Қидирув:

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТЕРГОВГА ТАҚДИМ ҚИЛИШ КЕРАКМИ ЁКИ СУДГА?

— Жамият таъсисчисиман. Солиқ идорасининг текширув далолатномасига асосан солиқдан бўйин товлаш деб жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишим ҳозирда судга чиққан. Тергов даврида корхонамга тегишли ҳужжатларни тўлиқ тақдим эта олмадим. Ҳозир барча ҳужжатларимни топдим. Бу масалада айбсизлигимни исботлаш учун кимга мурожаат қилишим керак: терговгами ёки судга?

Исми сир тутилди

Санжар Ибадов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:


— Сизга оид жиноят ишини судда кўриш бошланган бўлса, бу ҳолатда сиз ёки ҳимоячингиз орқали судга ҳужжатларингизни илова қилган ҳолда илтимоснома киритишингиз мумкин.


Судда раислик қилувчи томонидан илтимоснома кўриб чиқилади ва асосли деб топилгандан сўнг Жиноят процессуал кодексининг 22-1-боби “Тафтиш”, яъни 187-1 ва 187-11-моддалари талаблари доирасида тафтиш тайинлаб, тегишли органга юборилади.

БЕЗОРИЛИК ЖИНОЯТИГА ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН?

— Фарзандим таниши билан кафега бориб овқатланиб, у ерда бошқа хўранда билан жанжаллашиб, уришган. Уни урганлиги учун ўғлимга безорилик жинояти билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят бўйича қандай жавобгарлик белгиланган?

Исми сир тутилди

Фарҳод Абдушукуров, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:


— Жиноят қонунчилигимизда безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 1-қисми билан малакаланади.


Шунда, шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоларнинг суд жазо тайинлаши мумкун.


Бироқ, мазкур модданинг 2-3 қисмлари мавжуд булиб тергов органинг холатдан келиб чиқиб малакалаши ва суд терговида ўз тасдиғини топганидагина жазо санкция қисми бошқа бўлишини унутмаслигимиз керак.

АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ ЖАЗОСИНИ ЎТАЛМАСА, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛИШИ МУМКИН?

— Ҳозирги кунда фарзандим 2 та фуқародан бизнес учун деб пул маблағларини олиб, эҳтиёжига ишлатганлиги натижасида фирибгарлик жинояти билан судланиб, жабрланувчиларга зарарлар судда қопланганлиги сабабли унга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Агарда фарзандим суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамаса унга нисбатан нима чора кўрилиши мумкин?

Исми сир тутилди

Алишер Жалилов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:


— Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисми диспозициясига кўра, агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.


Шундай экан тегишли ижро органи тақдимномасига асосан суд фарзандингизга озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолардан бирига алмаштириши мумкин.

ХОРИЖДАГИ ЭР-ХОТИНЛАР ВАКОЛАТ ОРҚАЛИ ТОШКЕНТДА АЖРАШИШИ МУМКИНМИ?

— Поччам Россияда, опам Туркияда. 3 йилдан буён бирга яшашмади. Иккови ҳам яқинларига ваколат бериб, Тошкентда расман ажрашишлари мумкинми?

Исми сир тутилди

Мутахассис: Зулфия Нуралиева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

 

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ ФҲДЁ ЁКИ СУД ТАРТИБИДА
АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

— Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин.

 

Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда  никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъий назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан:

 

бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

 

руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

 

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.

Қайд этилган асослардан бирортаси мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талабни рад этишга ҳақли эмас. Эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида, меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Оила rодексининг 42-моддаси 2-қисми ва 43-моддаси 2-қисмида назарда тутилган барча ҳолларда никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Никоҳдан ажратиш масаласи ФҲДЁ органлари ваколатига тааллуқли бўлган айрим ҳолларда ҳам у суд тартибида амалга оширилиши мумкин, агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажратиш тўғрисида ариза беришдан бош тортса.

 

Никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратиш тартиби спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳолларига тадбиқ этилмайди. Бундай шахсларга нисбатан берилган, шунингдек бундай шахслар томонидан берилган даъволар бўйича никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади. 

               

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДА ИШ ҚЎЗҒАТИЛМАЙДИ, ҚАЧОНКИ…

— Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам,  ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам тадбиқ этилади. 

 

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд иш юритишни тугатади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш хотиннинг розилиги билан қўзғатилган бўлиб, ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга қарши эътироз билдирган, шунингдек хотиннинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция, кассация ёки назорат инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлган барча ҳолларда ҳам иш юритиш тугатилиши лозим.

