ФОЛБИНГА БЕРГАН ПУЛИМНИ ҚАЙТАРИБ ОЛОЛАМАНМИ?

— Бир фолбинга бориб, эримни менга иситиб бериши учун 300 АҚШ доллари бергандим. “Икки хафтада муаммоинг ижобий ҳал бўлади”, деб ваъда берганди. Лекин орадан икки ой ўтса ҳам ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Энди ўша фолбиннинг найрангига чув тушганимни англаб етяпман. Қўлимда ҳеч қандай исботим йўқ. Фақат дугонам гувоҳ бўлган. Унинг гувоҳлиги инобатга олинадими? Фолбинга берган пулимни қайтариб ололаманми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилай?

Исми сир тутилди

Жамшид Шаропов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, диний расм русумлар билан боғлиқ бўлган фаолият турлари билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи хужжатларсиз шуғулланиш таъқиқланади. Сизнинг ҳолатингизда, фолбиннинг хатти-ҳаракатларида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ (Фирибгарлик) жиноят аломатлари борлиги сабабли, етказилган зарарни ундириш ва Фолбиннинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш масаласида тегишли ариза билан Ички ишлар ёки Прокуратура органларига мурожаат қилишингиз лозимлиги тушунтирилади.

 

Фолбинга нисбатан қўзғатилган жиноят иши якуни бўйича сиз томонингиздан тўланган 300 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини ундириш чоралари, ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича суд амалга оширилади.


Фолбин билан сизнинг ўртангиздаги муносабат фуқаролик қонунчилик нормалари билан тартибга солинмайди. Агарда ўртангизда қарз олди-бердиси ёки хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқача турдаги фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар бўйича низо келиб чиққанда, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз учун амалдаги “Давлат божи тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунига илова сифатида қабул қилинган “Давлат божи ставкалари”га кўра, даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўлашингиз лозим бўлади.


Фолбиннинг ҳатти-ҳаракатларида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик жиноят аломатлари бор-йўқлигига тегишли тартибда баҳо бериш учун гувоҳ сифатида дугонангиз кўргазмалари инобатга олинади.


Фуқаролик қонунчилик талабларига кўра, юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари, шунингдек, фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса битим суммасидан қатьи назар, бошқа битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши лозим. Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.


Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга қиритиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, содир этилган қилмиш учун жавобгарлик белгиланган.

 

Масалан, мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган бўлса, тўртинчи қисмидаги қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.


Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.