Қидирув:

ТОШКЕНТДА ЎЗ ОНАСИНИ ЎЛДИРИБ, ЕРТЎЛАГА КЎМИБ ҚЎЙГАН ЎҒИЛГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Она ўзининг бир парчасини вужудида тўққиз ой кўтариб юрар экан, келажакка бўлган бир олам орзулар билан фарзандини дунёга келтиради. Ўзи эришолмаган марраларга фарзанди етишиши учун борини беради. Кун келиб, ўз дилбанди қўлидан ўлим топиши эса етти ухлаб тушига ҳам кирмаса керак…

 

Яна бир баҳорга етганига шукр қилиб уйқуга ётган она янги тонгни кўролмаслигини билмасди. Ярим тун! Шу кеча яширилган «сир» эса кишини ларзага солмай қўймайди. Айни шу тунда ўғил ўз онасини ўлдиришга қасд қилганди. Бир муддат аввал эса ўғил онасини бегона эркакдан рашк қилиши оқибатида ўзаро келишмовчилик юзага келган. Натижада ўтмас жисм билан онасининг бош қисмига бир неча марта уриб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан унинг ўнг томон бўйин орқа юзасини санчиб-кесиб, қасддан ўлдирган.

 

Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили тариқасида сўроқ қилинган маҳалла раисининг баён қилишича, кўп қаватли уйдаги хонадонда марҳума ва ўғли истиқомат қилишган. 

 

— Судланувчи ақли заифлиги сабабли, ўзини ноодатий равишда тутиб келган. Шу боис маҳаллада ёки уйда турли номақбул ишларни қилиб қўймаслиги учун бир неча марта ўғлини руҳий даволаш муассасасига жойлаштириш тўғрисида айтганимда, «ўғлим якка, уни жамиятдан ажратмасликка ҳаракат қиламан», деганди. Бироқ бу оила нотинч ёки муаммоли оилалар туркумига кирмаган. Оила ўзига тўқ яшаган. Бир неча марта судланувчини ишга жойлаштирилган. Бироқ судланувчи келажаги учун пойдевор қилишга ҳаракат қилмай, ишламаслигини маълум қилган. Онаси эса уни ўзи боқишини айтган. Бир неча ой аввал марҳума ва ўғли ўзаро жанжаллашиб қолишганди. Улар подъездда жанжаллашишаётганда маҳалла фаоллари ва маҳалла нозири уларга тушунтириш беришимизга қарамасдан, ҳаттоки маҳалла нозирининг талабларига бўйсунишмаган. Жанжал сабаби эса судланувчи онасининг ҳаётига аралашиб, эркак киши билан учрашгани учун уни қизғанган ва уришган. Улар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги боис жавобгар ҳам қилинган. Бироқ судланувчи юриш-туришини тўғриламаган. Маҳалла фаоллари ва нозир билан маслаҳатлашиб, ўша вақтда руҳий даволаш мақсадида психиатрик наряд чақирилиб, даволашга жўнатилган. Орадан 40 кун ўтгач, судланувчи даволанишдан чиққан, лекин номақбул ҳаракатлари йўқолмаган. Воқеа содир бўлган куни бир фуқаро судланувчининг тунги соат 02:30 ларда уйнинг ертўласида фонарь билан юрганини кўрган экан, – деди қонуний вакил.

Гап шундаки, ўғил содир этган жиноятини яшириш мақсадида онасининг жасадини ўзи яшаб келаётган хонадоннинг ертўласига кўмиб қўйган. У жинояти фош бўлишидан қўрқиб, профилактика инспекторига онасини қидириб топишда ёрдам сўраб мурожаат қилади. Унинг мурожаатига асосан тезкор қидирув ходимлари томонидан аёлнинг яшаш хонадони ертўласи кўздан кечирилганда жасад қотиллик аломатлари билан топилган.

 

Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлими бош мия ёпиқ жароҳати фонида, бўйин қон томирлари ва юмшоқ тўқималарининг шикастланишига олиб келган ва бўйин орқа юзаси ўнг томонлама кесилган яраси оқибатида келиб чиққан ташқи қон йўқотишдан юз берганлиги аниқланган.

 

Суд психотрик экспертизасининг хулосасига кўра эса судланувчи руҳий соғлом деб топилган.

«БИР АМАЛЛАБ ЕРТЎЛАГА СУДРАБ ОЛИБ ТУШДИМ»

Судда судланувчи ўғил айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. 