 

Шуни назарда тутиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзгатилишига тўсқинлик қилмайди.

 

Даъво аризаси қонун талабига жавоб бериши керак:

 

Унда жумладан,  никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида уларни  таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар бор-йўқлиги кўрсатилади.

 

СУД ИШНИ ИККАЛА ТАРАФ ИШТИРОКИДА КЎРИШИ ЛОЗИМ

— Никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу мақсадларда, суд ишни иккала тараф иштирокида кўриши лозим.

 

Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, келмаслик сабаблари узрли ёки узрсизлигидан қатъий назар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради. Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

 

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, башарти даъвогар бунга қарши эътироз билдирмаса, иш унинг иштирокисиз кўрилиши мумкин. Бундай ҳолда, фақат суд жавобгарни сўроқ қилмасдан туриб ҳам ишнинг барча ҳолатлари ҳар томонлама ва тўлиқ текширилганлиги ҳақида хулосага келган тақдирдагина никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилиши мумкин.

 

Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.

 

Суд хокимияти чиқарган хужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

“ЗАГС” БЎЛМАСА ҲАМ ОТАЛИКНИ ДАЪВО ҚИЛИШ МУМКИНМИ?

Фарзандимнинг отаси билан “ЗАГС”имиз йўқ. Ҳозирда бирга яшамаймиз. У боламга оталикни белгилатмоқчи. Мен эса бунга қаршиман. Шунча йил йўқ бўлиб кетиб, энди оталикни даъво қилишини истамайман. Генетик экспертизада қизимнинг иштирок этишини рад этишим мумкинми?

Исми сир тутилди.

Мутахассис: Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси.

 

ЎЗАРО НИКОҲДА БЎЛМАГАН ОТА-ОНАДАН БОЛА ТУҒИЛГАН ТАҚДИРДА…

— Оила кодексининг 62-моддасига биноан ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, оталик суд тартибида белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 8-сонли Қарорининг 7- бандига кўра, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:

 

— боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;

 

— боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;

 

— жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.

Мазкур Пленум қарорининг 8-бандига кўра, жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар-жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар) мавжудлиги билан тасдиқланади. Тарафлар биргаликда яшашганми ва умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.  

 

ОДАМ ДНКСИ ЭКСПЕРТИЗАСИСИЗ ҲАМ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…

— Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома талабига кўра, оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ФҲДЁ органига бола туғилгунгача, боланинг туғилишини қайд этиш билан бир вақтда ёки боланинг туғилиши қайд этилгандан сўнг берилиши мумкин. Ариза ФҲДЁ органининг масъул ходими томонидан ундаги маълумотларни ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан солиштириб қабул қилинади.

 

Оталикни белгилашда ота-оналардан бири иштирок этмаган тақдирда, унинг имзоси қонунчиликда белгиланган тартибда (нотариус, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси масъул шахси ёки тиббиёт муассасаси, ФҲДЁ органи, ҳарбий қисм ёки жазони ўташ муассасаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан) тасдиқланади.

 

Агар фарзандингизни оталигини белгилатиш юзасидан фарзандингизнинг отаси билан ўртангизда низо бўлса, ушбу масала суд тартибида ҳал қилинади. Агар тарафлар ўртасида низо бўлса, суд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Одам ДНКси экспертизаси тайинлаши мумкин.

 

Шунингдек, юқорида қайд қилинган ҳолатлар, яъни ота-онанинг бола туғилгунига қадар бирга яшаганлиги, умумий рўзғор юритганлиги, вояга етмаган болани бирга тарбия қилганлиги, таъминлаб турганлиги ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган ҳолда суд ушбу ҳолатларга асосан ҳам оталикни Одам ДНКси экспертизасисиз ҳам белгилаши мумкин.

НОГИРОН ФАРЗАНДИНИНГ ДОРИЛАРИНИ НОҚОНУНИЙ СОТГАН ОТАГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Минг афсуски, орамизда нафсининг қулига айланганлар ҳам борки, мўмай даромад олдида инсон саломатлиги, унинг ҳаёти ва мушкул вазиятда экани мутлақо аҳамиятга эга бўлмай қолган… 

 

Лекин масаланинг яна бир жиҳати кишини ўйга толдиради, яъни 31 ёшли судланувчининг ўз фарзандлари бўла туриб, устига устак улардан бири II гуруҳ ногирони экани ҳам дўппини ерга қўйиб фикр-мулоҳаза қилишга ундамаган. Йўқса, махсус лицензияга эга бўлмаган дориларни яширинча сотган бўлармиди?  

