МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ МАВЗУСИДАГИ ДАВРА СУҲБАТИ

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби мажлислар залида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нормаларини суд амалиётида қўллаш, қонун нормаларини талқин қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда  Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари,туманлараро фуқаролик судлари судьялари, шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси, Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида  2023 йил 30 апрелда амалга киритилган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг меҳнат бозорини тартибга солишдаги ўрни ва аҳамияти, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашдаги аҳамияти, ушбу кодекс талабларининг меҳнат низоларини ҳал қилишда суд амалиётида қўлланиши бўйича фикрлар алмашинди.

 

Таҳлиларга кўра, сўнгги йилларда судларда меҳнат ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ мурожаатлар сони ўсиб бораётган бўлиб, бу аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ортаётгани, суд орқали ўз ҳуқуқларини тиклашга бўлган эҳтиёжлари ошаётгани, шу билан бирга, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи масъул идоралар – ҳудудий меҳнат инспекциялари, адлия бошқармалари ва прокуратура органларининг ходимлар ҳуқуқларини тиклаш борасида масъулияти ва фаол иштироки мавжудлигини кўрсатади.

Давра суҳбатида амалдаги Меҳнат кодексида тартибга солинган, қонунчиликка янги киритилган нормаларнинг қўлланиши бўйича фикр-мулоҳозалар билдирилди.

 

Хусусан, Меҳнат кодексининг 333-моддасида белгиланган ходимга иш ҳақи тўлашни ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлик масаласининг амалиётда қўлланиши, бу борада кодексда белгиланган фоизларни ҳисоблаш тартиби, ушбу фоизлар ҳисобланиши бошланадиган давр ва жавобгарлик ҳажми, меҳнат низолари бўйича даъво муддатини қўллаш масаласи, суд қарорларининг қайтарма ижросига оид масалалар кенг муҳокама қилинди, ушбу масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикрлари тингланиб, қонун мазмун-моҳияти, амалиётга тадбиқ қилиниши тартиби юзасидан тавсиялар берилди. Мулоқотлар очиқ,жонли, фаол ва самарали тусда ўтди, меҳнат қонунчилигини амалиётда қўллаш бўйича муҳим ва аҳамиятли тушунтиришлар иштирокчилар эътиборига етказилди. Тадбир якунида меҳнат қонунчилиги бўйича ушбу жараёнга алоқадор соҳа вакиллари ўртасида меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик нормаларининг мазмун-моҳияти, амалда қўлланиши ҳамда суд амалиётида юзага келаётган низоларга нисбатан тадбиқ қилиниши бўйича  вақти-вақти билан учрашиб, фикр алмашишга келишиб олинди.