Қидирув:

СУД ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Пойтахтимиздаги Алфраганус университетида суд ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси в.в.б А. Мирзахонов, жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди тергов судьяси А. Нормуҳамедов,  жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди тергов судьяси Х. Содиқовлар иштирок этиб, жиноятлар профилактикаси, қонунчиликдаги янгиликлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар хусусида маълумот бердилар.

Кейинги пайтда пойтахтимизда ёшлар ўртасида жиноят содир этиш холатлари кўпайган. Айниқса, фирибгарлик, кибержиноят билан боғлиқ жиноятлар сезиларли ошган. Бу эса барчани огоҳ бўлишга чақиради. Тадбирда бу каби жиноятлар амалиётдаги мисоллар орқали тушунтириб берилди. Ёшларга уяли телефон орқали содир этилаётган жиноятлардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги уқтирилди. Талабалар судьялардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда бу каби учрашувларнинг аҳамияти катта эканлиги эътироф этилди.

УЧТЕПАДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган аҳоли учун туманнинг “Хуросон” МФЙ биносида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда жами 42 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 20 таси жиноят ишлари бўйича, 10 таси фуқаролик ишлар бўйича, 9 таси маъмурий ишлар бўйича, 3 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил қилди.

Сайёр қабулда 41 та фуқаронинг оғзаки мурожаати эшитилди, 1 та мурожаат ёзма равишда  қабул қилинди. Шундан 26 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 16 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 5 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

4 нафар мурожаатчи маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бир ой муддатда ихтиёрий равишда бартараф этганлиги боис МЖтКнинг 271-моддаси 11 бандига асосан, 1 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 21-моддасига асосан ишлар тугатилди.

 Шунингдек, 4 нафар фуқарога МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, жазолар енгиллаштириб берилди.

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШДА СУД ВА НОТАРИАТНИНГ ҲАМКОРЛИГИ

Тошкент шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъати томонидан тадбирлар залида Олий суд ва Ўзбекистон нотариал палатаси ўртасида 2025 йил 4 сентябрда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ҳамда Нотариал палата Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўртасида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, судлар ва нотариат ўзаро ҳамкорлик жараёнида интеграциялашув учун қулай шарт-шароит яратишга, соҳани рақамлаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишга, суд амалиётидан келиб чиқиб нотариал ҳаракатларни амалга оширишда  мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва зарурий тавсиялар беришга қаратилди.

 

Суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда нотариал битимларни амалга оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Очиқ ва жонли руҳда ўтган давра суҳбатида биргаликдаги умумий мулкни, хусусан, хусусийлаштирилган уй-жойлар ва эр-хотиннинг биргаликдаги турмуши даврида олинган мулкларни тасарруф этиш, бундай мулклар юзасидан ворисликка оид қонунчиликни қўллаш, чет давлатлардан келаётган ишончномалар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш, меросни эгаллаш жараёнида ворислар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик механизмини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган фикрлар билдирилди.

Учрашув якунига кўра қонунийликни таъминлаш мақсадига йўналтирилган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгиланиб, ушбу мақсадга йўналтирилган суҳбатларни доимий ўтказиш юзасидан келишиб олинди.

НУРАФШОН МАҲАЛЛАСИДА ЎТКАЗИЛГАН САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди тергов судьяси  Фахриёр Пўлатов тумандаги маҳаллаларга чиқиб, тарғибот ва сайёр суд мажлисларини ўтказиб туради.

Яқинда Нурафшон МФЙда аҳоли иштирокида профилактик учрашув ва сайёр суд ташкил этди.

 Учрашувда, дастлаб суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Сўнгра ўндан ортиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан сайёр суд муҳокамалари ўтказилди. Сайёр судда оилавий зўравонлик, гиёҳвандлик, майда безорилик, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда сақлаш ёки тарқатишга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилиб, уларга қонуний баҳо берилди.

САЙЁР СУД

Тезлик 137. Автоавария. Бир инсоннинг ҳаётдан кўз юмиши…

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди раиси И. Собировни кейинги пайтда 2008 йили туғилган  вояга етмаган бола томонидан содир этилган жиноят ташвишга соларди. Воқеа қуйидагича бўлган. Судланувчи 2025 йил 23 март куни соат 06.30.ларда “Трекер” русумли автомашинани бошқариб, «Бунёдкор» кўчасида жойлашган 7 автосарой кесишмасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб,  “Дамас” русумли автомашина билан тўқнашув содир этган. Оқибатда «Трекер» автомашинаси йўловчилари (2 киши) ва Дамас автомашинаси йўловчилари (6 киши) тан жароҳати олишиб, шифохонага мурожаат қилишган. «Трекер» ичида бўлган судланувчининг дўсти Ш.Х. шифохонада вафот этган.

Судланувчи вояга етмаган  С.С. муқаддам босқинчилик жиноятини ҳам содир этганлиги ачинарли.

Ҳа, муҳокамага арзийдиган мавзу.

Шу боис суд раиси ўша бола ўқийдиган мактабга бориб, жиноятни муҳокама қилиш ва ҳукмни сайёр судда ўқишни режалаштирди.

Тадбирга туман ҳокими, ички ишлар, прокурата, тумандаги бошқа мактаб директорлари ҳам таклиф этилди. Сўзга чиққанлар вояга етмаганлар орасида содир этилаётган жиноятлар, фарзанд тарбияси учун ота-она масъуллиги, жиноятлар оқибатлари ҳақида гапирдилар.

Суд раиси, ҳоким, ички ишлар вакили, директорлар сўзга чиқди. Судланувчининг ота-онасига сўз берилди.

Кейин сайёр суд бўлиб ўтди. Суд ҳукми ўқилди. 

Вояга етмаган судланувчига узил-кесил 4 йил муддатига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга Жиноят кодекси 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган жазо шартли ҳиобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.  Судланувчига вақти-вақти билан жазони ижро этиш органида рўйхатдан ўтиб туриш, автомашина бошқармаслик, жазони ижро этиш органи рухсатисиз ўқиш, иш ва яшаш жойини ўзгартирмаслик мажбуриятлари юклатилди.

ЮНУСОБОДДА САЙЁР СУД ВА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАЛАРИ

Юнусобод туманида жойлашган  Тошкент архитектура-қурилиш университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1 – сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этилган холатлардан хулоса қилган ҳолда соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш мақсадида «Сайёр суд ва жиноят муҳокамалари» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди раиси ўринбосари Ф.Исмоилова, судья З.Латиповлар ва Ёшлар ишлари агентлиги Юнусобод тумани бўлими, пробация ва прокуратура вакиллари, талабалар иштирок этишди.

Дастлаб ёшларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг аҳамияти хусусида маълумот берилди. Шунингдек, ЎРҚ-1084-қонуни, яъни ёпиқ суд мажлислари маълумотларини ошкор этмаслик талаблари тушунтирилди.

Шундан сўнг судьялар томонидан сайёр суд муҳокамалари бўлиб ўтди. Сайёр судда иши кўрилганлар турли ёшда бўлиб, улар гиёҳвандлик, жамоат жойида тартибни бузган, ўғирлик ва бошқа жиноятларни содир этганлар. Ёшлар иштирокида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисларида уларнинг иши кўриб чиқилиб, қонуний қарорлар қабул қилинди. Пробация тақдимномалари асосида жазони асосий қисмини ўтаганлар шартли озодликка чиқарилди.

Ёшлар билан учрашувда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари, жиноятга жазо муқаррарлиги ҳақида тушунтириш берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

ОИЛАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ БОРАСИДАГИ САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР

Мирзо Улуғбек туманида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолиш, улардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ш. Султонова, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н. Душанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Х. Эсонов ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъулларидан иборат медиаторлар иштирок этишди.

Муҳокама доирасида тумандаги ажрим ёқасига келиб қолган 5 та оила муҳокама қилинди, оила вакилларига оилани сақлаш, оилада юзага келган низоли холатларни бартараф этиш, фарзанд тарбияси каби долзарб масалаларда керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

НИЗОМИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИДА 1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўқитувчи касбининг нуфузи, жамиятдаги ўрни ҳақида тўхталиб, бугунги кунда соҳага қаратилаётган эътибор ҳақида сўзладилар.

Хусусан, тадбирда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси С. Мамадиев иштирок этиб, педагогика университети жамоасини байрам билан табриклади, уларнинг сермашаққат ишларига муваффақиятлар тилади,ўзининг дил сўзларини изҳор этди.

ОИЛАДА  ЗЎРАВОНЛИККА ЎРИН ЙЎҚ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги қайд этилган. Танганинг икки томони бўлгани сингари  оила жамиятнинг асосий қадрияти бўлиши билан биргаликда, малактимизда оилавий зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб туриши аёндир.

Афсуски, эзгу саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳаётда салбий ҳолатлар, яъни хотин-қизлар ва вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда тўсиқлар ҳали ҳам учраб турибди. Бу эса улар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Ҳаётда хотин-қизлар орасида ўз ҳуқуқларини яхши билмайдиган, доимо қийноққа учрагани учун қўрқоқ, ожиз, ҳимоясиз бўлиб қолганлар ҳам кам эмас. Кўпинча улар суд ёки бошқа органларга мурожаат қилмай, оилавий зўравонликка чидаб яшаб келмоқда, ачинарлиси, бу зўравонлик оқибатида  вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқи бузилмоқда. Ачинарлиси, болаларнинг келажакка ишончи йўқоляпти, таълим олишга бўлган лаёқати пасаймоқда, руҳий ҳолатида кескин муаммолар келиб чиқяпти.