 

 “ҲАРАКАТЛАРИ ШУБҲА УЙҒОТДИ”

— Жияним касаллиги сабабли болалар руҳий-асаб касалхонасига бордим. У ерда нотаниш шахс билан мулоқотим давомида жияним касаллиги ҳамда “Цереброкурин” дори воситаси кераклигини айтдим. У эса судланувчининг рақамини бериб, унга мурожаат қилсам “Цереброкурин” ва бошқа турдаги танқис дори воситаларини топиб беришини айтди. Қўнғироқ қилиб, жияним касаллигини, “Цереброкурин” зарурлигини айтдим. Ҳар бир донасини 400 АҚШ долларидан сотишини айтди, зарурлиги сабаб рози бўлдим ва сотиб олдим. Судланувчи “дори воситаси зарур бўлганда хоҳлаган пайтда қўнғироқ қилишингиз мумкин”, деди.

 

Танишим коронавирус касаллигига чалинганлиги боис “Ремдесевир” дорисидан топиб беришини сўрадим. У ҳеч қандай дорихонада ишламаслигини, “Цереброкурин”нинг ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслигини айтди. Орадан бир неча кун ўтгач эса сотиладиган 20 дона “Ремдесевир” ҳамда 20 дона “Цереброкурин” борлигини, агарда сотиб олсам “Цереброкурин”нинг ҳар бирини 410 АҚШ долларидан, “Ремдесевир”нинг ҳар бирини 85 АҚШ долларидан жами 9 900 АҚШ долларига сотишини айтди.

 

Унинг ушбу ҳаракатлари шубҳа уйғотди ҳамда дори воситаларининг чайқов бозорда сотилиши нарх сунъий ошишига олиб келишини англадим, – дейди харидор аёл.

Гап шундаки, судланувчи Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Remdesivir”, Украинада ишлаб чиқарилган “Цереброкурин” дори воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари Давлат реестрида рўйхатга олинмагани, дори воситаларининг ушбу серияларига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани ҳамда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилиши белгиланганлигини билган.

 

Шунга қарамай, қонунга хилоф равишда супермаркет автотураргоҳида харидорга 20 дона “Remdesivir 100 mg Jubi-R” дори воситасининг ҳар бирини 900 000 сўмдан ҳисоблаб 1 700 АҚШ долларига, 20 қути “Цереброкурин”нинг ҳар бир қутисини 410 АҚШ долларидан ҳисоблаб 8 200 АҚШ долларига, жами 9 900 АҚШ долларига сотган. Айни савдо қизиган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонаси маълумотига кўра, фармацевтика фаолиятини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида дорихоналарда ва уларнинг филиалларида реализация қилиниши шарт. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-боб 1-бандида белгиланган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланиши ҳақидаги талаблари бузилганлиги кўрсатилган.

 

“Тошкент шаҳар Дори-дармон” акциядорлик жамиятининг маълумотига кўра, “Remdesivir” ва “Цереброкурин” дори воситаларининг умумий қиймати 99 926 520 сўмни ташкил этиши маълум қилинган.

 

“СОТИШГА МАЖБУР БЎЛДИМ…”

Судда судланувчи айбига қисман иқрор бўлди…

 

— Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди ва “Цереброкурин” дори воситаси топиб беришимни сўради. Аввалига рад қилдим, бир неча маротаба сўраганидан сўнг рози бўлдим. Сабаби отам оғир касаллиги туфайли операция учун катта пул жудаям зарур эди. Харидор аёл “Remdesivir” дори воситасини ҳам топиб беришимни сўради. Харидор 20 қути “Цереброкурин”ни сотиб олишини билдирганида, ушбу дорининг ҳар бир донасини 410 АҚШ долларидан сотишимни айтдим.

 

У рози бўлиб, “Remdesivir”ни топгунимча 10 минг АҚШ долларига мослаб олиб келиб беришимни сўради. Унга “Remdesivir”нинг ҳар бир қутисининг нархи 900 000 сўмдан эканини айтдим ва автотураргоҳда учрашишга келишдик.

 

“Remdesivir” ва “Цереброкурин”ни жами 9 900 АҚШ долларига сотишга келишганман. Харидор билан кўришиб, пулларни олган вақтимда ёнимга фуқаролик кийимда бир нечта шахслар келиб, ўзларини таништиришди. Уларга ҳам ҳолатни маълум қилдим, яъни дори воситаларини отамнинг операциясига пул керак бўлгани учун сотганимни, уларни сотиб даромад кўриш мақсадим бўлмаганини айтдим.

 

“Цереброкурин”ни менга ногирон ўғлимни соғлигини тиклаш учун фуқаролар эҳсон қилишганди. Чунки ногирон ўғлим ушбу дорини истеъмол қилади. “Цереброкурин”ни уйда музлаткичда сақлаганман, дори маҳсулотларини сотиш билан шуғулланмайман. Дори воситаларининг дорихонадан ташқарида сотиш ноқонунийлигини билмаганман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, – дея отаси жуда оғир касаллиги, оилада ягона боқувчи эканини инобатга олиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган судланувчи.

5 ЙИЛ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ, БИРОҚ…

Судланувчи Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 3 йил синов муддати белгиланди.

 

Музаффар Кукиев,

жиноят ишлари бўйича

М. Улуғбек туман суди судьяси

ОЛДИНДАН ТЎЛАНАДИГАН АЛИМЕНТ СУММАСИ ҚАНДАЙ ҲИСОБЛАНАДИ?

— Алиментнинг 5 йиллигини олдиндан тўламоқчиман. Ҳозирги иш ҳақимдан келиб чиқиб тўлайманми ёки ўртача ойлик иш ҳақиданми?

Исми сир тутилди

Анвар Хамроев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.


Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади.

 

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментларнинг миқдорини тарафлар шу келишувда белгилайдилар. Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.

 

Олдиндан тўланиши мумкин бўлган алиментлар суммасини ҳисоблаш қуйидаги тартибда белгиланади:


а) агар ижро ҳужжатида алимент пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланган бўлса — ижро ҳужжатида кўрсатилган сумма ҳар ойлик алиментлар суммаси сифатида белгиланади;


б) агар ижро ҳужжатида алиментлар қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса — ойлик алимент суммаси қарздорнинг охирги ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади улушидан, бироқ ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқилади. Бунда, қарздор ишсиз бўлса ёки ойлик иш ҳақи ва бошқа даромади тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинмаган тақдирда, тегишли улуш ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ҳар ойлик алиментлар суммасини ҳисоблашда, алиментлар суммаси ҳар бир бола учун алиментни ҳисоблаш вақтида қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,50 фоизидан кам бўлмаслиги керак.


Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сиз олдиндан тўланиши мумкин бўлган алиментлар миқдорини тарафларнинг келишувига кўра ёки ижро ҳужжатида кўрсатилган кўринишда амалга оширишингиз мумкин. Шунингдек, енгиллик яратиш мақсадида мажбурий ижро бюросининг расмий веб-сайтида олдиндан тўланадиган алиментлар миқдорини ҳисоблаш имконини берувчи интерактив давлат хизматлари кўрсатилган (махсус калькулятор).

ИККИ ХИЛ ФАМИЛИЯ БЎЛИШИ СУД ИШИГА ТАЪСИР ҚИЛАДИМИ?

— Биринчи турмушимдан ажрашганман. Лекин фамилиям ўзгармаган. Собиқ эрим алиментни камайтириш учун судга қизлик фамилиям билан ариза берган. Яқинда суд бўлиши керак. Паспортда бошқа, аризада бошқа фамилия бўлиши суд ишига таъсир қиладими?

Исми сир тутилди

Жасур Сирожев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари:


— Оила кодексининг 46-моддасига асосан, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.


Демак, эр ёки хотиннинг розилиги ҳамда суд жараёнидаги илтимосига асосан, эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд ўзгартириши мумкин.


Оила кодексининг 105-моддасига асосан, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.


Бундан ташқари, Фуқаролик процессуал кодексининг 46-моддасига асосан, суд даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан даъво тақдим этилганлигини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогарнинг розилиги билан ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор жавобгар билан алмаштиришга йўл қўйиши мумкин.


Бундай ҳолатда, суд собиқ турмуш ўртоғингиз аризасига кўра, агарда даъво аризасида никоҳгача бўлган фамилиянгиз кўрсатилган бўлиб, сизга тегишли шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларда бошқа фамилия кўрсатилган бўлса, суд жавобгар ариза бўйича, айнан бир шахс эканлигига аниқлик киритиши ва тақдим этилган ҳужжатлар доирасида ишни кўриши лозим бўлади.

АЖРИМГА ҚАЙТА АРИЗА ТОПШИРИШ УЧУН МУҲЛАТ ТУГАШИНИ КУТИШ ШАРТМИ?

— Ажрашиш учун судга ариза бергандим, иш судда кўрилиб тарафларга 6 ойлик мухлат берилди. Шу муддат тугашига ҳам бир ой вақт қолди. Ажрашиш фикримда қатъийман. Яна қайта топшириладиган аризани 1 ой ўтишини кутмасдан тоширсам, суд қабул қиладими?

