Қидирув:

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН АМАЛИЙ СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2025 йилнинг 1 январидан жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьялари иш бошлайди. Бу борада тергов судьялари нималарни билишлари муҳим?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан Тошкент шаҳар суди мажлислар залида  ўтказилган семинар машғулотида ана шу саволларга батафсил жавоб олинди.

Судьялар, прокуратура, ички ишлар органларининг терговчи ва суриштирувчилари, пойтахт божхона, солиқ бошқармалари маъмурий амалиёт ходимлари, адвокатлар ва бошқа дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинарда Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари томонидан тергов судьяси институти жорий этилиши доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Президент Фармони ижросини самарали ташкил қилиш бўйича илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилгани, тергов судьяси лавозими жорий этиладиган жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тегишли штатлар ажратилиб, тергов судьялари тайинлангани айтиб ўтилди. Шунингдек, тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

 

Асосий мақсад судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишига эришишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқотда иштирокчилар тергов судьялари фаолияти билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб олдилар.

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ МАВЗУСИДАГИ ДАВРА СУҲБАТИ

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби мажлислар залида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нормаларини суд амалиётида қўллаш, қонун нормаларини талқин қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда  Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари,туманлараро фуқаролик судлари судьялари, шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси, Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида  2023 йил 30 апрелда амалга киритилган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг меҳнат бозорини тартибга солишдаги ўрни ва аҳамияти, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашдаги аҳамияти, ушбу кодекс талабларининг меҳнат низоларини ҳал қилишда суд амалиётида қўлланиши бўйича фикрлар алмашинди.

 

Таҳлиларга кўра, сўнгги йилларда судларда меҳнат ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ мурожаатлар сони ўсиб бораётган бўлиб, бу аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ортаётгани, суд орқали ўз ҳуқуқларини тиклашга бўлган эҳтиёжлари ошаётгани, шу билан бирга, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи масъул идоралар – ҳудудий меҳнат инспекциялари, адлия бошқармалари ва прокуратура органларининг ходимлар ҳуқуқларини тиклаш борасида масъулияти ва фаол иштироки мавжудлигини кўрсатади.

Давра суҳбатида амалдаги Меҳнат кодексида тартибга солинган, қонунчиликка янги киритилган нормаларнинг қўлланиши бўйича фикр-мулоҳозалар билдирилди.

 

Хусусан, Меҳнат кодексининг 333-моддасида белгиланган ходимга иш ҳақи тўлашни ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлик масаласининг амалиётда қўлланиши, бу борада кодексда белгиланган фоизларни ҳисоблаш тартиби, ушбу фоизлар ҳисобланиши бошланадиган давр ва жавобгарлик ҳажми, меҳнат низолари бўйича даъво муддатини қўллаш масаласи, суд қарорларининг қайтарма ижросига оид масалалар кенг муҳокама қилинди, ушбу масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикрлари тингланиб, қонун мазмун-моҳияти, амалиётга тадбиқ қилиниши тартиби юзасидан тавсиялар берилди. Мулоқотлар очиқ,жонли, фаол ва самарали тусда ўтди, меҳнат қонунчилигини амалиётда қўллаш бўйича муҳим ва аҳамиятли тушунтиришлар иштирокчилар эътиборига етказилди. Тадбир якунида меҳнат қонунчилиги бўйича ушбу жараёнга алоқадор соҳа вакиллари ўртасида меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик нормаларининг мазмун-моҳияти, амалда қўлланиши ҳамда суд амалиётида юзага келаётган низоларга нисбатан тадбиқ қилиниши бўйича  вақти-вақти билан учрашиб, фикр алмашишга келишиб олинди.

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙ КАФОЛАТЛАРИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТАДБИР

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида икки кунлик “Фуқаролик суд ишларини юритишда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро ва миллий стандартларни ўргатиш”  мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда Судьялар олий мактаби ўқитувчилари ва тингловчилари, USAID ва UNICEF халқаро ташкилот вакиллари, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд, Тошкент шаҳар суди ҳамда Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур туманлараро суди судьялари, шунингдек, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда АҚШлик эксперт Том Роулингс ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

 

Тренинг давомида болаларга васийликни белгилаш, болалар ва ўсмирлар психологияси ва боланинг ривожланиш босқичларини тушуниш ва турли ёшдаги болалар билан дўстона мулоқотда бўлиш, фарзандликка олиш, оталикка эътироз, оталикни белгилаш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш каби масалалар бизда ҳамда хорижда  қандай ҳал этилиши, шунингдек, фуқаролик судлари томонидан оилавий ишларни кўриб чиқиш масалалари юзасидан судьялар ҳамда хорижлик экспертлар билан ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир якуни бўйича тренингда фаол иштирок этган иштирокчиларга  сертификатлар топширилди.

Г. Джумаева,

 фуқаролик ишлари бўйича

 Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси

ПРОФИЛАКТИК ТАДБИР

Бугунги кунда ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятлар, ёшларнинг гиёҳвандлик моддалари таъсирига берилиши барчани бирдай ташвишга солмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди раиси ўринбосари Ф.Исмоилова, туман суди судьялари У.Мусаев, З.Латиповлар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти марказий аппарати мажлислар залида жамоа аъзолари билан учрашув ўтказишди.

Дастлаб қонунчиликдаги янгиликлар бўйича тушунтириш берилди. Шундан сўнг сайёр суд мажлиси ўтказилди.Бўлиб ўтган суд мажлисида гиёҳвандлик моддалари таъсирига тушиб қолган шахс иши муҳокама қилинди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мазкур сайёр суд мажлисидан кўзланган мақсад ёшлар ўртасида турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қонунга ҳурмат, жазо муқаррарлиги принципи иштирокчиларга тушунтирилди.

КОНСТИТУЦИЯ – БАХТИМИЗ ҚОМУСИ

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абдулла Қодирий номли ижод мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан тадбир ташкиллаштирилди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Й.Норбеков, М.Байбекова ва судья ёрдамчиси Л.Шодиев иштирок этиб, янги таҳрирдаги Конституция – инсон шаъни, қадр – қиммати ва ҳуқуқларининг кафолати эканлиги ҳақида атрофлича тўхталиб, ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Тадбир сўнгида мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Одил судлов” журналининг янги нашрлари совға қилинди.

Бугун Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси, раис ўринбосарлари – судлов ҳайъати раислари, суд фахрийлари, судья ва ходимлар иштирок этишди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов барчани Конституция байрами билан табриклади. Ўтган йилларда Бош қомусимизнинг янги таҳрирда қабул қилингани, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва қонун устуворлигини таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, Ўзбекистон суд фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази раиси  У.Мингбоевнинг суд фахрийси Қ.Мирзажонов таваллудига 80 йил тўлиши муносабати билан ёзган Ташаккурномасини ўқиб берди. Шунингдек, бир гуруҳ суд фахрийларига Тошкент шаҳар суди раисининг ташакурномалари топширилди.

Тадбирда бир гуруҳ судья ва суд ходимларига Тошкент шаҳар суди раисининг Фахрий Ёрлиғи топширилди.

 

УНИВЕРСИТЕТДАГИ МАРОҚЛИ ТАДБИР

Тошкент кимё халқаро университетида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг  32 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.

 

Унда университет ўқитувчи ва талаблари ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари А.Мамирова, Ф. Рахимов, Ю.Фозиловалар иштирок этишди.

Тадбирда янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди. Талабалар томонидан турли саволлар ўртага ташланди. Судьялар томонидан барча саволларга батафсил жавоб берилди.

КОНСТИТУЦИЯМИЗ – БАРЧАМИЗ УЧУН ҲАЁТ, ТАРАҚҚИЁТ ВА АДОЛАТ ҚОМУСИДИР

Янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.

Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳар суди судьялари томонидан “Конституциямиз – барчамиз учун ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомусидир” мавзусида маҳаллаларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида курсантлар билан Тошкент шаҳар суди судьяси Ж.Сирожев иштирокида бўлиб ўтди.

Учрашувда Тошкент шаҳар суди судьяси Ж.Сирожев томонидан  академия курсантлари эътиборига Қомусимизнинг мазмун-моҳияти, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги роли тушунтирилди.

Тадбирда Бош қомусимизнинг аҳамиятига тўхталинар экан, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарурлиги, бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бош ҳужжатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилганлигига, хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланганлиги, ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланишининг ўзи инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлаши таъкидланди.

Тадбирда  талаба ва курсантлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб Конституция нормалари ҳақида батафсил маълумот олишди.

АНИҚ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Бугун Яккасарой тумани ҳокимлигида коммунал соҳадаги қарздорликларни ундириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

 

Учрашувда Президент Админстрацияси масъул ходими Ж.Жўраев, Яккасарой тумани ҳокими Н. Аллаберганова, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Б. Исламов, туманлараро судлар судьялари, туман прокурори ўринбосари А.Маматқулов,  мажбурий ижро бюроси вакиллари ҳамда тумандаги БСК раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор коммунал соҳадаги қарздорликларни бартараф этиш, қарздорликларни ундириш жараёнини янада самарали ташкил этиш масалаларига қаратилди.

 

Мулоқот давомида қарздорликка сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия этилди.Бунда аҳоли  билан самарали мулоқот ўрнатиш, тўловларни ўз вақтида амалга оширишга рағбатлантириш ҳамда ижро ундирувини қонуний асосда ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, бошқарув сервис компаниялари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг масъулиятини ошириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Йиғилиш якунида масъул идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилиб, белгиланган режаларнинг бажарилишини назорат қилиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.

ЮРИДИК КЛИНИКАДАГИ ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Тошкент давлат Юридик университетининг юридик клиникасида университет талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, талабаларда амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга беғараз юридик маслаҳатлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси, юридик фанлар номзоди С. Сафоева иштирок этиб, талабаларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминланиши,  суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозимлиги ҳақида сўзлаб берди.

Давра суҳбатида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Skip to content