— Ўша тунда онам ухлашимни, эртаси куни эрталабдан бозорга тушишимизни айтди. Ярим тунда уйғониб кетдим, соат 02:00 эди. Онам менга идишда сув олиб келди ва «ичиб ол», деди. Косадаги сувни ичиб, ухлаб қолдим. 20 дақиқа ўтгач яна уйғондим. Ўша вақт онам мени ураётганини англадим. Бу ҳолат уйнинг меҳмонхонасида содир бўлди. Онам балкондан темирдан ясалган идишни олиб келиб, тизза ва оёқларимга урди ва ошхона пичоғини кўтариб келди, менга тиқмоқчи бўлди. Пичоқ ушлаган қўлидан ушлаб, ошхонага қамаб қўйдим. У ердан чиқиб, пичоқ билан ташланмоқчи бўлди. Ўша вақт қўлидан ушлаб олдим ва онамни ўлдириш мақсадида пичоқни унинг бўйин қисмига тиқдим. Шу пайт онам йиқилиб, пешонаси билан деворга урилди. Ерга йиқилди, боши пастга қараган ҳолда ётарди. Унинг бошини орқа қисмидан ушлаб турдим, бўйин қисмидан қон кета бошлади. Онам қўлимдан чиқмоқчи бўлди, мен эса бошини ерга қаратиб бир неча марта урдим ва жони узилганини сездим. Бу воқеа ошхонада содир бўлди. Жасадни уйдан йўқотиш мақсадида кўтаришга ҳаракат қилдим. Вазни оғирлиги сабабли кўтаришга қийналдим. Кўтаришга қулай бўлиши учун қўл-оёқларини ертўладан олиб чиққан эски латта бўлаги билан боғладим ва судрашга қарор қилдим. Уйдан ташқарига чиқиб ён атрофни кўздан кечирдим. Ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, ертўлага мурдани кўмиш мақсадида чуқур қазиб тайёрладим. Қўлларидан тортиб, подъездга олиб чиқдим, мурдани бир амаллаб ертўлага судраб олиб тушдим. Тайёрлаб қўйилган ертўла ичидаги чуқурга кўмиб ташладим. Ҳеч ким билмаслиги учун устини ёпиб қўйдим. Ошхонадаги қон изларини йўқотиш мақсадида кўрпача, палас, хонтахта ва стулдаги қон доғларини нам латта билан тозаладим. Латта ва устимдаги кийимларни ечиб, уларни ювдим. Қон доғлари бўлган пакетларни ҳам мусор идишга ташлаб юбордим. Орадан 2-3 кун вақт ўтгандан сўнг Ички ишлар органи ходимларига бориб, «онам йўқолиб қолди», дедим, аммо ўлдирганимни гапирмадим. Улар томонидан яшаш хонадонимнинг ертўласи кўздан кечирилганда, онамнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди ва айбимни тан олдим, – дейди қилмишидан пушаймонлигини баён қилган судланувчи.

 

Абдулла Абдулхаев, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси:

— Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби

ЖИБ МИРЗО УЛУҒБЕК ТУМАН СУДИНИНГ СУДЬЯЛАРИ ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьялари “Оққўрғон” МФЙда “Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши” мавзусида нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказди.

 

Тадбир давомида мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, фуқароларимиз бирон бир суриштирув, тергов органларига олиб келинганда, унинг ҳуқуқи, шунингдек, ушлаб турилиши асослари, нега давлат органига келтирилгани ҳақидаги ҳуқуқлари тушунтирилиши асосий қонуда ўз ифодасини топаётгани яъни, айбсизлик презумцияси нормаси янада ислоҳ этилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланаётгани халқчил тилда тушунтирилди.

Шахсга нисбатан тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ҳамда тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олишни кафолатлаш мақсадида янгиланаётган Конституциямизнинг 27-моддасига киритилаётган – “шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган жумлалар билан тўлдирилаётгани, илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланаётгани, ҳозирда бу борада прокурорга тегишли бўлган айрим ваколатларнинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Қизғин мулоҳазаларга бой ўтган тадбирда маҳалла фаоллари ва ёшлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“СУД ОРҚАЛИ БОЛАЛАРИМНИ ТАРБИЯМГА ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?”

— Хотиним билан расман ажрашмаганмиз. Икки йилдан бери бирга яшамаймиз. Икки нафар болага алимент тўлайман. Яқинда хотиним Россияга ишлагани кетганини билдим. Болаларим қайнонамда қолган экан. Уларни ўз тарбиямга олишимга қайнонам қаршилик қиляпти. Қизининг қаерда эканини билмайди. Судга мурожаат қилиб, болаларни тарбиямга олсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Аббос Сайдахмедов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Оила кодексига мувофиқ, ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.


