Қидирув:

ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИДАГИ ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ УЧРАШУВИ

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Б. Саидмуратов, Г. Абдураҳманова ва А. Султанова ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раисининг ўринбосари Г. Опаева ва мазкур суднинг судьяси Л. Ўтанбоевалар таълим маскани педагог-ўқитувчилари ва тингловчилари билан учрашув ўтказишди.

Меҳнат соҳасида қонунларга риоя қилишини таъминлаш ва меҳнат қонунчилиги талабларини ишчи-ходимлар, кенг жамоатчилик ва аҳоли эътиборига етказишга қаратилган  учрашувда меҳнат шартномаси тушунчаси, уни тузиш зарурати, бу борада қонунчилик талаблари ва кафолатлари семинар иштирокчилари эътиборига етказилди, педагогларнинг меҳнат қонунчилигига оид саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

ШАЙХОНТОҲУРДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган аҳоли учун туманнинг “Сархумдон” МФЙ биносида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда жами 34 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 25 таси жиноят ишлари бўйича, 6 таси фуқаролик ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил қилган бўлса, 3 таси иқтисодий ишлар бўйича мурожаатларни ташкил қилди.

Сайёр қабулда 34 та фуқаронинг оғзаки мурожаатлари қабул қилинди.Шундан 16 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 18 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган 7 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса, 11 нафар шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича мурожаатлари қаноатлантирилди.

СЕРГЕЛИДА САЙЁР СУД ВА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАЛАРИ

Сергели туманида жойлашган  PDP университетbда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақ олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1 – сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этилган холатлардан хулоса қилган ҳолда соғлом турумш тарзига тарғиб қилиш мақсадида «Сайёр суд ва жиноят муҳокамалари» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди раиси Ф.Ҳикматуллаев, судьялар О.Каҳаров ва Д.Чориевалар ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Сергели тумани бўлими, пробация ва прокуратура вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб ёшларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг аҳамияти хусусида маълумот берилди.

Шундан сўнг судьялар томонидан сайёр суд муҳокамалари бўлиб ўтди. Сайёр судда иши кўрилганлар турли ёшда бўлиб, улар гиёҳвандлик, ўғирлик, фирибгарлик,  ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон – тарож қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлар. Маҳкумлар жазонинг 3/2 қисмини ўтаб бўлган. Пробация тақдимномасида уларни тузалиш йўлига ўтгани учун муддатидан олдин шартли озод этиш сўралган. Суд муҳокамларида пробация тақдимномлари қаноатлантирилди.

Ёшлар билан учрашувда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари, жиноятга жазо муқаррарлиги ҳақида тушунтириш берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

МАҲАЛЛАЛАРДА ҲУҚУҚ ТАРҒИБОТИ

Сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида жойларда судлар томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш давом этмоқда.

Ана шундай ташвиқот ишлари  Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари У.Алиев, С.Алимардонов, Ф.Рахимов ва Д.Хасановлар томонидан пойтахтимизнинг “Зарқўрғон” ҳамда “Фидокор” маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилди.

Судьялар иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил  судловга  эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  мазмун моҳиятини  тушунтириб, мурожаатларни судларга электрон шаклда юбориш, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмай, суд муҳокамаларига  масофадан туриб иштирок этиши мумкинлиги, яратилаётган қулайликлар барчаси инсон қадри, фуқароларга  моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида амалга оширилаётганлиги, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишлар  инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизимини ривожлантирилаётганлиги фуқаролар ва тадбиркорларга  ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан самарали фойдаланиш имконини бераётганлиги борасида ҳуқуқий тушунчалар беришди.

Конституция ва қонунчилигимизда белгиланган ислоҳотлар чин маънода ҳаётий зарурат бўлиб, мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

МАҲАЛЛАДА САЙЁР СУД ВА ФАРМОН ТАРҒИБОТИ

Жиноят ишлари Юнусобод тумани суди раисининг ўринбосари Ф.Исмаилова ва судья З.Латипов томонидан “Биллур” маҳалла фуқоролар йиғини биносида сайёр суд мажлиси ўтгазилди.

Сайёр судда Юнусобод тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими ҳисобида туриб, тузалиш йўлига ўтган, намунали тарзда жазо ўтаб келган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган, содир этган қилмишидан пушаймон бўлган маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмаган жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бўйича Пробация бўлимининг тақдимномалари кўриб чиқилиб, суд томонидан қанотлантирилди.

