КОНСТИТУЦИЯМИЗ – БАРЧАМИЗ УЧУН ҲАЁТ, ТАРАҚҚИЁТ ВА АДОЛАТ ҚОМУСИДИР

Янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.

Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳар суди судьялари томонидан “Конституциямиз – барчамиз учун ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомусидир” мавзусида маҳаллаларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида курсантлар билан Тошкент шаҳар суди судьяси Ж.Сирожев иштирокида бўлиб ўтди.

Учрашувда Тошкент шаҳар суди судьяси Ж.Сирожев томонидан  академия курсантлари эътиборига Қомусимизнинг мазмун-моҳияти, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги роли тушунтирилди.

Тадбирда Бош қомусимизнинг аҳамиятига тўхталинар экан, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарурлиги, бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бош ҳужжатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилганлигига, хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланганлиги, ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланишининг ўзи инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлаши таъкидланди.

Тадбирда  талаба ва курсантлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб Конституция нормалари ҳақида батафсил маълумот олишди.