Қидирув:

Баҳолаш шаффофлиги

мулкий низоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга

Маълумки, мулкдорлар мол­мулки паст нархда, яъни бозор баҳосида баҳоланмагани ёхуд баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда мол-мулкнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинмаганидан норози бўлган тақдирда судга мурожаат этиши мумкин. Чунки “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 181-моддаси бешинчи қисмига асосан буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончлилиги тўғрисида олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда низо судда кўриб чиқилади.

Аммо суд амалиётида ушбу қои­дани қўллаган ҳолда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ишончли эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво талаби буюртмачи томонидан билдирилмагани, қонун талабига кўра, фақат буюртмачигина низолашиши мум­кинлиги, мулкдор баҳолаш ҳисоботининг буюртмачиси бўлмагани сабабли юридик ёки жисмоний шахсларнинг даъво аризаларини рад этиш ҳолатлари учрайди.

Ваҳоланки, Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинлик­ларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Қолаверса, Асосий қонунимизнинг 65-моддасига асосан хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси биринчи қисмида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Шу боис мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулк­дор­лар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш мақсадида “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 181-моддаси бешинчи қисмига нафақат буюртмачи, балки ҳар қандай манфаатдор шахс, шу жумладан, баҳолаш объек­тининг мулк­дори ҳам баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот (баҳолаш материаллари) бўйича суд орқали низолашиши мумкинлигини белгилаш ҳақида ўзгартиш киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ушбу ўзгартиш келгусида қонунчиликдаги бўшлиқни тўл­дириши баробарида хусусий мулк дахлсизлиги ва мулк ҳуқуқини таъминлаши шубҳасиз.

Мансур Эргашев,

Тошкент шаҳар суди судьяси.

«Куч адолатда» газетаси 2023 йил 15 сентябрь №40 сони

ФАХРИЙЛАР АРДОҚДА

Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У. Алмамедов ва Олий суд катта консультанти Ш. Аҳадовалар фахрий судья Хайриниса Ҳакимова хонадонида бўлиб, суд фахрийсининг холидан хабар олишди. Гап яқин ўтмишдаги босиб ўтилган йўллар, ҳозирги давр ҳақида бўлди. Судьялик инсон тақдири билан боғлиқ вазифа, суднинг фаолияти эса айнан қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган, бу касбнинг машаққати нозик хилқат эгалари бўлган аёллар зиммасига ҳам масъулият юклайди, бу борада фахрий судья Х. Ҳакимованинг тизимдаги 20 йиллик меҳнат фаолиятини эътироф этса арзийди.
Х. Ҳакимова оддий оила фарзанди эканлиги, барчасига илм ва тинимсиз меҳнат ортидан эришиш мумкинлигини айтишдан чарчамайди, чунки муваффақиятларни калити аслида бу китобдир, шунинг учун ҳам ёшликдан олинган билим тошга ўйилган битик каби изсиз кетмайди.
Каҳрамонимиз жиддий касб эгаси бўлган бўлса-да табиатан самимий хуш феъл ва камтаринлиги, барча ўзбек аёлларига хос соддалиги билан ажралиб туради.

Қатағон даврида айбсиз айбдор бўлган ўзбек ёшлари – уларнинг айби ватанпарварлиги ёхуд истеъдодимиди?

Тарихимиздан маълумки, совет тузумининг қатағон сиёсати миллат шаънини, тарихи ва ўзлигини, дин-диёнатини топташга қаратилган, юрт зиёлиларини, фаолларини юзага чиқармасликка, уларнинг миллат равнақи йўлидаги ҳаракатларини йўқ қилишга “бел боғлаган” даҳшатли давр эди. Афсуски, қатағон даври миллатимиз бошига кўпгина кулфатларни ёғдирди, минглаб истеъдодларнинг, зиёлиларнинг бошига етди. 

Яқин ўтмишимизнинг бу қора саҳифалари катта изтироб ва аянч билан ёдга олинади. Зотан, маълумотларга кўра, 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари отиб ташланган. Уларнинг бари халқнинг истеъдодли фарзандлари, миллат фидойилари, жонкуярлари эди. Улар орасида қанчадан-қанча ёшлар бор эди. 