Кодекснинг 75-моддаси 4 ва 5 қисмига кўра, болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

 

Шунингдек кодекснинг 73-моддасида ҳар бир ота ёки онага ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт дейилган.
Ушбу мажбуриятни бажармаслик, қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


Мурожаат мазмунига кўра, болаларнинг онаси уларни ўз онасига (бувисига) ташлаб чет давлатга кетиб қолган.
Қатъий равишда болани онаси уни ўз онасига ташлаб ишлаш учун чет давлатга кетса, у отаси тарбиясига ўтади деган қоида мавжуд эмас, чунки юқорида қайд этилгандек авваламбор суд болалар манфаатидан келиб чиқади.


Низо суд томонидан ҳал этилаётганда албатта Оила кодексининг талаблари ҳамда Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни кўриш бўйича суд амалиёти” тўғрисидаги қароридаги тушунтиришлардан келиб чиқилади.


Бунда ота ёки она бошқа шахсларга нисбатан болаларни тарбиялашда устун ҳуқуқга эга эканлиги ҳам эътиборга олинади.

ТЕЛЕФОНДА АЙТИЛГАН ҲАҚОРАТ УЧУН ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИМИ?

— Поччам ёши катта бир аёлга илакишиб қолганди. Бундан хабар топган опам ўша аёлни телефонда ҳақорат қилган. У опамни устидан арз қилиб, прокуратурага мурожаат қилган. Яқинда судга чақиртиришди. Опам қилган ишидан афсусда. Телефонда айтилган ҳақорат учун жазога тортилиши мумкинми? Судланган деган ном оладими, ахир у оиласини сақлаб қолиш учун шундай қилганди-ку…

Исми сир тутилди.

Муҳаммад Қаюмов, жиноят ишлари бўйича М.Улуғбек туман суди судьяси:


— Ҳақорат қилганлик шахснинг шаъни ва қадр қимматини қасддан камситганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, хақорат қилиш, яъни шаҳснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш-базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Демак, мазкур қонун талабидан келиб чиқилганда хар бир шахс амалда содир этган ҳуқуқбузарлик учун қонун олдида жавоб беради. Маъмурий жавобгарликка тортилган шахс судланган ҳисобланмайди.


Агарда шахс МЖтКнинг 41-моддасига асосан жавобгарликка тортилган бўлса, бир йил давомида такроран мазкур ҳуқуқбузарликни содир этса, унда Жиноят кодексининг 140-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши ва мазкур моддага асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача жарима ёки икки юз кирк соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиши белгиланган.

ҲАДЯ ҚИЛИНГАН УЙ АВТОМАТИК РАВИШДА ҲАДЯ ОЛУВЧИНИНГ НОМИГА ЎТАДИМИ?

— Бувим уйини менга ҳадя қилган. Ҳозир у ерда амакиларим яшайди. Ҳадя қилинган уй автоматик равишда ҳадя олувчининг номига ўтадими ёки бунинг учун нотариусга мурожаат қилиш керакми? Агар амаким қарши бўлса-чи, қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди.

Дилфуза Дададжанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Мулк эгаси ўзининг мол-мулкидан ўз хоҳиши билан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, бошқалардан ўзининг мулк ҳуқуқининг бузилишини бартараф этишдан талаб қилиш ҳуқуқига эга.


Фуқаролик кодексининг 502-моддасида ҳадя шартномаси тарифи келтирилган бўлиб, унга мувофиқ мулкдор (ҳадя қилувчи) бошқа шахсга (ҳадя олувчи) га ўзига тегишли бўлган ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади. Агар ҳадя шартномаси предмети кўчмас мулк бўлса, ушбу шартнома албатта нотариал тасдиқланган бўлиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.


Бундай талаблар бажарилган вақтдан бошлаб, ҳадя қилинган уй-жой ҳадя олувчининг эгалигига ўтади. Аксинча, нотариал тартибда расмийлаштирилмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган турар жойнинг ҳадя шартномаси тузилмаган деб ҳисобланиб, ҳадя олувчининг эгалигига ўтмайди ва у мулк эгаси ҳисобланмайди. Сизнинг ҳолатингизда, бувингиз ўзига тегишли бўлган уй-жойни набирасига, яъни сизга ҳадя қилган бўлса, ҳадя шартномаси ёзма равишда тузилиб, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан тасдиқланган бўлиши ва реестрга рўйхатга олиниши, шунингдек кадастр хизматлари агентлигидан давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 

Шундагина ушбу уй-жой амалда сизнинг эгалигингизга ўтади ва уйга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади.