Шунингдек, аҳолига Президентимизнинг «Суд фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий – техник таъминотини яхшилашга доир чора-тадбирлар  тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди

Олий Мажлис Сенатининг 10-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Сенатнинг тегишли қарорига асосан Алишер Усманов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди.

Икрам Муслимов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимидан, Нодира Хакимова Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

ТАБИАТГА ЗАРАР ЕТКАЗМАЙЛИК

Бугун табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ҳақида бот-бот эслатмалар берилаяпти. Экологияни тоза сақлаш, табиий неъматлардан самарали фойдаланиш нафақат бугуннинг вазифаси балки эртанги истиқбол, ёш авлод учун қолдириладиган бойлик, бу эса бизнинг бурчимиздир.

Айрим мансабдор раҳбарларнинг амалдаги қонунларни менсимаслиги ачинарли холдир.

1987 йилда туғилган оилали,  олий маълумотли А.Р. МЧЖ раҳбари бўла туриб яшил табиатга зарар етказди. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ходимлари текширув олиб борганида А.Р. раҳбарлик қилаётган корхонада Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15 ва 22 – моддалари ҳамда “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси бузилишига олиб келганлиги, корхона фаолиятидан ҳосил бўлган ишлаб чиқариш чиқиндилари махсус ажратилмаган жойда уюлиб ётганлиги аниқланган.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15, 24, 25, 41-моддалари, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонуннинг 11, 13, 21 – моддалари бузилишига олиб келинганлиги, корхона томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмаганлиги ва Давлат экология қўмитаси “Экологик экспертиза маркази” давлат унитар корхонаси томонидан 2022 йил 10 январдаги экспертиза хулосасида бажарилиши мажбурий бўлган 4 банддан иборат кўрсатмаларнинг бирортаси бажарилмаганлиги аниқланиб, мазкур холатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб судга чиқарилган.

Судда корхона раҳбари айбига иқрорлик билдириб, қилган ҳуқуқбузарлигидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд Р.А.нинг саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 91-моддаси 1-қисми билан, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқава сувлар билан ифлослантиришда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 65-моддаси 4 – қисми билан, лойиҳаларни давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасиз ёхуд унга риоя қилмаган ҳолда рўёбга чиқариш, шунингдек бундай хулосаси бўлмай туриб объектларни маблағ билан таъминлашда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 96-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб топди.

Суд ҳуқуқбузарга юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиб, МЖтК нинг 34-моддасига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида, яъни 5 млн 100 минг сўм жарима жазоси тайинлади.

Дилмурод Валиев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди тергов судьяси

“РАҚАМЛИ СУД» КОНЦЕПЦИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА БИОМЕТРИК ИДЕНТИФИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Сўнгги йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ташкилий, ҳуқуқий ва техник ишлар амалга оширилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича жуда кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилиниши ортидан соҳада тарихий натижаларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.08.2025 йилдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сон Фармони суд тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар ҳамда истиқболли йўналишларини белгилаб берилиши бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Айниқса “Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида сунъий интеллект технологияларидан, хусусан криминалистик идентификациянинг замонавий имкониятларидан фойдаланилиши жараёнларни автоматлаштириш, рақамлаштириш ва ахборотлаштиришнинг мутлақ янги босқичга олиб чиқиб кўплаб қулайликлар яратади.

Биринчидан, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишини белгиланиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судда қатнашиш учун сарфланадиган йўл харажатлари ва иш вақтини тежашга хизмат қилади.

Амалиётга кўра бошқа ҳудудда жойлашган судда иштирок этилши лозим бўлган шахс йўл ҳаражатлари сарфлаб бориши ёки ўзи яшаб турган ҳудуддаги судга бориб, видеоконференц алоқаси залига кириб қатнашиши талаб этилган. Эндиликда, иштирокчилар ўз мобил телефонлари ва компьютеридан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида масофавий иштирок этиши таъминаланади. Бунда, судда онлайн иштирок этаётган шахснинг юз қиёфаси белгиларига кўра автоматик равишда “Face-id” иловаси ёрдамида иидентификация қилинади ҳамда шахснинг биографик маълумотлари тизимга автоматик равишда қайд этилади.

