томонидан тегишли ўзгартириш киритилади.

 

Ушбу ҳолатда, боланинг таъминоти учун алимент тўлаб келаётган ота (она) алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги талаб билан алимент олувчи шахс доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Ушбу мазмундаги талаб билан мурожаат қилинган ҳолда Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарорининг 21-бандига асосан, бекор қилинган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун белгиланган суммадан келиб чиққан ҳолда давлат божи миқдори белгиланади ва даъвогардан ундирилади.

 

Оила кодексининг 143-моддасига биноан, алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди. Бироқ, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

 

алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;

 

алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;

 

алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар вояга етмаган боланинг ёки вояга етган муомалага лаёқатсиз алимент олувчининг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.

 

Юқоридаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган ҳолларда алимент тўловчи шахс томонидан тўланган алимент тўловини ёки етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талаб билан ушбу ҳолатни исботловчи ҳужжатларни ва далилларни аризага илова қилган ҳолда, алимент олувчи шахс ёки айбдор вакил доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга асосан, талаб қилинаётган даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.

 

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 458-459-моддаларига асосан, ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).

 

Иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.

 

Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли.

 

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.

 

Шу билан бирга, ФПКнинг 461-моддасига биноан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилиши мумкин.

 

Агар шахсга жавобгарнинг қонунга хилоф ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оқибатида маънавий зарар етказилган ҳолларда ушбу талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ҚИЛГАНЛАРГА ЖАРИМА ЖАЗОСИ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида тумандаги “Янги Сирғали” маҳалла фуқаролар йиғини биносида учрашув ташкил этилди.

Мазкур учрашувда Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Баҳодир Юсупов, туман прокурори катта ёрдамчиси Б. Акромов, Кадастр агентлигининг туман бош инспектори Н. Азимов, МФЙ раиси Т. Носиров ва маҳалла фаоллари, профилактика нозирлари иштирок этишди.

 

“Янги Сирғали” МФЙ раиси йиғилишни очиб, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Баҳодир Юсупов томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”да маълумотлар ёритилишини билдириб, бу маълумотлар фуқароларнинг маънавий онгини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимо суд ҳимоясида эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

 

Шундан сўнг сўз туман суди судьяси Баҳодир Юсуповга берилди. – Фуқаролар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2,3,4-қисмлари, 60-1, 68, 68-1, 69-моддалари, яъни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва кадастр агентлиги билан боғлиқ ҳолатлар бўйича бугунги кунда кўплаб шикоятлар келиб тушяпти. Мазкур турдаги ишларни кўриб чиқиш давомида фуқаролар томонидан қонунни билмаган ҳолда йўл қўйилаяпти.

 

Бу эса ўз навбатида фуқароларимизга мазкур ўзгариш ва қўшимчаларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ишларини олиб бориш заруратини вужудга келтиряпти. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни фуқароларга амалий мисоллар ёрдамида тушунтириш учун ушбу йиғилиш туман суди, прокуратураси ва кадастр агентлиги вакиллари билан бирга ўтказилаяпти, – деди судья.

Ер бўйича қонун бузилиш ҳолатларини тушунтириш учун кадастр агентлиги вакили ҳам сўзга чиқди: “ҳозирги кунда, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигига МЖтКнинг 266-1-моддаси билан бир қатор ваколатлар берилган бўлиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатларига нисбатан агентлик томонидан бир қатор таъсир чоралари кўрилмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари бўйича МЖтКнинг 60-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробарида, мансабдор шахсларга нисбатан 50 баробарида, агар ушбу ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонида ноқонуний қурилма барпо этган ҳолатларда ушбу модданинг 3 қисми билан яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида, мансабдор шахсларга эса 300 баробарида жарима қўллашга сабаб бўлади. Мазкур жарималарни қўлланишига сабаб, фуқаролар томонидан ер майдонлари ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилганлиги шаҳарсозлик нормаларига мос келмаслиги, умумий фойдаланишда бўлган ер майдонларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида ноқонуний тартибда эгаллаб олиши ҳолатлари кўплаб учраяпти”.

– Бугунги кунга келиб, Республикамиз аҳоли сони ортиши натижасида турар жойга бўлган эҳтиёж кун сари ортиб бораяпти. Ўз навбатида мазкур турдаги қонунчиликларни бузилишига ёки қонун нормаларини бажармасликка олиб келган. Ер бўйича қонунчилик талабларини бажармаган шахсларга нисбатан МЖтКнинг 60-моддаси ва ЖКнинг 229-1-моддаси доирасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари, ёҳуд озодликдан чеклаш каби жазолар белгиланган, – деди қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тушунтириш берган туман прокурори катта ёрдамчиси.

Учрашувда МЖтКнинг 60-моддаси 2-қисми билан ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсларга нисбатан судга тақдим этилган ҳужжатлар асосида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Саёр судда ҳуқуқбузарликни содир қилган шахслар томонидан ўз ихтиёрлари ва маблағлари ҳисобидан ҳуқуқбузарлик оқибатларини ўттиз кунлик муддатда бартараф қилганлиги сабабли, шу модданинг 4-қисми ва 271-моддаси 1-қисми 10-банди асосида уларга нисбатан тайинланган жарима жазолари бекор қилиниб, маъмурий иш тугатилди ва шахсларга тушунтиришлар берилди.

 

Учрашув якунида, жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди судьяси сўзга чиқиб, фуқароларга қонундаги ўзгаришлар, ер қонунчилиги бўйича содир бўлаётган ўзгаришлар бўйича тўлиқ тушунтиришлар бериб, фуқароларни қийнаб келаётган саволларга жавоб берди ва сайёр суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилди.

Skip to content