Жумладан, тошкентлик журналист, давлат хизматчиси Абдулҳай Тожиев миллат мафкурасини уйғотишга қаратилган мақолалари, юрт фаровонлиги йўлидаги ҳаракатлари учун маломатга қолганлардан биридир… 

Бу ҳақда тарихчи олим, тарих фанлари доктори, “Дўстлик” ордени соҳиби  Баҳром Ирзаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди: 

— “Катта қирғин” номи билан тарихимизга кирган қатағон даврида миллатимизнинг минглаб фидойилари, дин ва маънавият намояндалари қурбон бўлди, айбсиз айбдорга чиқарилди. 1899 йил Тошкент шаҳрида ўқитувчи оиласида дунёга келган Абдулҳай Тожиев ҳам бу даврнинг қурбонларидан бири ҳисобланади. Отаси Тожи Хўжаев вафот этганида, акаси Тўхтахўжа 15 ёшда, Абдулҳай эса эндигина 10 ёшга кирган эди. Сингиллари 3 ёшли Шарифа ва эндигина туғилган Ҳамидаларнинг барчаси онаси Пошшахон аянинг қарамоғида қолган. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини эрта тотган Абдулҳай болалик гашти нималигини билмай ўсди.

У дастлаб маҳалла масжиди қошидаги эски мактабда, сўнг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг жадид мактабида таҳсил олди. Тенгдошларига нисбатан зийрак йигит бўлган Абдулҳай Тожиев ўз атрофида кечаётган жараёнларга бефарқ эмас эди. У 1919 йилдан тошкентлик жадид тараққийпарварларининг мафкуравий раҳбарлиги остида тузилган “Изчилар тўдаси” тўгарагида фаол иштирок этди. Бу тўгарак ёшлар орасида илм-маърифатни тарғиб этиш билан бирга, уларнинг сиёсий билимларини ўстиришга интилади.

Абдулҳай Тожиев журналистлик фаолияти билан жиддий шуғулланиб, қатор мақолалар эълон қилди. 1922-23 йилларда “Туркистон”, 1923 йилдан Андижон шаҳрида нашр этила бошлаган “Дархон” газеталарида масъул муҳаррир бўлиб хизмат қилди. 1923-25 йилларда Москвадаги Свердлов номли Коммунистик университетида ўқийди. 1925 йил Тошкентга келиб, Тошкент вилояти партия котиби бўлди. Бироқ, у 1926 йил яна Москвага чақириб олиниб, 1927-29 йилларда ЦККП(б)да Ўзбекистон тарғибот-ташвиқот бўлимида ўринбосар, 1929-1935 йилларда Совет Иттифоқи миллатлар Кенгашида котиб бўлиб ишлайди. А.Тожиев 1935 йилдан яна Тошкентга келиб, то 1937 йил ЎзССР НКВД томонидан қамоққа олингунига қадар Тошкент шаҳар советининг раиси, ЎзССР МИК раиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди.

А.Тожиев публицистикасининг асосини маориф масаласи ташкил этади. У ўз мақолаларида советларнинг баландпарвоз шиорлар остида бошлаган халқ маорифини ривожлантиришга қаратилган сиёсатининг камчиликларини таҳлил этади. Ҳеч қандай моддий асоссиз ташкил этилган совет мактабларида дарслик ва ўқитувчиларнинг йўқлиги, қабул қилинган қарорларнинг қоғозда қолаётганини ёзади. У халқ маорифидек мураккаб ва катта аҳамиятли масала маҳаллий бюджетга ташлаб қўйилаётганини танқид қилади. А.Тожиевнинг ўткир истеҳзолар билан ёзилган “Ўзинг учун ўл етим!” мақоласи эса маҳаллий маҳкамаларнинг харажатини маҳаллий маблағлар ҳисобидан амалга ошириш ҳақидаги декретни танқид этишга бағишланган.

