ФИРИБГАРЛАР ЕТКАЗГАН ЗАРАРИНИ ҚОПЛАМАСА, ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИНМАСЛИГИ КЕРАК

Фирибгарлик – алдаш, инсоннинг ишончини суиистеъмол қилиш эвазига амалга ошириладиган тубан жиноятлардан ҳисобланади. Бу одамлар ўртасида, компаниялар ўртасида рўй бериши мумкин бўлган хавфли жиноятдир.

 

Халқаро тадқиқотчилар жаҳондаги компанияларининг 47 фоизи фирибгарлик жиноятидан жабрланганини аниқлади. Демак, пухта юристлар, аудиторлар, ҳушёр раҳбар ҳам баъзан фирибгарга алданиши ҳеч гап эмас. 

 

Ҳар секундда дунё бўйича 35 нафар шахснинг рақамли маълумотлари ўғирланади. Шундан 5 нафари эса тўлов карталари воситасида фирибгарлик жабрланувчисига айланади.

 

Бу жиноят Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда кўпайгани сир эмас. Ахборот технологиялари ривожи, онлайн хизматлар кўпайгани сари ҳисоб рақамдан, пластик картадан фирибгарлик йўли билан пул ўмариш учраб турибди. Жорий йилнинг биринчи чорагида содир этилган жами жиноятларнинг аксарият қисмини фирибгарлик (38,7 фоиз) жинояти ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди. 

 

Шу сабабли фирибгарликка қарши курашиш, унинг олдини олиш учун фуқаролар, тадбиркорларни огоҳликка чорлаш кучайтирилди.    

 

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам жиноятчиликка қарши курашиш, хусусан мулкка қарши жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга ошириш назарда тутилган.

 

Амалдаги Жиноят кодекси Махсус қисмида тўлов карталари билан боғлиқ жиноят таркиби мавжуд эмас.

 

Тўлов карталаридан фойдаланиб фирибгарлик содир этганлик учун жиноий жавобгарликнинг белгиланиши бу соҳадаги жиноий тажовузларга муносиб жавоб реакцияси бўлар эди. 

 

Кўплаб ривожланган хорижий давлатлар қонунчилигида тўлов карталаридан фойдаланиб фирибгарлик содир этилганлиги учун махсус таркиб мавжуд. 

 

Хусусан, Россия, Испания, Италия, Германия, Хитой, Латвия, АҚШ, Австрия, Грузия ва Озарбайжон давлатлари Жиноят кодексларида тўлов карталардан фойдаланиб жиноят содир этиш фирибгарлик жиноятининг оғирлаштирувчи таркиби сифатида  квалификация қилинувчи белги сифатида келтирилган.

 

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 73-моддасида ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилган шахслар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланмаганида уларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш институти татбиқ этилмаслиги белгиланмаган.

 

Натижада бугунги кунда фирибгарлик жиноятини содир этганлар жиноят натижасида етказилган зарарни қопламаса ҳам уларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш институти татбиқ этилмоқда. Бу эса жабрланувчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. 

 

Жиноят кодексининг 73-моддасига ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилган шахслар зарарни тўлиқ қопламаса, уларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш институти татбиқ этилмаслигига оид ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ.

 

Оғирлаштирувчи ҳолатларда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга, яъни кўп миқдорда ва жуда кўп миқдорда (базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кўп) зарар етказган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга жиноий жазо тариқасида жарима жазоси назарда тутилган.

 

Бу эса фирибгарларга ўзи содир этган жиноят натижасида қўлга киритилган маблағлар билан жарима жазосини тўлаш, жабрланувчига етказган зарардан кўра камроқ суммада жарима жазосини тайинлашга олиб келиши мумкин.

 

Оғирлаштирувчи ҳолатларда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазоларнинг муқаррарлигини таъминлаш, жиноий жазодан кўзланган мақсадга эришиш ҳамда жазонинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Жиноят кодекси  168-моддасининг 2, 3, 4-қисмлари санкцияларидан жарима тариқасидаги жиноий жазони чиқариш мақсадга мувофиқ.

 

Аксарият ҳолларда ҳали биринчи қилмиши учун жавобгарликка тортилмасдан туриб жиноят содир этган шахслар қайтадан фирибгарлик жиноятини содир этмоқда. Шу сабабли фирибгарлик жинояти содир этган шахслар электрон реестрини шакллантириш зарурати юзага келмоқда. 

 

Онлайн тўловлардан фойдаланиш хавфсизлигидан бехабарлик, olx.uz ва бошқа савдо платформаларидан фойдаланишда билим ва кўникмалар етарли эмаслиги ҳудудларда ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятлар содир этилишига шарт-шароит яратмоқда.

 

Шу сабабли онлайн савдо платформаларида “Хавфсизлик сиёсати” билан мажбуран таништиришни назарда тутувчи огоҳлантириш панелини жойлаштириш мақсадга мувофиқ.

 

Хасан ОЧИЛОВ

Жиноят ишлари бўйича 

Шайхонтоҳур тумани суди судьяси, (PhD)