Иккинчидан, суд мажлиси иштирокчилари суд жараёнларида ҳозир бўлганини тасдиқлаш ҳамда суд таркибига ва судья томонидан бошқа тушунтиришларга розилигини бармоқ сканери ёрдамида тасдиқлаш имкониятини яратилиши суд жараёнларини автоматлаштириш ва ҳужжатлар ишончлилигини оширишга имкон беради.

Ҳозирда суд мажлисига келган иштирокчининг шахси унинг тасдиқловчи ҳужжати асосида қайд этилади ва тушунтиришларга розилиги учун имзо қўйиши талаб этилади. Аммо амалиётдаа имзонинг табий ўзгариши ва атайин имзони ўзгартириб бажариш ҳолатлари учраб туради. Йўлга қўйилиши режалаштирилган тизимда иштирокчиларнинг розилигини тасдиқлаш уларнинг бармоқ излари ёрдамида тасдиқланиши ҳужжатниинг ишончлилигини оширади ва кейинчалик шахснинг ўзи бўлмаган тақдирда ҳамда идентификация қилиш имконини яратади.

Учинчидан, иштирокчиларнинг сўзлаган нутқ ва кўрсатмаларида овози реал вақт режимида автоматик равишда матнга ўгирилиб суд мажлиси давомида баённомалар тузилиши суд жараёнларини тўла ва ишончли қайд этиб борилишини таъминлайди.

Маълумки суд мажлиси баённомаларида иштирокчиларнинг кўрсатмалари нотўлиқ ёки юзаки қайд этилиши ҳатто, судья, прокурор, адвокат томонидан берилган саволлар баённомада тўлиқ ўз аксини топмаётган ҳолатлар учраб турибди. Бироқ эндиликда иштирокчиларнинг овозли кўрсатмалари махсус стенографик дастурлар ёрдамида автоматик равишда матнга ўгирилиши суд мажлиси баённомаси тўлиқ шакллантирилади, бу эса суд мажлиси баённомаларини матнини теришга масъул ходимларнинг ортиқча қўл меҳнати ва иш вақтини тежаш билан бирга баённомаларни ҳар томонлама тўлиқ шакллантиришга ҳамда ишончлилигини оширишга хизматга қилади. 

Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилик ҳужжатларида (ФПК-276-278м, ЖПК 426м, МЖтК 308м) суд мажлиси баённомалари жараёнларини тўлиқ қайд этилишини талаб этади. 

Россия, Белорусия, АҚШ, Корея, Япония ва Европа давлатларида суд мажлиси жараёнларини тўлиқ қамраб олган ҳолда овозли сўзларни автоматик равишда матнга ўгириш технологияларидан фойдаланиш миллий қонунчилик нормаларда белгилаб қўйилган.

Умуман олганда,  “Рақамли суд» концепциясида назарда тутилган вазифаларни амалга оширишда замонавий биометрик идентификация технологияларидан кенг фойдаланиш қарорларнинг қонуний ва асосли бўлиши ҳамда суд ишларини юритишдаги процессуал ҳужжатларнинг сифатли бўлишини таъминлайди деб ҳисоблаймиз.

Машҳура Байбекова,

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси

ОЛМАЗОРДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ  

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахслар вакилларини жойларда сайёр қабул қилишни ташкиллаштириш бўйича иш режасига асосан Тошкент шаҳар судлари раҳбарияти томонидан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Олмазор туман аҳолиси учун туманнинг Ғани Азамов МФЙ биносида ўтказилган сайёр қабулда жами 22 нафар фуқаро қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 18 таси жиноят ишлари бўйича, 3 таси фуқаролик ишлар бўйича судларга, 1 таси маҳмурий судга оид мурожаатларни ташкил қилди.

Шундан 21 та фуқаронинг оғзаки мурожаати эшитилган бўлса, 1 та мурожаат ёзма равишда тақдим этилди.

Жами 22 та мурожаатдан 6 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 16 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 6 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса, 10 нафар шахслар ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бир ой муддатда ихтиёрий равишда бартараф этганлиги боис МЖтКнинг 271-моддаси 11 бандига асосан ишлар тугатилди.

Тошкент шаҳар судлари раҳбариятининг аҳоли билан сайёр қабуллари режа асосида мунтазам ўтказиб борилади.

Skip to content