Шунингдек, А.Тожиев ҳар доим зиёлилар масаласини миллат келажаги билан уйғун тасаввур этди. “Туркистон” газетаси саҳифаларида Чўлпон, А.Қодирий, Ғ.Юнус, С.Сиддиқ, А.Аюб, Элбек кабилар ижодига кенг ўрин беради. Газетада халқ, миллат маънавияти равнақи учун долзарб бўлган маориф, тил-адабиёт, санъат ва театр масалаларига кўпроқ урғу берилди.

А.Тожиев порахўрлик иллати ва унинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам ёзиб, иқтисодий ночорликни уни юзага келтирадиган омиллар қаторига киритади. Шунингдек, Туркистондаги ишсизликнинг кундан-кунга ортиб бораётгани ва бу муаммони касаба уюшмалари томонидан ҳал этилуви лозимлигини қайд этади, маҳаллий майда ҳунармандларга маълум имтиёзлар тизимини яратиш, ўртаҳол деҳқонларни ҳимоялаш, саводсизликка қарши курашишдек устувор масалаларни кўтарган эди. А.Тожиев мақолаларида фуқароларни замон билан қизиқишга, сиёсий маданиятини ошириб боришга чақиради. Акс ҳолда кўрган жабрлари зиёда бўлади, дейди.

Жонкуяр ватандошимиз айни куч-ғайратга тўлган 38 ёшида тоталитар тузумнинг қора гирдобига дуч келди. 1937 йил 3 августда ЎзССР МИК раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар советининг раиси бўлган Абдулҳай Тожиевни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарилади. Шу куннинг ўзида унинг уйида тинтув ўтказилиб, А.Тожиевга тегишли буюмлар, ҳужжатлар, китоблар олиб кетилади.

1937 йил 11 август куни ўтказилган дастлабки сўроқда Абдулҳай Тожиевдан оила аъзолари ҳақида маълумот талаб қилинади. Сўроқда у жами 22 та қариндошини санайди. Албатта, бу батафсил рўйхат Абдулҳай Тожиевга тайёр ҳолда топширилиб, имзолатиб олинган бўлиши ҳам мумкин. Боиси, бу унинг берадиган жавоблари бутун қариндош-уруғининг тақдирини ҳал этиши мумкинлигига шаъма эди.

1937 йил 11 август дастлабки тергов материаллари асосида Айблов қарори чиқарилди. Ўтказилган ҳар бир сўроқ жараёнида ҳикоя этилаётган воқеалар янада ривожлантирилади, иштирокчилар кенгаяди ва ҳар гал янада улкан ёлғонлар пайдо бўлади. Айбловда А.Тожиевга 1918 йилдан “Иттиҳод ва тараққий”, “Миллий иттиҳод” ташкилотларига аъзо, 1927 йилдан советларга қарши фаол кураш бошлаган аксилинқилобий ташкилот аъзоси, давлат мулкини бошқаришда катта ўпирилишларга йўл қўйган, деган айблар қўйилди. А.Тожиев 1938 йил 27 апрелда “Учлик” томонидан отувга ҳукм этилди ва жазо худди шу куни ижро этилади. 

Вақт ўтиб, 1956 йилда А.Тожиевнинг хотини Тожихон Аҳмедова СССР Олий Совети раисига, шундан сўнг СССРнинг биринчи раҳбари Н.С.Хрушчёвга, Генпрокурорга, ЎзССР КП биринчи котиби Н.Муҳиддиновга, СССР Министрлар Совети раиси Бульганинларга ҳам ариза билан мурожаат этади. Аризасида эрининг ватан ва халқ олдида заррача айби йўқлигини, ўзининг ҳеч бир айби бўлмагани ҳолда 1937 йил қамоққа олиниб, 1945 йил зўрға қутулганини ёзади. 8 йиллик совет қамоқхоналаридаги азоб-уқубатлар давомида соғлиғидан ажралгани, совет жазо лагерларида меҳнат қобилиятини йўқотганини, ягона ўғли Учқуннинг урушда бедарак йўқолганини, уни қидиришга қилган ҳаракатлари бесамар кетаётганини маълум қилади.

