Юқори инстанция судларининг ишларни қуйи судларга юбориш амалиётига чек қўйилди

Бу ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериб, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига замин яратди.

2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  

Шу асосда 2024 йил 1 январдан бошлаб туманлараро судлар томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Бу амалда қандай самара беради?  

ЎзА мухбири Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобир Исломов билан шу ҳақда суҳбатлашди.  

– Қонун судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этишга қаратилган. Қонунчиликка ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Фуқаролик процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Яъни, юқорида номи келтирилган қонунга асосан, туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи босқичда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди.  

– Бундай тартибнинг ўрнатилиши амалда қандай натижа беради?  

– Бу тартиб орқали судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорлари барқарорлигини таъминлаб, фуқаролар ва юридик шахслар сарсон бўлишининг олди олинади. Чунки юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратилди.  

Суд ҳал қилув қарорлари ва ажримларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш шикоят ва билдирилган протест асосида қуйи суд чиқарган ҳал қилув қарорлари, ажримларининг уларга қўйиладиган талабларга жавоб беришини текширишга қаратилган юқори судда иш юритиш (суд муҳокамаси) жараёни ҳисобланади.  

Қайд этилганидек, фуқаролик суд ишларини юритишда ишлар одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, қонун ва суд олдида тенглик, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар асосида амалга оширилади.  

– Одил судловга эришиш имконияти қанчалик кенгайди?  

– Қонун билан одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Суд ишидан яна норози бўлинган тақдирда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.  

Шунингдек, кассация инстанциясининг жорий этилиши келгусида манфаатдор шахслар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят келтириш имконини беради.  

Масалан, суддаги бир тараф ўзи қатнашган иш бўйича қабул қилинган суд ҳал қилув қарори ёки ажримидан қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолиши мумкин. Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади, аммо унда шикоят келтиришда процессуал ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.  

Фуқаролик ишини апелляция ва кассация тартибида қайта кўриш – суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.  

Қонунга мувофиқ, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. 

Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.  

Тафтиш инстанцияси биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажримлари устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижаларига кўра,  ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни ўзгаришсиз қолдиришга; ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни тўлиқ ёхуд қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилишга; ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга; Фуқаролик процессуал кодексининг 372-2-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 372-4-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга; ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ушбу кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга; айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли.  

Тафтиш инстанцияси судининг ажримида, қарорида баён қилинган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.  

Тафтиш инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги тўғрисидаги, айрим далилларнинг бошқаларидан устунлиги ҳақидаги, иш янгидан кўрилган тақдирда қандай қарор чиқарилиши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас.  

Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилингани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.  

Қабул қилинган қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтаришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқнинг судларга бўлган ишончи янада ошишига хизмат қилади.  

ЎзА мухбири  

Норгул Абдураимва  

суҳбатлашди.