2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда 6000 дан ортиқ шахс шаҳвоний шилқимлик, оилавий зўравонлик ва шахсий ҳаётга оид маълумотларни қонунисиз ошкор қилиш бўйича жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Жумладан 4952 шахс оилавий зўравонлик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 592-моддаси) сабаб жавобгарликка тортилган. Ушбу шахслардан 3200 нафарига жарима солинган, 1752 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 1261-моддаси бўйича 231 нафар айбланувчи судланган. Шаҳвоний шилқимлик бўйича (Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг  411 -моддаси) 986 шахс жавобгарликка тортилиши маълум қилинган.

 Сўнги йилларда малакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонунчилик соҳасида бир қатор  ислоҳотлар амлага оширилди.  Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил апрель ойида аёллар ва болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтирувчи қонунчиликка киртилган ўзгартишларни имзолади. Қонун кучга киргандан кейин 9 ой ичида 9100 дан ортиқ киши оиладаги зўравонлик учун судланган. Биргина, 2024 йилнинг 10 ойи давомида 15 826 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Ўша йилнинг ўзида 666 нафар шахс жинсий зўравонликда айбдор деб топилди, 48 нафари эса интим маълумотларни тарқатгани учун жавобгарликка тортилди.

2024 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги                978-сонли Қонунининг қабул қилиниши, оила инстутининг жамият ва давлат муҳофазасида эканлигининг яққол мисолидир.

Оилавий зўравонлик – бу бир ёки бир нечта оила аъзоларининг бошқа оила аъзоларининг куч ёки қудратидан фойдаланиб, ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиши демакдир. (руҳий ва жисмоний) Бу ҳаракатлар зўравонлик қурбонига зарар етказади ва азоб-уқубат келтиради.

Халқаро миқиёсда ҳам бу мавзу долзарб аҳамиятга эга, хусусан, Канадада аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун “Family Violence Courts” тузилмаси ташкил этилган. Бу судлар жабрланувчиларга тезкор ва ҳимояланган ҳуқуқий ёрдам беришга ихтисослашган. Зўравонликда гумон қилинувчи шахслар учун қайта тарбия дастурлари ҳам жорий қилинган. Бундай судлар “Specialised Domestic Violence Courts” дея номланиб Буюк Британия, Америка каби давлатларда ҳам мавжуд.

Оилавий зўравонлик ўз навбатида жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилаларда тинчлик йўқолишига, ажримлар сонининг ортишига, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузилишига олиб келади. Ўтказилган тадқиқотларга кўра оилавий зўравонликнинг келиб чиқишига сабаб сифатида  ишсизлик, моддий ва уй-жой муаммолари, хотиннинг иқтисодий қарамлиги келтирилган.

Хулоса қилиб айтганда статистик маълумотлар таҳлилига кўра бу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар йил сайин камайиб бораётган бўлса-да, муаммонинг илдизига назар солиб, унинг олдини олиш, таълим сифатини ошириш, оилада хотин қизларнинг иқтисодий эркинликка эришиши учун қулай имкониятлар яратиб бериш зарурлиги долзарб мавзуга айланиб улгурганлигини кўрсатади.

Машҳура Байбекова,

Тошкент туманлараро иқтисодий

суди судьяси                                                                       

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ БОРАСИДАГИ САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида Миробод тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида туман маҳаллаларидаги маҳалла фаолларига “Мустаҳкам оилавий ҳаёт” мавзусида семинар машғулоти ўтказилди.

Тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шаҳноза Султонова, Миробод тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Феруза Мадаминова, туманлараро суди раиси Беҳзод Сагатов ҳамда судьялар Нозима Абдусаломова, Дилфуза Опаевалар ва бошқа маъсул ташкилот вакиллари иштирок этди.

Тадбирда туманлараро суди раиси Б.Сагатов “Глобаллашув шароитида оилада шахслараро муносабатлар” мавзусида семинар қатнашчиларига  оилаларда соғлом муҳитни таъминлаш учун бир қатор вазифаларни амалга ошириш учун қилиниши лозим бўлган муносабатларнинг йўналиш ва услублари, уларни қўлланиши, ижобий ечимлари хусусида тушунтиришлар бериб ўтди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида туманлараро судьялари Н.Абдусаломова, Д.Опаеваларнинг масъуллигида низоли оилаларни яраштириш борасида медиация жараёни бўлиб ўтиб, унда медиация олиб боришда қўлланиладиган услублар, тавсиялар, тартиб қоидалар тушунтирилиб, амалда кўрсатиб берилди.

Тадбир ниҳоясида семинар қатнашчиларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Skip to content