Шундан сўнг А.Тожиев иши бўйича қайта текширишлар бошланди. 1956 йил 20 ноябрда СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегаси А.Тожиевнинг ишини қайта кўриб, унинг тўлиқ туҳмат ва асоссиз айбловлар асосида маҳв этилганини тан олди. 1957 йил 23 июлда А.Тожиев тўлиқ оқланди ва бу ҳақида 1957 йил 5 октябрда Тожихон Аҳмедовага маълум қилинди, — дейди тарихчи олим. 

Дарҳақиқат, Абдулҳай Тожиев сингари айбсиз айбдор бўлган миллатдошларимизнинг тақдири аянчли кечган. Истиқлол йилларида қатағон даври қурбонларининг номини тиклаш ва уларни ёд этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қайд этилганидек, биргина сўнгги уч йилда юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг 856 нафари Олий суд томонидан оқланди. Бундай эзгу ишларнинг давом эттирилиши айби нималигини билмай, армонда кетган миллатдошларимизнинг руҳи олдида ҳам қарз, ҳам фарздир. 


Муҳтарама Комилова, ЎзА мухбири

ИШ СТОЛИМИЗ БУРЧАГИДА ТУРУВЧИ ИБРАТЛИ КИТОБ

Убайдулла Қурбонович Мингбоевни республикамиздаги ҳуқуқшунослар яхши танийди, “Устоз” дея эъзозлашади. У. Мингбоев 10 йилдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси бўлган инсон. Мана ёши 85 дан  ошибдики, ҳали ҳамон жамият ҳаётида фаол, ёшларга ўз насиҳатлари, ўгитлари билан ёрдам беради. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бош-қош.

Олий суд раиси Б. Исломов таъкидлаганидек, “ Устоз бугунги кунда ҳам биз билан бир сафда елкама-елка туриб, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон суди тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга ўз муносиб улушини қўшиб келмоқда”.

Устоз Убайдулла Қурбонович ўз касбини севади, судьяларни эъзозлайди, уларни номига доғ тушмаслик учун куйинади. Шунинг учун ҳам қўлига қалам олади, билим ва тажрибаларидан келиб чиқиб мақолалар ёзади. Ибратли, насиҳатомуз фикрларни айтади.

Устознинг “Судья ва суд ходимларига мурожаат”ини ҳаяжон билан ўқиб чиқдим.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлактимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юз бераётган ўзгаришлар миллий ривожланишимизнинг ёрқин келажагига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

-Ютуқлар ўзимизники, — дейди устоз, — аммо онда-сонда бўлса-да, учраб турган нохуш холатлар  одил судловнинг нуфузига салбий таъсир қилиши билан бирга  ўша судьянинг шаънига, қолаверса, унинг оила аъзоларию, қариндош-уруғларнинг ҳам обрўсига таъсир қилмасдан қолмайди. Судья виждонан ишлашга қасамёд қилган, ахир.

Судья хизмат фаолияти билан боғлиқ муносабатларда ўта сабр-тоқатли, кучли ирода билан қарор қабул қилишда фақат қонунга таянга ҳолда қатъиятли бўлиш талаб этилади. Қасамёдни бузиш – бу гуноҳ. Судьялик касб ва лавозимгина бўлиб қолмай, у энг аввало, инсонийликдир. Судьяларга лоқайдлик асло ярашмайди. Судья теран фикрли, пок виждонли, имон-эътиқодли ва камтар шахс бўлиши зарур. Шу ўринда устоз айтадики: “Судьялик кимнингдир илтимосини бажариш, ишончини оқлаш эмас, балки қонунийлик ва адолатни қарор топтириш учун берилган ваколатдир. Устоз судьяларга қарата “ҳеч қачон кибру ҳавога, манманлик ва шахсиятпарастликка берилмаслик”ка чақиради. Судья ниҳоятда маънавиятли ва маърифатли бўлиши зарур. Зотан, шарқ донишманди Кайковус таъкидлаганидек: “Қозига яхши ҳунар илм ва мулойимликдир”.

Устоз судья ва суд ходимларига мурожаат қилар экан, суд биносига адолат истаб келган ҳар бир фуқаро билан самимий мулоқотда бўлишга, нафсни тийишликка чақиради, таъмагирликдан йироқ бўлишга ундайди. “Суд тизимида ишлайдиган у судья бўладими, ходим бўладими, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига, шунингдек, бошқа ҳар қандай хатти-ҳаракатларга қарши муросасиз бўлиши керак. Менинг бу мурожаатимни шу соҳанинг оқсоқолларидан бири, устознинг шогирдларига айтган насиҳати, янада тўғрироғи, ҳар қандай ножўя хатти-ҳаракатнинг олдини олишга қаратилган ўгит сифатида қабул қилишингизни сўрайман, дейди .

Ҳа, устоз ўгитлари шогирдлар учун бебаҳо… Бу китобнинг ён дафтарча сифатида ҳар бир судья, ходим столида туриши, бўш пайтлари қайта-қайта ўқиши фойдадан холи эмас. Шу маънода буни босиб чиқаришга бош-қош бўлган Олий суд раҳбариятига, нашр учун маъсул тажрибали ҳуқуқшунос Абдуҳалим Холмахматовга ҳам миннатдорлик билдириш жоиз, деб биламан.

Зокиржон ҚЎЗИБОЕВ,

Тошкент шаҳар суди Жамоатчилик ва ОАВ
алоқалар бўйича бош консультанти

СУД ФАХРИЙЛАРИ ДОИМ ЭЪЗОЗДА

Бугун фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани судига суд фахрийси Флора Маҳмудова ташриф буюрди. Устозни судьялар ва шогирлари кутиб олди.
Ф. Маҳмудова суд тизимида 10 йил давомида, яъни икки муддат раислик қилган.
Тадбирда Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов Олий суд ташкил этилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган ишлар, суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида гапириб, кекса авлод вакилларининг босиб ўтган йўллари, тажрибалари соҳа ходимлари учун ибрат мактаби эканини таъкидлади. Шогирдлар устозни табриклашди.
Ўз ўрнида кўп йиллар суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаган, бугунги кунда ҳурмат ва эъзозда бўлган Ф. Маҳмудова меҳнат фаолияти давомида босиб ўтган ибратли ҳаёт йўлини эсга олди.
Ф. Маҳмудованинг 25 йил давомида узлуксиз судьялик ловозимида ишлагани, машаққатли меҳнат фаолияти амалдаги судьялар ва ёшлар учун ўрнак қилиб кўрсатилди. Бу этибордан Ф. Маҳмудова ғоят хурсанд эканлигини билдирди.

ТОШКЕНТ ШАҲРИ БЎЙИЧА СУДЛАР ТАРИХИ КИТОБИ ЯРАТИЛАДИ

Келажакни тарихсиз тасаввур этиб бўлмайди. Узоқ ва яқин ўтмиш, халқимизнинг бой тарихи бўйича олимлар томонидан кўплаб асарлар яратилган. Юртимизда ҳар бир соҳанинг ўз тарихи бор. Шу маънода келгуси йили Ўзбекистон судлари ташкил этилганига 100 йил тўлади. Бу бўйича Олий суд раисининг тегишли фармойиши қабул қилинди. Айни пайтда жойларда ушбу юбилейга тайёргарлик доирасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Шу давргача Тошкент шаҳар судлари тарихи ҳақида алоҳида китоб ёзилмаган. Маълумотлар кам. Шундай бўлса-да, соҳа вакиллари тарихчиларни жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳар суди тарихини яратишга бел боғладилар. Китобдан Қадим Тошкент тарихи ва исломгача бўлган суд масалалари, Ўрта асрларда Тошкент шаҳри ва мусулмон қозилик тизими ва ундан кейинги даврлардаги жараён, мустақиллик даврларида суд тизимининг ривожланиш босқичлари кўрсатиб берилади.