Исми сир тутилди

Гули Шукурлаева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:

 

— Суд никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиши учун ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу сабабли Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Мазкур муддат 3 ойдан олти ойгача белгиланади. Ушбу муддат ичида суд тарафларга ярашиш учун берилган муддат сабабли суд мажлисини қолдириш ҳақидаги ажрим нусхасини туман ҳоқимияти қошидаги оила ва хотин қизлар бўлимига юборади ва натижаси бўйича хулоса олади.

 

Агар суд тарафларга ярашиш учун муддат берган ва суд мажлиси қолдирилган бўлса, такроран даъво аризаси билан мурожаат қилинмайди. Яъни дастлаб мурожаат қилишда тўланадиган давлат божи, тарафларнинг паспорт нусхалари, фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, никоҳ гувоҳномасини асли ва керакли бошқа ҳужжатлар талаб қилинмайди. Суд мажлиси муддат берилганлиги сабабли қолдирилса, иш суднинг иш юритувида қолдирилган сана келмаганча туради. Суд мажлиси қолдирилган санада тарафлар белгиланган вақтда суд мажлисига келади.

 

Яна бир ҳолат: даъвогарнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаби рад қилинган бўлса, агар оила тикланмаса даъвогарга такроран мазкур талаб билан ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин олти ойдан кейин мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади. Негадир кўп ҳолатларда фуқаролар шуни муддат деб қабул қилишади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 18-бандида тушунтирилишича, айнан ўша тарафлар томонидан айнан ўша асослар бўйича никоҳдан ажратиш тўғрисидаги такрорий даъво аризаси суднинг иш юритувига бундай даъвони рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг даъводан воз кечганлиги ёхуд тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб, камида олти ой ўтгандан сўнг қабул қилиниши мумкин. Яъни ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин олти ойдан кейин, яъни умумий 7 ойдан кейин, мурожаат қилиш ҳуқуқи вужудга келиш ҳуқуқи.

 

Бундан ташқари, амалдаги қонунчилигимизда суд томонидан берилган муддатни камайтириш ҳам тушунчаси мавжуд. Бу ҳолатда тараф муддатни қисқартириш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиши лозим. Мазкур ариза суд мажлисида кўриб чиқилади ва суд томонидан қаноатлантириш ёки ариза рад қилиш ҳақида ажрим қабул қилинади. Мазкур ажрим устидан шикоят келтирилма йди. Агар ариза қаноатлантирилса, берилган муддат қисқартирилиб, иш мазмунан кўрилиб, яқуний ҳал қилув қарори қабул қилинади.

 

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига мувофиқ уларни никоҳдан ажратади.

ҚОНУНИЙ АЖРАШМАГАНДА СУБСИДИЯГА УЙ ОЛОЛМАЙДИМИ?

— Жияним уч фарзанди билан ажрашди. Ҳозирда онаси билан бирга яшаяпти. Лекин холам ҳам ижарада туради. Айтинг-чи, жияним субсидияга уй олса бўладими? Бир таниши “боласи бир ёшдан ошмаганларга субсидия берилмайди, устига устак сиз ҳали ажрашмагансиз”, дебди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

 

— Судсидия ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.

 

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимизда ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 25 март куни 182-сонли қарори билан “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

 

Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

 

Ариза берувчининг аризаси у рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

 

Масъул ташкилотлар етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни:

 

• тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини;

 

• давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг (аризада «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтганлиги кўрсатилган ариза берувчи бундан мустасно) даромадларини аниқлайди.

 

Бунда давлат солиқ инспекциясидан ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмайди ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш бўйича комиссия котибига юборилади;

 

• туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини;

 

• туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими — ариза берувчининг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими эканлигини тасдиқлайди.

ЯИДХПда масъул ташкилотлар ўрганиб чиқиш натижаларига кўра киритилган маълумотлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматлаштирилган тарзда баллар кўринишида баҳоланади.

 

Комиссия раиси ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этишни электрон (ЭРИ орқали) шаклда тасдиқлайди.

 

Кўриб чиқиш якунлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида электрон тасдиқланган QR-код қўйилган қарор тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига юборилади.

 

Ушбу хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади.

 

Бундан ташқари ЯИДХП орқали ариза берувчига «SMS» хабар юборилади.

 

Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.

 

Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:


а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;


б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;


г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;


д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;


е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади: Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори ва Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.

Юқорида қайд қилинган Низом талабларига кўра, жиянингиз исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига мурожаат этиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиши мумкин.

 

Жиянингизнинг аризасига асосан тегишли комиссия сизга ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса беради.

Skip to content