АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАНЛАР ҚАНДАЙ ЖАЗОЛАНАДИ?

— Алиментдан 18 млн. қарзим бор экан. Вақтида тўламаганим учун 15 сутка қамалиб чиқдим. Шу тўғрими? Аслида алимент тўламаганлар қандай жазоланади? Қай ҳолларда алимент мажбурий ундирилади?

Исми сир тутилди

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.


Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.


Агар сиз фарзандингизни моддий таъминлашдан бўйин товласангиз дастлаб, маъмурий жавобгарликка, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этсангиз жиноий жавобгарликка тортилишингиз мумкин бўлади.


Алимент тўлаши шарт бўлган шахс вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товласа, дастлаб унга нисбатан ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солиниши мумкин, шунингдек шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.


Оила кодексининг 140-моддасига кўра, алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


Ушбу Кодекснинг 99-моддасига асосан вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади. Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.

 

Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.


Юқорида қайд қилинган модда талабига кўра, алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади. Шу сабабли Сиз ушбу масалада алимент ундириш тўғрисидаги ижро хужжатини ижро қилаётган давлат ижросига мурожаат қилишингиз мумкин. Сиз давлат ижрочисига алимент қарзи нотўғри ҳисобланганлигини тасдиқловчи хужжатларни тақдим қилишингиз мумкин.

 

Сиз давлат ижрочисининг алимент қарзини ҳисоблашдаги ҳатти-ҳаракатлари юзасидан маъмурий судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгасиз. “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунинг 10-моддаси 1-қисми 9-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича давлат божи тўлашдан озод бўлганликлари сабабли сиз ушбу масалада судга шикоят берганингизда давлат божи тўламайсиз.


Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.


Юқоридаги қонун талабига кўра, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан мажбурий тартибда ундирилади.