ТАДБИРКОРЛАР ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Тадбиркорлик фаолияти “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Ушбу қонуннинг  асосий вазифалари  фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Пойтахтимиздаги Судьялар Олий мактаби тадбирлар залида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди ҳамкорлигида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган корхоналар, ташкилот ва масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятида ҳуқуқий ислоҳотларнинг таъсири ва одил судловнинг ўрнини самарали ташкил этиш мақсадида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди.

Учрашувда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, бизнес муҳитини турли босимлардан холи қилиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, кичик тадбиркорлик субъектлари учун  қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар борасидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Тошкент шаҳар прокуратураси,  Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси,Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этган тадбир ғоятда самарали фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилаётган ишлар моҳияти ҳақида  маълумот берилиб, суд амалиётида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, бу борада судлар ва тадбиркорларнинг масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилди. Учрашув тадбиркорларнинг фаолиятларини қонун талаблари асосида тўғри ташкил этишлари учун ҳар томонлама фойдали бўлди.