МИКРОҚАРЗ ВА КРЕДИТЛАР: ФОИЗЛАР НЕГА БУНЧА ЮҚОРИ?

Ёхуд йиллик 65 ёки кунлик 0,3 фоиз миқдорда фоиз тўлаш шарти билан микроқарз ёки кредит ажратиш инсофданми?

Кредит ташкилотлари кунлик 0,3 ёки йиллик 65 фоиз тўлаш шарти билан қарз берамиз, деган мазмундаги рекламаларни тарқатаётганига ҳар қадамда дуч келиш мумкин.

Шу ўринда шундай шартлар билан микромолиялаш мумкинми, деган ўринли савол пайдо бўлади.

Ахир кунлик 0,3 фоиз тўлаш шарти билан микроқарз бериш ёки кредит ажратиш бу йиллик 109,5 фоиз тўлаш шарти билан микромолиялаш ҳисобланади. Йиллик 65 фоиз ҳам жуда юқори ставка ҳисобланади. Жисмоний шахсларга ушбу шартлар билан қарз ва кредит ажратиш эса қонун нормаларини бузиш ҳисобланиши мумкин.

Чунки “Нобанк ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига асосан, жисмоний шахсга кредит (микроқарз) бериш шартномаси бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш микромолия ташкилотларига ва ломбардларга тақиқланади.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 25-моддасида мустаҳкамланишича, Марказий банк нобанк кредит ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш микромолия ташкилотлари томонидан бериладиган истеъмол кредитлари ва микроқарзлар, шунингдек, ломбардлар томонидан бериладиган микроқарзлар бўйича фоиз ставкаларининг ва тўловларнинг энг юқори қийматларини белгилашга ҳақли ҳисобланади.

Марказий банк қарори билан тасдиқланган “Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низом”да ҳам кредит ёки микроқарз бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан, фоизлар, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Лекин, шунга қарамасдан бугунги кунда ломбардлар ёки микрокредит ташкилотлари ёхуд турли нобанк ташкилотлар томонидан йиллик асосий қарздорликнинг ярмидан кўпини ташкил қиладиган жавобгарлик чораларини белгилаш ёхуд кредит ва микроқарзлар учун юқори фоиз ставкаларини белгилаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хўш, юқоридаги шартларни бузиб тузилган кредит шартномалари ва микроқарз шартномаларининг тақдири нима бўлади?

Фуқаролик кодексининг 116-моддасида қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги белгиланган.

Агар микроқарз шартномаларида йиллик фоизлар асосий қарз миқдорининг ярмидан ортиқ, яъни 50%+ кўринишида назарда тутилган бўлса, бунда шартноманинг мазкур шарти Фуқаролик кодексининг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 128-моддасида битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги қоидалари белгиланган бўлиб, битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмлари ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмаслиги белгиланган.

Ушбу вазиятда қарз шартномасининг фоизлар тўлаш миқдори ва шартини белгилаш тўғрисидаги бандининг ўзигина ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди, лекин қарз шартномаси тузилган ҳисобланади. Чунки, амалдаги қонунчиликка кўра, қарз шартномаси бўйича шартнома тарафлар қарз суммасига нисбатан фоизлар миқдори ва тартибини келишган, келишмаганидан қатъий назар, пул ёки бошқа ашёни қарз берувчи қайтариш шарти билан қарз олувчига топширган вақтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 113-моддаси учинчи қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкинлиги белгиланган.

Қолаверса, суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли. Қарз шартномаси бўйича йиллик асосий қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорда фоизлар белгиланган микроқарз шартномалари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволарни кўриш жараёнида суд шартноманинг фоизга оид қисми ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмагани сабабли унинг оқибатларини ўз ташаббуси билан қўллаши мумкин.

Агар микроқарз шартномаларида бир нечта мажбуриятни таъминлаш усуллари ёхуд бир нечта жавобгарлик чоралари белгиланган бўлиб, мазкур жавобгарлик чораларининг ҳажмлари қўшилганда уларнинг умумий ҳажми йиллик асосий қарз миқдорининг ярмидан кўпни ташкил қиладиган бўлса, бунда жавобгарлик чораларидан бирини ёки барчаси бўйича шартнома шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига олиб келиши мумкин.

Кредит (микромолиялаш) шартномалари мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, микроқарз шартномаларидан фарқли равишда қонунда белгиланган юқори ставкадан ошириб фоизлар, пенялар, комиссиялар, хизматлар учун ҳақлар ҳамда жавобгарликнинг бошқа чораларини белгилаган ҳолда тузилган кредит шартномалари амалдаги қонунчиликка асосан кредит шартномаларининг тузилмаган деб топилишига олиб келиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 128-моддасига асосан, кредит шартномаси фоизга оид шартининг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги кредит шартномасини тузилмаган деб баҳоланишига олиб келиши мумкин.

Шундай экан, молия ташкилотлари кредит билан боғлиқ фоиз ставкаларини белгилашда қонунга риоя этиши, қолаверса, аҳолига малол келадиган шартлардан чекиниши мақсадга мувофиқ.

Гулруҳ Мамараимова, Фуқаролик ишлари бўйича

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси.