ИСБОТСИЗ АЙБЛАГАНИ УЧУН ҚЎШНИМНИ СУДГА БЕРИШИМ МУМКИНМИ?

— Эрим Россияда ишларди, қайтганига 15 кун бўлди. Тепа қаватда турадиган қўшнимиз билан аввалдан келишмасдик. Шу аёл эримга «хотинингни қадам босиши тўғримас», деб ҳар хил гаплар қилибди, ҳатто енгилтакликда ҳам айблабди. «Далил, исботи бўлса, кўрсатсин», десам, қўшни аёл «ҳеч нимани кўрсатмайман», деяпти. Эрим мендан шубҳаланиб қолди. Мени енгилтакликда айблагани учун қўшнимни судга беришим мумкинми?

Исми сир тутилди.

Жаҳонгир Одилов, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси:


— Сиз биринчи навбатда қўшнингизнинг хатти-ҳаракати юзасидан тегишли тартибда яшаш жойингиздаги ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилишингиз лозим. Шундан сўнг, ички ишлар идораси томонидан аризангиздаги ҳолат бўйича тўлиқ, ҳар томонлама ва синчковлик билан суриштирув ҳаракатлари ўтказилади. Қўшнингиз томонидан ҳақиқатдан ҳам сиз ҳақингизда била туриб ёлғон, шарманда қилувчи, ҳақиқатга мос келмайдиган уйдирмаларни тарқатганлиги аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан яъни, тухмат билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракат содир этилганлиги юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиши, шундан сўнг, ички ишлар идораси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқиш учун тегишли судларга юборилиши мумкин.


Суд ҳам ўз навбатида ушбу тўпланган иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қўшнингизни айби тасдиқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима жазоси тайинлаши мумкин.