Шу боисдан Тошкент шаҳар суди Нуронийлар бўлими аъзолари бу жараёнда фаол иштирок этмоқдалар. Фахрий судьялар К. Саидов, З. Исматуллаев, У Қурбоновлар Тошкент шаҳар суди тарихи китобини яратишда эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталдилар. Бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

САЙЁР ҚАБУЛДА СЕРГЕЛИ ВА ЯНГИ ҲАЁТ ТУМАНЛАРИ АҲОЛИСИНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТИНГЛАНДИ

Бугун Тошкент шаҳар судлари раҳбарияти томонидан суд-ҳуқуқ тизимида муаммолари бўлган, қуйи судлардан норози, ҳуқуқий кўмакка муҳтож Сергели ва Янги ҳаёт туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди.

Сергели тумани  “Янги Бунёдобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Тошкент шаҳар болалар кутубхонаси биносида бўлиб ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари Ш. Аббасов, И. Алимов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У. Алмамедов, туман ҳамда туманлараро судлари раислари, судьялари фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқишди

Айтиш жоизки, сайёр қабул барча учун кўтаринки кайфиятда ўтди. Натижаларига тўхталадиган бўлсак, унда жами 37 нафар фуқаро қабул қилинди. Қабул қилинган фуқароларнинг 24 нафари жиноят ишлари бўйича, 10 нафари фуқаролик ишлар бўйича, 2 нафари иқтисодий ишлар бўйича ва 1 нафари маъмурий судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Қабулда 15 нафар фуқаронинг ёзма мурожаати қабул қилинди. 22 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати эшитилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Сайёр қабул доирасида Пробоция хизмати тақдимномасига кўра ўтказилган сайёр судда 15 нафар маҳкумнинг иши кўриб чиқилиб, уларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, тегишли хулоса қилганлиги сабабли тайинланган жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

«Рўмол операцияси»: Тошкентда она-болалар бошқа бир аёлни 177 минг АҚШ долларига «ухлатди»

Дилноза ва Дилором опалар(исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам пойтахтимизнинг Абу Сахий бозорида савдо қилиш орқали бир-бирини танишарди. Шу иккиси орқали Олимтой (Дилором опанинг ўғли) Дилноза опа билан таниш бўлиб қолган эди.

 

2017 йилда она – бола Дилноза Саидовадан 30 минг АҚШ доллари олиб фойдаланишди, вақт ўтиб қарзни қайтаришди. 2021 йил ноябрь ойида Олимтой Дилноза опанинг олдига хориж машинаси “KIY” да онаси Дилором Алимова билан келиб, яна қарз бериб туришини, Туркия ва Хитойга бориб рўмол олиб келиб сотгач, фойдасидан қарзни албатта қайтаришни билдиради. Дилноза Саидовани рўмол бизнесига қизиқтиради.

2022 йил 20 февраль куни Олимтой Дилноза опа яшайдиган хонадонга келиб 200 минг АҚШ доллари берса, чет элдан рўмол олиб келиб беришни айтади.

— Менда бунча пул йўқ, — дейди Дилноза Саидова.

Аммо рўмол савдосида тушадиган фойдага қизиқади. Шунинг учун февраль ва апрель ойларида ўзида 40.000 АҚШ доллари, кейин 34.000 АҚШ доллари (март ойида), 40.800 АҚШ доллари (кредит олиб берган), вақт ўтиб 35.000 АҚШ доллари ва охирги марта 27.000 АҚШ доллари, жами бўлиб 177.000 АҚШ долларини дугонажониси ўғли Олимтой қўлига тутқазади.

 

Ўзаро келишувига кўра Олимтой март ойидан август ойининг охирига қадар бўлган даврда Дилноза опа берган пулларига чет элдан бизнес учун рўмолларни олиб келиб бериши керак эди.

Кейин нима бўлди дейсизми?

Рўмол бизнеси ухлади. Олинган пулларни Олимтой “бой” бўлиб ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди.

Олимтой Туркия давлатидан рўмолларни қопларга солинган ҳолатини “Whatsapp” ижтимоий тармоғидан Дилноза опага ташлаб беради. Аммо рўмолларни Ўзбекистонга олиб келолмади. Бу орада унинг онаси Дилором Алимова қамалиб қолади.

Дилноза опа Олимтойдан рўмолларни олиб келиб беришини ёки пулларини қайтаришини қайта-қайта сўраганида, у турли баҳоналар билан ўзини олиб қочади, унга қўпол муомала қилади.

Шундан сўнг, опа Олимтойга учрашиб тилхат ёзиб беришини сўрайди, О. Алимов икки нафар гувоҳ иштирокида ҳақиқатда жами 177.000 АҚШ долларини Хитой ва Туркиядан рўмол олиб келиб бериши эвазига олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради.

Дилноза опа пулларини ололмагач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Иш судга оширилади. Суд ҳукмига кўра, 1999 йилда Андижон вилоятида туғилган О. Алимов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Албатта, судланувчи О. Алимов дастлабки суднинг ҳукмидан норози бўлиб ишни қайта кўришни сўраб юқори турувчи судга апелляция шикояти берди. Ўзини оқлашларини сўради. Судда қарз бермаганман, рўмол олиб келишни ваъда қилмаганман, деб туриб олди. Аммо далиллар, ҳужжатлар бу сўзларни инкор этарди.

Апелляция суди ишни ўрганиб чиқиб, ҳукмни ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирди.

Шу ўринда ўйланиб қоласан, қарз олиб ҳам тониш мумкинми, уни вақтида қайтармаслик, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориш буни қандай тушуниш мумкин? Бу ҳеч қайси қонун – қоидаларга тўғри келмайдику?!

Қилмиш-қидирмиш, дейди халқимиз. Ҳар қандай жиноятнинг жавобгарлиги бор.

 

Муҳтарама ТУРҒУНОВА,

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Ҳоким ёрдамчилигига ўтган банкир ниҳоят ўз банкига қайтадиган бўлди

Фуқаро Пирмуҳаммад Ҳушвақтов Халқ банки Юқори-чирчиқ филиали раҳбари бўлиб ишлаган ва кейинчалик «иссиқ жойи»дан бўшаб, туман ҳокимининг ёрдамчиси вазифасига ўтказилган эди. Кейин туман ҳокимининг ижобий тавсияномаси асосида Халқ банки раҳбариятига мурожаат қилиб, аввалги филиал бошқарувчиси лавозимига қайтаришларини сўрайди.

Чунки, ПФ-29-сонли фармоннинг  6-бандига асосан банк уни эски МК 97-модда 1-банди билан келишув асосида бўшатишда унинг иш жойини сақлаб қолиш мажбуриятини олган эдида.

Бироқ, банк раҳбарияти уни ўз ишига қайтаришни рад қилади. Натижада иш судгача борди.

Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судида бу иш якунланди. Судья Ҳилола Эргашева Президентнинг ПФ-29-сонли фармонининг 6-бандидаги нормага таяниб, ҳимоямиздаги фуқарони банкдаги ўз лавозимига тиклаш ҳақида қарор чиқарди.

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШДА ХОЛИСЛИКНИНГ ЎРНИ

Судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, шу билан бирга унинг холислиги одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишининг омилларидир, чунки суд ҳимоясини тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун суд ҳокимияти ҳақиқатан ҳам мустақил, судьялар эса дахлсиз ва эркин бўлиши лозим.

Маълумки, инсон ҳуқуқлари бўйича аксарият халқаро ҳужжатлар ишнинг мустақил, дахлсиз ва холис судлар томонидан адолатли кўриб чиқилиши ҳуқуқини кўзда тутади.

Ушбу принцип суд тизимининг қайси бўғинида, қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, барча судьяларга тааллуқли ҳисобланади. Судьялар дахлсизлигининг кафолати одил судловни қайси турдаги ишни кўришидан қатъи назар, суд фаолиятининг бутун доирасига тегишлидир.

Шу билан бирга судьянинг холислиги ва беғаразлиги судлар фаолиятида, шунингдек давлат ва жамият фаолиятида ҳам муҳим ўрин тутади.

Холислик ва беғаразлик тушунчалари аввало суднинг жамиятда юқори мавқега эга эканлиги, одил судлов фақатгина суд томонидан амалга оширилиши билан узвий боғлиқ.

Суднинг беғаразлиги даражасини инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатланганлиги, ҳуқуқий демократик давлатнинг ривожланганлиги даражасига ҳам қиёслаш мумкин.

