15 СУТКАГАЧА ҚАМАЛГАНЛАР АЛИМЕНТ ҚАРЗИДАН ОЗОД ЭТИЛМАЙДИМИ?

— Турмуш ўртоғим биринчи оиласидан ажрашиб, икки нафар фарзанди учун алимент тўларди. Алимент ўз вақтида тўламагани учун 15 сутка қамалиб чиқди. Шундай бўлса-да, яна алиментдаги ўша қарзини талаб қилишяпти. Эрим “ҳам камалиб чиқиб, ҳам алимент тўлайманми? Қамалиб чиқдим-ку, тўламайман”, деса “агар тўламасангиз, энди озодликдан маҳрум этиласиз”, дейишди. Шу тўғрими, 15 суткагача қамалганлар алимент қарзидан озод этилмайдими?

Исми сир тутилди

Рутсам Тангабаев, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси:

 

— Қарздор шахсни алимент тўлаш мажбурияти қонун хужжатлари асосида вужудга келади ва шахс уни бажаришга мажбур.

 

Оила кодексининг 96-моддасида, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади, дейилган.

 

Кодекснинг 116-моддасига мувофиқ, вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Шу асосларга кўра ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, алимент тўловчи шахснинг алимент тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларга моддий ёрдам беришдан бош тортиш, 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Лекин алимент тўловчи қарздор шахснинг алимент тўламагани учун жавобгарликка тортилганлиги уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

 

Ҳуқуқбузарнинг содир қилган қилмишининг ижтимойи хавфлилик жиҳатидан келиб чиқиб, унга жазо тайинланган, алимент тўлаш эса фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик, улар бир-бирини тўлдирувчи ёки инкор қилувчи ҳисобланмайди.

 

Шунга кўра, алимент тўламаганлиги учун Маъмурий жавобгарликка тортилганлик алимент тўлашдан озод қилмайди, бу жазо шахсни қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш ва келгусида тарбияловчи аҳамиятга эга бўлгани учун қўлланилади.

 

Алимент тўлашдан озод этиш асосларини белгиловчи Оила кодексининг 146-моддасида кўрсатилган ҳолат назарда тутилмаган.

 

ҚАЙСИ ҲОЛЛАРДА АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАНИ УЧУН 15 СУТКАГА ҚАМАЛАДИ?

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига мувофиқ, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик – 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

 

Демак, алимент тўловчи шахс икки ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаса, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилган ҳисобланади ва унга ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чора қўлланилади.

 

ҚАРЗНИ ТЎЛАШГА ИМКОН БЎЛМАГАНДА ВАҚТИНЧА ТЎХТАТИБ ТУРИШ МУМКИНМИ?

— Оила кодексининг 146-моддасида, алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга ҳақли. Алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли, дейилган.

 

Кодекснинг 147-моддасига мувофиқ, алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.

 

Қонунчиликда алимент тўлашни тўхтатиш назарда тутилмаган, фақатгина уни тўлашдан озод қилиш, миқдорини ўзгартириш ёки умуман бу мажбуриятни бекор бўлиш ҳолатлари келтирилган.

 

Алимент тўлашга моддий имконияти бўлмаган шахс уни тўхтатилишини суд орқали талаб қилиши мумкинлиги назарда тутилмаган.

 

15 СУТКАГА ҚАМАЛГАН СУДЛАНГАН ҲИСОБЛАНИБ, ЭРИМ ВА ФАРЗАНДЛАРИМНИНГ КЕЛАЖАГИГА САЛБИЙ ТАЪСИР КЎРСАТМАЙДИМИ?

— Шахс маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг, бу ҳақдаги маълумотлар шу шахсга нисбатан иккинчи маротаба ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материаллар келиб тушган тақдирда эътиборга олиш мақсадида ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун мониторинг ва ҳисобот юритилади.

 

Шу нуқтаи назардан шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги масала ҳал этилаётганида у муқаддам жавобгарликка тортилган ёки тортилмаганлиги текширилади, лекин бунда “судланган” сўзи назарда тутилмайди.

 

Шахсни маъмурий жавобгарликка тортилганлиги, унинг бошқа қариндошлари ёки яқин одамларининг шахсий хаёти ёки меҳнат фаолиятини амалга оширишига таъсири йўқ.

 

Турмуш ўртоғингиз Маъмурий жавобгарликка тортилганлиги фарзандларингизни ўқишига ва ишига тўсқинлик қилмайди, шахсни бундай асосларга кўра бирор ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди.