Қидирув:

СЕУЛ БОҒИДА САЙЁР ҚАБУЛ

Учтепа туманида жойлашган “Сеул” боғида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг туманларда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвалига асосан Чилонзор, Учтепа, Яккасарой туманлари аҳолиси учун сайёр қабул бўлиб ўтди.

 

Унда пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалалар бўйича мурожаатлари эшитилди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қизиқтирган мурожаатларини ўрганишди. Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжақулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси  У.Алмамедов фуқароларни шахсан қабул қилиб, суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан арзларини эшитишди. Муржаатчиларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, вақт талаб этадиган аризалар назоратга олинди.

Қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисоблаш, судларда қўшилган қиймат солиғини ундириш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари ҳамда соҳа мутахассислари билан биргаликда “Қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисоблаш, судларда қўшилган қиймат солиғини ундириш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Семинарни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И. Алимов бошқарди. Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди раисининг ўринбосари М.Султонов “Иқтисодий судларда қўшилган қиймат солиғини ундириш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда юзага келаётган муаммолар”  ва Фискал институти “Солиқ ва солиққа тортиш” кафедрасининг доценти А.Валиев “Қўшилган қиймат солиғи тушунчаси, солиқ тўловчилар, солиқ солиш объекти ва солиқ солиш базаси” мавзуларида маърузалари тингланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи А.Нусратов, бош инспекторлар Б.Аъзамов ва И.Севинчов, катта инспектор Г.Қаршиевалар сўзга чиқиб, қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби, гувоҳнома, ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби, қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби ҳамда солиқ солиш мақсадида ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш ва лозим даражада эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида тушунча бердилар.

Солиқ маслаҳати ташкилоти МЧЖ раҳбари А.Мухамедбаев  қўшилган қиймат солиғи бўйича тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишлар юзасидан таклифларини ўртага ташлади.

Мавзулар юзасидан иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

СУД ФАХРИЙСИ ХОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

Кексалар холидан хабар олмоқлик халқимизнинг энг улуғ қадриятларидан биридир. Бугунги кунда суд тизимидан нафақага чиқиб, ҳозир ҳам ватанга, халққа хизмат қилаётган фидоий ҳуқуқшунослар кўпчиликни ташкил этади. Шундайлардан бири жорий йилда 70 ёшни қарши олаётган Мухтабар Ҳакимовадир.

М.Ҳакимова узоқ йиллар суд тизимида ишлаган. Хусусан, кўп йиллар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, шаҳар фуқаролик  судларида меҳнат қилган. Фуқаролик муносабатларида адолат ва ҳақиқатни тиклаган.

Айни пайтда ҳам М.Ҳакимова пойтахтимиздаги хусусий банкларидан бирида юрист сифатида ишлаб келмоқда. Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьялари М.Бобораимова ҳамда А. Худойбергановалар ая меҳнат қилаётан муассасада бўлиб, Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида суд фахрийси холидан хабар олишди. Хотиралар ёдга олинди. Самимий суҳбат қурилди. Кўрсатилган бу эътибордан М.Ҳакимова бениҳоя шодланди. Шогирд судьяларга энг эзгу тилакларини билдириб, дуога қўл очди. Юртимизга тинчлик, тараққиёт тиланди. Кексалар дуосида эса гап кўп…

УНИВЕРСИТЕТДА САЙЁР СУД

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси А.Ҳакимов томонидан сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Кун тартибидаги масала бўйича фирибгарлик жинояти билан судланган 2 нафар судланувчининг иши сайёр судда кўриб чиқилди. Биринчи судланувчи 1999 йили туғилган Ш.М. муқаддам икки маротаба судланган бўлиб, танишига божхонада мусодара қилинган ва арзон нархдаги “Chevrolet Monza” русумли автомашинани бир ҳафта муддат ичида 9.000 АҚШ долларига олиб беришини ваъда қилиб, алдаб, жабрланувчи ишончига кириб, 2023 йил 15 декабрь куни Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 34-уйда бўла туриб, 9.000 АҚШ доллари ҳисобидан жами 111.000.000 сўм пулларни пластик картасига тушириб олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Сайёр судда судланувчининг қилмишлари муҳокама қилинди. Ва якунда унга нисбатан ҳукм ўқилди. Хусусан Ш.М.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ,”б” бандлари билан айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. ЖК 59-моддасининг 8-қисми ва 61-моддаси тартибида ушбу ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг.2024 йил 23 январдаги ҳукмига кўра тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ЖКнинг 62-моддаси тартибида қамоқда сақланган бир кунини озодликни чеклашнинг бир кунига тенглаштириб чегирилиб, узил-кесил ўташи учун 1 йил 11 ой 29 муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

1990 йилда туғилган Й.И. иши ҳам фирибгарлик жинояти билан боғлиқ. У ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2020 йил январь ойи ўрталарида танишига “Фарход бозори” қаршисидан янги қурилаётган кўп қаватли турар жой биноларидан хонадон олиб беришини ваъда қилиб алдаган ва жами 9.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Й.И.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Сайёр суд натижаларидан талабалар ўзларига хулоса чиқаришлари лозимлиги таъкидланди

ЖИНОЯТ СУДЛАРИДА ХАЛҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ 

Одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда жамоатчиликнинг, хусусан, халқ маслаҳатчиларининг суд ишларида фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, Республика судларига 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган халқ маслаҳатчилари сайлови натижасига кўра сайланган халқ маслаҳатчиларининг ваколат муддати жорий йилнинг июнь ойида тугайди.

