АЛИМЕНТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ЭТИШ КЕРАК?

— Эрим биринчи турмушидан расман ажрашмай, менга шаръий никоҳ асосида уйланган. Биринчи турмушидаги фарзандлари учун ҳам алимент, ҳам моддий ёрдам тўлайди. Яқинда мен ҳам фарзандли бўлдим, шу сабаб ишламаяпман. Қайнота-қайнонам ҳам ишламайди, эрим оиламизнинг ёлғиз таъминотчиси. Олган маоши рўзғоримизга етмаяпти. Шу сабаб алимент миқдорини камайтиришса бўладими? Бунинг учун қаерга, ким мурожаат этиши керак?

Исми сир тутилди

Алимджан Кариев, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улугбек туманлараро суди судьяси:


— Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш икки усулда – алимент ундириш тўғрисидаги келишув ҳамда суд ҳужжати асосида амалга оширилади.


Оила кодексини 96-моддасига асосан, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота(она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолаётган бўлса алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкинлиги Оила кодексининг 96-моддасида белгиланган.


Бунинг учун алимент тўлаётган ота ёки она, шунингдек, қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома асосида уларнинг ишончли вакиллари ҳам даъво аризаси билан жавобгар (иккинчи тараф)нинг яшаш жойи ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилишлари мумкин.
Судга мурожаат қилиш учун киритиладиган даъво аризани Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талабларига мувофиқ расмийлаштириш лозим бўлади.


Даъво аризага шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, бола(лар)нинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси, алимент ундириш ҳақида қабул қилинган суд ҳужжатлари нусхаси, тўланаётган алимент миқдорини камайтиришга асос қилиб кўрсатилган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар, давлат божи ва почта харажати тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, даъвогар томонидан ўз талабини тасдиқловчи бошқа далиллар ҳам илова қилинади.


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни талабига мувофиқ, давлат божи ҳар бир даъво талаб бўйича алоҳида-алоҳида тўланиши назарда тутилган бўлиб, даъвогар мулкий тусдаги талаби учун даъво баҳосининг 4 фоизи, лекин Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари кам бўлмаган миқдорида, номулкий тусдаги талаблар бўйича Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида давлат божи тўлаши лозим.


Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ҳақидаги даъво номулкий тусдаги талаб бўлиб, мазкур даъво билан судга мурожаат қилишда Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида давлат божини тўлаш лозим бўлади.
Юқорида қайд этилган қонун талабларига кўра, алимент миқдорини камайтириш талаби билан судга фақат алимент тўловчи шахслар ёки ишончнома уларнинг ишончли вакиллари мурожаат қилишга ҳақли.


Даъво ариза манфаатдор шахс номидан иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган тақдирда Фуқаролик процессуал кодексининг 122-модда биринчи қисм 2-банди талабларига кўра у кўрмасдан қолдирилади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


Бунинг учун эр-хотин ёки уларнинг номидан конун талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома асосида ишончли вакил судга даъво ариза билан мурожаат қилиши лозим бўлади.
Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Эр-хотинни яраштириш мақсадида олти ойлик муҳлат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин.


Оила кодекси 1-моддасининг иккинчи қисми талабига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар) аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ҳақли.