РАСМАН ҲЕЧ ЖОЙДА ИШЛАМАГАН ОТА АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙДИМИ?

— Турмушимдан расман ажрашмаганман. Лекин икки фарзандим билан ота уйимда яшайман. Алимент масаласида муаммоларга дуч келяпман. Бу борада МИБга мурожаат қилсам «бугун-эрта», дея пайсалга солаверди. Шундан сўнг Шаҳрисабз тумани Адлия бўлимига мурожаат қилгандим «болаларингизнинг отаси ҳеч қаерда ишламас экан. Шунинг учун алимент ундириб беролмаймиз», дейишди. Айтинг-чи, расман ҳеч жойда ишламаган ота алимент тўламайдими? Фарзандларим учун отасидан алимент ундироламанми? Бунинг тартиби қандай?

Исми сир тутилди

Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

  

Оила кодексининг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Шунинг учун ҳам вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан, алимент ундирилади.

 

Мазкур кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ёки бошқа даромадининг бир бола учун тўртдан бир қисми, икки бола учун учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Фарзандларингиз таъминоти учун алимент ундириш масаласида тегишли тартибда ўзингиз ёки турмуш ўртоғингиз яшаб турган жойдаги судга ариза билан мурожаат этишингиз лозим. Бунда турмуш ўртоғингиз билан ўртангизда қайд этилган никоҳдан ажрашган-ажрашмаганингиз, бирга яшаш-яшамаслигингизни аҳамияти йўқ. Битта уйда яшаган тақдирда ҳам фарзандларига моддий таъминоти бермаётган ота ёки онадан фарзандлари таъминоти учун алимент ундирилиши мумкин.

 

Алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилгандан сўнг, аризангиз суд томонидан кўриб чиқилиб алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи ёки ҳал қилув қарори чиқарилади. Сўнг дарҳол тегишли тартибда ижро қилиш учун туман МИБга юборилади.

 

 Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ иш юритувига келиб тушгандан сўнг, улар томонидан ижро ҳаракатларини амалга ошириш мажбурий ҳисобланади. Бунда, турмуш ўртоғингизни ишлаш-ишламаслиги ҳеч қандай аҳамиятда эга эмас. Сиз қонун бўйича фарзандларингиз учун турмуш ўртоғингизни ойлик иш ҳақи ва бошқа барча турдаги даромадларининг 1/3 қисми (33 фоизи) миқдорида алимент олиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Мазкур ҳолатда, Шаҳрисабз тумани Адлия бўлимининг берган тушунтириши ноўрин ҳисобланади. Чунки алимент тўлаши шарт бўлган ота ёки онанинг ҳеч қаерда ишламаслиги, уларни фарзандларига нисбатан алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Ҳеч қаерда ишламайдиган ота ёки онадан ундирилиши лозим бўлган алимент миқдори тегишли туман МИБ томонидан ўша ҳудуддаги ўртача ойлик иш ҳақининг 1/3 қисми миқдорида белгиланади ҳамда ундирилади.

АҚШГА ИШГА ЮБОРИШ НАРХИ 6.500 АҚШ ДОЛЛАРИМИ?

“Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” дейишади. Бироқ муқаддам икки маротаба “гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар” ва “фирибгарлик” жиноятларини содир қилгани учун судланган 38 ёшли эркак ўзига тегишли хулоса чиқармади…

 

Судланувчи бу гал ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади. У бир фуқарога ўзини Учтепа туманида жойлашган ўқув маркази раҳбари деб таништиради. Мазкур жамиятга расмий равишда ишга қабул қилган ҳолатда фуқарони қонуний тарзда Америка Қўшма Штатларига ишга юборишини айтиб ишонтиради. Эвазига ўша вақтнинг ўзидаёқ 6.500 АҚШ долларини қўлга киритади. Амалда эса берган ваъдасини бажармасдан пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.

 

У жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўша куннинг ўзидаёқ яна бир фуқарони юқоридаги “сценарий” асосида чув тушириб, яна 6.500 АҚШ долларига эга бўлган.

 

— Аввал туризим соҳасида фаолият кўрсатганман. Бир шахс менга қўнғироқ қилиб, “рақамингизни фалон шахсдан олгандим”, дея қандай фаолият тури билан шуғулланишим ҳақида сўради, айтиб ўтдим. Шунда у укаси борлигини, уни АҚШга юбормоқчи эканини, шу сабабли мазкур ҳолат юзасидан кўришиб гаплашиб олишни сўради, таклифини қабул қилдим, – дейди суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирган судланувчи.

 “АЁЛИ ТОМОНИДАН ТЎЛИҚ ҚОПЛАБ БЕРИЛГАН”

Судда жабрланувчи қуйидагиларни баён қилди…

Молиявий жиҳатдан бироз қийналиб қолгандик. Шу сабабли ишлаб пул топиб келиш ниятида укамни АҚШга юбормоқчи эдим. Кунларнинг бирида бир мактабда таҳсил олган ва Туркияда ишловчи танишим қўнғироқ қилиб, Тошкентда истиқомат қилувчи шахс уларга АҚШга ишлаши учун қонуний ҳужжат қилиб бераётганини, агар истасам ушбу шахс билан гаплашиб кўришини айтди. Унинг укаси орқали топишим мумкинлигини билдирди. Сўнг унинг укасига қўнғироқ қилиб, акаси билан бўлиб ўтган сухбатни тушунтирдим. Судланувчи билан нотаниш шахснинг авиакасса биносида кўришдик.

 

Судланувчи ўзини таништириб, “туризм фирмаси директориман. Аввал “Green Card” лотареясида фаолият кўрсатганман. Айни вақтга келиб, ўзимга қарашли корхона томонидан тўрт нафар фуқароларни шахсан ўзим бошчилигимда АҚШга олиб кетаяпман. Ўзи ҳам тўрт хорижий тилда бемалол гаплаша оламан. Аввал ҳам бир қанча шахсларни чет элга қонуний йўл билан юборганман. АҚШга юборишим учун кўзда тутилган тўрт нафар шахсларни ўзим раҳбар сифатида фаолият кўрсатадиган ўқув маркази ходими сифатида рўйхатдан ўтказаман. Сўнг тегишли тартибда уларнинг номига лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштириб, аввал Киевга, у ерда “шенген” ҳужжати расмийлаштирганимдан сўнг эса Мексика, ундан сўнг АҚШга борилади. Бунинг учун жами бир киши учун 13.000 АҚШ доллари кетади”, дея аввалига 6.500 АҚШ доллари тақдим этилганидан сўнг ишга киришишини маълум қилди. Ўша вақтда пулларни сўраганида “пуллар ҳали тайёр эмас”, деганимизда хафсаласи пир бўлганди.

 

Укамнинг шаштини қайтармаслик мақсадида ўзимда бўлган пулларни тўпладим ва танишларимдан қарз ҳавола қилдим. Қариндошим ҳам боришга қарор қилди. Шундан сўнг қариндошим, укам билан судланувчининг Учтепа туманида жойлашган ўқув марказига бордик. Ўқув маркази ёнида бизни судланувчи кутиб олди ва ичкарига олиб кирди. Бизга мазкур ўқув маркази директори ўринбосари эканини, марказ фирмага қарашлилигини айтди. АҚШга кетмоқчи бўлганларни ўқув маркази ходимлари сифатида ишга олишини ва уларга ойлик маош чиқариб, ушбу ҳолатни қонунийлаштиришини, сўнг ўзи бошчилигида Киев шаҳрига олиб кетишини айтди. У ерда икки кун бўлиб, кейин ёнларига Истанбулдан икки киши келиб қўшилишини, ўша ерда уларга «Шенген» виза расмийлаштиришини билдирди. Истанбулда қолган 6.500 АКШ долларини унга виза карта орқали юбориб қўйишни, сўнг Киев орқали Мексика, ундан кейин эса АҚШга кириб боришларини айтди. Жами 13.000 АҚШ долларини бердик. Мазкур ҳолатни қариндошим видеотасвирга олди.

 

Шунингдек, у укам ва қариндошимнинг паспорт нусхаларини олиб, янги турдаги ID карта олиш лозимлигини ва ўзи алоқага чиқишини маълум қилди. Шундан сўнг судланувчи ўзини олиб қочиб юрди. Қўнғироқларга жавоб бермай, “эртага келамиз”, деб турли саналарни айтиб, баҳона қилиб юрди. Ниҳоят укам ва қариндошим кетадиган бўлишди. Тошкент ҳалкаро аэропортида судланувчи кутиб олди. У ерда яна 1.000 АҚШ долларидан пул сўради. Укам ва қариндошим ёнида бунча миқдорда пул йўқлигини айтишди ва кейин 100 АҚШ долларидан пул беришган. Шундан сўнг улар учиб кетишди. Орадан таҳминан икки кун вақт ўтиб, укам менга қўнғироқ қилиб, судланувчи уларни Туркияга олиб бориб қўйиб, у ердан Киевга олиб кета олмаганини, уларни алдаганини айтди. Кейин укам қайтиб келишга уялиб, ўша ернинг ўзидан ишлаш учун Россияга жўнаб кетган. Орадан маълум вақт ўтиб, қариндошим ҳам қайтиб келди ва укам айтган гапларни тўлиқ тасдиқлади. Судланувчи 2021 йил 1 декабрга қадар тўлиқ қайтариб беришини маълум қилган бўлса-да, қайтармай қўнғироқларга ҳам жавоб бермасдан келган. Ҳозирда берилган пул унинг аёли томонидан тўлиқ қоплаб берилган.

 

ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

 

ЖКнинг 59-моддасининг 8-қисми ва 61-моддаси тартибида, тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукмига кўра, тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 Жаҳонгир Одилов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа туман суди судьяси

ОТАСИ НОГИРОНЛАР АЛИМЕНТ КАМ ТЎЛАЙДИМИ?

— Уч фарзандим билан турмушимдан ажрашдим. Уларга алимент олиш учун қаерга мурожаат қилай? Болаларимнинг отаси расман ҳеч жойда ишламайди, лекин тадбиркор, яхши пул топади. Алимент кам тўлаши учун ҳамма мол-мулкини бошқаларнинг номига расмийлаштириб қўйибди. Қайнотам биринчи гуруҳ ногирони. Бу ҳам алимент кам тўлашига сабаб бўлоладими? Фарзандларим кичиклиги учун ҳеч жойда ишлай олмаяпман. Она таъминоти ҳам ундироламанми?

Исми сир тутилди

Мутахассис: Фарҳод ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг судьяси.

 

ҚАЕРГА МУРОЖААТ ЭТИШИ КЕРАК?

— Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Демак, сиз ҳам вояга етмаган болаларингиз учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақлисиз. Аризангиз буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади. Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб, уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.


КАМАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА ДАЪВО ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ

— Оила кодексининг 115-моддасига кўра, бошқа-бошқа ота-онадан туғилган вояга етмаган болалар учун суднинг бир неча ҳал қилув қарорларига асосан, бир ота ёки онадан ундирилаётган алиментнинг умумий миқдори ушбу Кодекснинг 99-моддасида назарда тутилган миқдордан ошиб кетса, алимент тўловчи ота (она) алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи кимнинг фойдасига чиққан бўлса, ўша шахсларнинг ҳар бирига нисбатан алиментнинг миқдорини тегишинча камайтириш тўғрисида даъво тақдим этиши мумкин.


Бундан ташқари, тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.


Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра, алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди, деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир.

 

ҚАТЪИЙ СУММАДА БЕЛГИЛАНАДИ, БИРОҚ…

— Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.


Мазкур кодекснинг 119-моддасига асосан, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини инобатга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

ЎҚИШНИ ТОШКЕНТ ШАҲРИГА КЎЧИРИШ НАРХИ ҚАНЧА?

Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига кирувчи ва бугунги кунда жуда ҳам авж олган фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш жиноятлари кўпайган. Одамлар фирибгарларнинг ёлғонларига дарров чув тушиб, алданиб қолишяпти. Афсуски, фирибгарлик жинояти ёшариб – талабалар орасига ҳам кириб боришга улгурган. Ўз шеригига чув тушган судланувчи талабанинг ўзи ҳам ундан “ранг олди”. Натижада пора эвазига Қозоғистон Республикасидаги ўқишни Тошкентга кўчириш ҳар иккаласига ҳам “қиммат”га тушди… 

 

1999 йилда туғилган судланувчи хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади. Таниши – 2000 йилда туғилган судланувчи билан жиноий тил бириктиради. Қозоғистон Республикасида жойлашган олий ўқув юртида ўқиётган 2000 йилда туғилган судланувчи ва унинг 3 нафар танишларининг ўқишини Ўзбекистон Республикасига кўчириб ўтказишда мансабдор лавозимларда ишловчи таниши орқали ҳар бир талабага 200 АҚШ доллари эвазига ҳал қилиб беришга ваъда қилади.

 

— Шеригим билан ёшликдан танишмиз. 2019 йил Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида жойлашган университетга ўқишга кирганман. 2020 йилда карантин эълон қилинганлиги сабабли, ўқишни онлайн тарзда давом эттирдим.

 

Ўтган йили Тошкент шаҳрига шеригим билан битта автомашинада келганмиз. Суҳбат жараёнида ўқишимни Тошкент шаҳрига кўчириш ниятида эканимни айтдим. Тошкентга етиб келганимиздан сўнг шеригим “агар ўқишни кўчиришга ёрдам керак бўлса, танишим бор, ёрдам бериши мумкин”, деди. Шеригимга бошқа танишларим ҳам борлиги, уларнинг ҳам ўқишини кўчириб беришини сўрадим, рози бўлди. Кечки пайт шеригим қўнғироқ қилиб, “ўқишни кўчириш масаласини танишим билан гаплашиб кўрдим.

 

Ҳар бир киши учун 200 АҚШ долларига ўқишни кўчириб бера олиши мумкин”, деди. Сўнг Шеригимнинг уйига боргандим. Агарда белгиланган пулларни берадиган бўлсам, универститетда ишловчи ва отасининг синфдоши орқали бир ой ичида ўқишни Тошкентдаги университетга кўчириб беришни ваъда қилди. Отасининг синфдошини таниганим сабабли унга ишондим. Шу вақтда ёнимда бўлган 100 АҚШ долларини шеригимга бердим. Сўнг бирга ўқийдиган 3 нафар танишларимга қўнғироқ қилиб, ҳолатни айтдим, рози бўлишди, – деди айбловга тўлиқ иқрор бўлган 2000 йилда туғилган судланувчи.

Шу тариқа Биридан 400 АҚШ доллари, иккинчисидан 900 АҚШ доллари, учинчисидан 700 АҚШ доллари, жами 2 000 АҚШ долларини олади. Шундан 1999 йилда туғилган судланувчи 1 200 АҚШ доллари қисмини ўзи ҳамда 2000 йилда туғилган судланувчи 800 АҚШ доллари қисмини қўлга киритади. Берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўз манфаатларига ишлатиб юборишган.

 

— Шеригим менга ўқиш жойимдан рейтинг баҳоларим кўрсатгичи ва паспорт нусхасини беришимни айтди. Шунда институтга қўнғироқ қилиб, ҳужжатим ва паспорт нусхамни олдим ва уларни шеригимга бердим.

 

Қолган пулларни ўз эҳтиёжларимга ишлатиб юбордим. Шергим “яна 200 АҚШ доллари керак бўлаяпти” деди. Шунда онамнинг тақинчоғини сотиб, пластик карточкасига 2 000 000 сўм ташлаб бердим. Орадан тахминан бир ой вақт ўтиб шеригимдан ўқишни кўчириш масаласида сўраганимда, ҳар хил баҳоналар қилиб, “тез орада ҳал бўлади”, деб юрди. Уч ойга яқин вақт ўтиб кетди. Шеригим ўқишни кўчирганлигини, лекин университет ходимлари барчанинг фуқаролик паспортининг асл нусхасини сўраётганлигини, яъни Қозоғистон чегарасидан кирди-чиқди муҳрларни текшириб кўриши лозимлигини айтди.

 

Унга ишониб, 3 нафар танишим ҳамда ўзимнинг паспортимни бердим. Лекин у яна алдай бошлади. Университетга бориб, ўзим ва танишларимнинг фамилиясини текширтирдим, лекин ўқишни кўчирганлар орасида уларни фамилияси йўқ эди. Шеригимга қўнғироқ қилганимда, “танишимдан сўрадим, яна 2-3 кун сабр қилиб туринглар”, деди. Шу кунларда отасининг синфдошини рақамини топиб, ундан шеригим ўқишга кўчириш масаласида гаплашган ёки гаплашмаганлигини сўраганимда, “иккалангизни ҳам танимайман”, деб телефонини ўчириб қўйди, – деди шу сабаб шеригим билан оғзаки уришиб қолганини баён қилган судланувчи.

Бундан ташқари, 2000 йилда туғилган судланувчи “махсус харидор” ва унинг танишини Қозоғистон Республикасида жойлашган олий ўқув юртига ўқишга киритиб, кейинчалик Тошкент шаҳрида жойлашган техник институти 2-курсига кўчириб беришда мансабдор лавозимларда ишловчи таниши орқали моддий манфаат эвазига ҳал қилиб беришга ваъда қилади. Такроран пора беришга далолат қилиб, “махсус харидор”дан 6 400 АҚШ долларини олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида қўлга олинган.