Шу муносабат билан навбатдаги халқ маслаатчилари сайловини ташкиллаштириш борасида тарғибот ишлари бошлаб юборилди.

Сирғали туманида ҳам жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси З.Бобонов томонидан тумандаги «Хонободтепа», Зийнат ва «Мададкор» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказилиб, унда халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга оширишдаги аҳамияти ҳамда навбатдаги ҳалқ маслаҳатчилари сайловини ўтказишда аҳамият берилиши лозим бўлган ҳолатлар ҳақида тушунтириш берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 59-моддасига кўра, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ва иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги, номзодларни танлашда бенуқсон обрў-эътибор ва ҳаётий тажрибага эга, ҳалол ва юқори малакали мутахассислар ҳамда меҳнат фахрийлари орасидан гендер тенгликка амал қилган ҳолда кўрсатиш тавсия этилади.

Тадбирда шулар ҳақида маълумот берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

ЮРИДИК ТЕХНИКУМИ ЎҚУВЧИЛАРИ ИШТИРОКИДА БЎЛИБ ЎТГАН ДАРС

Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчиларининг «Фуқаролик процессуал ҳуқуқи» фанига доир амалий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида «Оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни судда кўришнинг процессуал хусусиятлари» мавзусида сайёр дарс машғулоти уюштирилди.

Дарс жараёнида судья Г.Опаева Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 62-моддасининг мазмунини тушунтирар экан, оталикни суд тартибида белгиланиши ҳақидаги ҳуқуқий нормаларни атрофлича изоҳлаб берди.

Машғулот давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида»ги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳам кенг тушунтирилди.

 Дарс мобайнида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

ҚИРҒИЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ПОЙТАХТ СУДЛАРИ БИЛАН ТАНИШУВИ

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзолари, судьялар ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси вакилларидан иборат делегация аъзолари бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани судлари фаолияти билан танишди.

Делегация аъзоларини Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов,  жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси Т.Обидов ва бошқа масъуллар кутиб олди.

 Меҳмонлар дастлаб, судларда яратилган рақамли технологиялар имкониятлари, суд заллари, болалар хонаси, судьялар ва тарафларга яратилган шароитлар билан танишди.

Худди шунингдек, қирғиз делегацияси аъзолари фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Медиация хонасида икки томонлама фикрлар алмашилди.

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –  фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани суди раиси Б.Сагатов, судья Н.Захидовалар меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Пойтахт судлари билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

САМАРАЛИ ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари Н.Байзакова ва Ю.Фозиловалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси миллий кадрлар захирасига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари билан учрашув ўтказишди.

Миллий кадрлар захирасига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари ҳар хил соҳа вакиллари бўлганлиги сабабли учрашув қизғин ва мазмунли, савол-жавоб баҳс мунозараларга бой руҳда ўтди.

Халқнинг мушкулини осон қилиш, яшаш тарзини яхшилаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тадбиркорликни яшовчанлигига эришиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласидаги таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилиш  иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Талабалар амалиётда

Мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий  ҳаётида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотларда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши муҳим ўрин тутади. Ҳар бир мамлакатнинг ривожланиши ёки аксинча, инқирозга юз тутиши мамлакатдаги таълим тизимининг қай даражада такомиллашганига боғлиқ.

Шу маънода ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш учун суд процессларида уларнинг  иштирок этиши таъминланмоқда.

Жумладан Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Ш.Эрметова ва Й.Норбековлар томонидан ўтказилган суд процессларида иштирок этган Тошкент давлат  юридик университети талабалари амалиётда суд жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Судьялар талабаларга  иқтисодий суд ишларини юритиш принциплари, иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби, суд муҳокамасининг ошкоралиги, тарафларнинг тортишувчанлиги ва  тенг ҳуқуқлилиги, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида амалий тушунчалар беришди.

ЖОЙЛАРДА “ХОНАТЛАС” ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Оила ва хотин қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилаётган “Нафосат” кўрик танлови негизида жорий йилнинг 8-14 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар,  вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда  “Хонатлас” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва ҳамиша барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилишга қаратилган ушбу ҳафталик доирасида турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

 

Суратларда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялари ва ходималари.

Skip to content