“Темур тузуклари”да давлат ишларини бошқариш билан бир қаторда миллий қадриятларга оид таълимотлар: меҳр-мурувват, инсоф, ростлик, мардлик, беғаразлик, собитқадамлик каби ахлоқий фазилатлар ҳам ўз ифодасини топган.

Амир Темур ўз таълимотида беғаразлик, яъни ҳаммага бир хил жиддий ва одилона қараб, ҳеч кимни бир-биридан фарқ қилмасдан иш юритишини баён этади.

Соҳибқироннинг фикрича, қаерда ғаразгўйлик бўлса, ўша жойда адолат қарор топмайди, қонуннинг устунлиги таъминланмайди. Бинобарин, беғаразлик – қонун устунлигини таъминловчи юксак ахлоқий сифат ҳисобланиб, адолатли жамият қуришнинг маънавий таянчларидан биридир. Шунинг учун ҳам “ўз қудратимни сақлаш учун мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимга беғаразлик шамини тутиб, ҳар икки шам билан бутун умр бўйи йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмишларимда ана шу адолат қоидаларига амал қилдим” дейди Амир Темур.

Судья ҳар қандай вазиятда шахсий обрў-эътиборини сақлаши кераклиги, суд ҳокимиятининг нуфузини пасайишига, судьянинг обрўсига зарар етказувчи, унинг одил судловни амалга оширишидаги холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятдан қочиши кераклигини унутмаслиги лозим.

Судда ишларни адолатли кўриб чиқилиши судьялардан холисликни талаб этади. Бу шуни кўзда тутадики, судьялар муайян ишда шахсий манфаатга ёки ғараз ниятга ҳамда иштирок этувчи томонлар ҳақида олдиндан шаклланган фикрга эга бўлмайдилар. Судьялар муайян иш бўйича шахсий манфаатга ёки ғараз ниятга ҳамда судлов иши юритуви тарафлари ҳақида олдиндан шаклланган фикрга эга бўлмасдан, иш бўйича қарорларни мавжуд далиллар асосида қабул қилишлари лозим.

Шу билан бир қаторда судья профессионал вазифасини амалга оширишда бирон-бир афзаллик, нохолислик ёки олдиндан пайдо бўлган нотўғри фикрларга таянмаслиги, холислик, мустақиллик ва беғаразликни намоён этиши, суд процесси иштирокчиларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, қарашлари, шахсий ва жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, уларнинг барчасига бир хил муносабатда бўлган ҳолда амалга ошириши шарт.

Суднинг холислиги яна шуни назарда тутадики, судьялар кўриб чиқилаётган масалалар бўйича томонлардан бирининг манфаати йўлида ҳаракат қилмасликлари керак.

Судья қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзини ўзи рад этишга мажбур. Суднинг холислигини ишда иштирок этуви ҳар қандай шахсга нисбатан ғаразли қараши, душманлиги ёки мойиллиги йўқлиги сифатида белгилаш мумкин.

“Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари”нинг

2.5-принципи судьялар ўзини ўзи рад этиши лозим бўлган масалаларни белгилаб беради. Унга кўра:

судьяда томонлардан бирига нисбатан нохолис муносабат ёки ғаразли ёндашув юзага келганда ёки судьяда ўз шахсий манбааларидан кўриб чиқилаётган ишга тегишли бўлган бирон-бир далилий фактлар маълум бўлган ҳолларда;

аввал мунозаранинг ўша предметини кўриб чиқишда судья адвокат сифатида иштирок этганда ёки гувоҳ сифатида жалб этилганда;

судья ва унинг оила-аъзолари кўриб чиқилаётган ишнинг натижасидан моддий манфаатдор бўлган ҳолларда судьялар ўзини ўзи рад этишлари лозим.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш, ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, судья ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиб, пировардида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди, шундай экан судьядан чуқур ҳуқуқий билимга эга бўлиш билан бир қаторда ишларни кўриб чиқишда мавжуд билим ҳамда амалий кўникмаларини беғараз, холисона ва тўғри қўллай олиш ҳам талаб этилади.

Skip to content