Тошкент шаҳар судида  Конституция қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди

«Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!» шиори остида ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳар судлари судьялари ва ходимлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов сўзга чиқиб янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз тараққиёти, жамиятнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Маълумки, жорий йилда мамлакатимизда том маънода тарихий конституциявий ислоҳотлар муваффақият билан амалга оширилиб, 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинди.

Конституциявий ислоҳотлар натижасида янгиланган Бош қомусимиз ҳақиқий халқ Конституциясига айланиб, Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва қатъияти билан амалга оширилаётган янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Тадбирда, шунингдек, сўз олган Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси У. Мингбоев, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи «Ёш ҳуқуқшунослар Кенгаши» ННТ раиси Г.Турсунметова демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, унинг қонунчилик асосларини янги таҳрирдаги Конституциямиздан ўрин олган энг демократик тамойил ва қоидалари ташкил этиши амалда кутилган самараларни бераётганини қайд этишди.

 

Тадбирда бир гуруҳ судья ва суд ходимларига ташаккурномалар тантанали суратда топширилди.