 

— Бир шахс алоқага чиқиб, “Қозоғистондаги ўқув юртларида таълим олаётган талабаларни Тошкент шаҳридаги олийгоҳларга кўчириш масаласини ҳал қила оласизми?” дея сўради. Пулга муҳтож бўлиб турганим учун унга “ҳал қилиш қўлимдан келади. Ҳар бир киши учун 3 200 АҚШ доллари бўлиди”, дедим. У шахс яна қўнғироқ қилиб, пул ва керакли ҳужжатлар тайёр эканини айтди. Ўша вақт шеригим билан бирга юргандик, унга “бир танишим билан учрашиб, ундан пул олишим лозим”, дея олиб бориб келишни илтимос қилдим.

 

Шеригим рози бўлди ва у шахс билан белгиланган манзилда учрашдик. Ундан 6 400 АҚШ долларини санаб олаётган вақтимда олдимизга бир нечта фуқаролик кийимидаги шахслар келиб, мени ушлашди. Икки нафар холислар иштирокида қўлимдаги пулларни олиб қўйишди. Пулларни махсус ёритувчи ускунада кўрсатишганда, унда “пора” деб ёзилган сўзларни кўрдим. Шеригимни ҳам ушлашди. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман, – дейди бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтган судланувчи.

 СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

1999 йилда туғилган судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

2000 йилда туғилган судланувчи ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 25,168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 25,28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчиларга нисбатан қўлланилган гаров эҳтиёт чораси бекор қилиниб ва дарҳол суд мажлиси залидан қамоққа олинди.

 

 Ўктам Қахаров,

жиноят ишлари бўйича

Чилонзор туман суди судьяси

«ПАСПОРТ НУСХАСИ КЕРАК», ДЕБ АРИЗАМИЗНИ ҚАБУЛ ҚИЛМАДИ»

— Қизим куёвим билан келишолмай, икки фарзанди билан қайтиб келди. Шунга ҳам икки йил бўляпти. Орада ёшларни яраштириб қўйгандик, барибир келишолмади. Яраштирган пайтимиз қизимнинг бўйида бўлиб қолди. УТТга тушганда ҳомиласи эгиз эканлиги маълум бўлди. Куёвим эса «ҳомила мендан эмас», деб тан олмаяпти. Нима қилишга бошимиз қотган. Фуқаролик судига алимент учун мурожаат қилгандик, «отасининг паспортининг нусхаси керак», деб аризамизни қабул қилмади. Сўнг куёвимнинг паспорт нусхасини олиш учун ички ишларга боргандик, улар «02» хизматига мурожаат қилишимизни айтди. «02» хизматидагилар эса «фуқаролик судидан расман хат олиб келмагунингизча куёвингизни паспорт нусхасини олиб беролмаймиз», дейишди. Мутасадди ташкилотларнинг мана шундай бизни овора қилиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

ҚАРЗДОР ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР КЎРСАТИЛИШИ ЛОЗИМ

— Фуқаролик процессуал кодексининг 172-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра, суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризада қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи кўрсатилиши лозим. Шунингдек, 4-бандида ундирувчининг талаби ва унга асос бўлган ҳолатлар ҳам кўрсатилиши керак.


Мазкур ҳолатда алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада қарздор, яъни қизингизнинг турмуш ўртоғига оид маълумотларни кўрсатишингиз ва алимент ундириш борасидаги аризага болаларни туғилганлик ва никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳномаларнинг нусхаларини илова қилиш керак. Яна белгиланган миқдордаги почта харажати тўланганлиги ҳақидаги тўлов паттаси ҳам илова қилинади.

 

СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ

— Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, белгиланган тартибда талаб қилиб олиш ваколатига эга бўлган жисмоний ва юридик шахслардан ташқари бошқа шахсларга тегишли паспорт нусхалари берилмайди.

 

Бироқ судга берилаётган аризага илова ҳужжатлари учун паспорт нусхаси мавжуд бўлмаса, судга паспорт нусхасини талаб қилиб олиш ҳақида ариза билан мурожаат қилиб, куёвингизнинг паспорт нусхасини олиш ҳуқуқингиз мавжуд.


Оталикни белгилаш масаласи Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган. Унга кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

 

ОТАЛИК ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ?

— Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин.


Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.


Агарда куёвингиз билан қизингиз ўртасида қонуний никоҳ расмийлаштирилган бўлмаса, қизингизнинг туғилажак фарзандига нисбатан оталикни белгилаш масаласи юқорида қайд этилган қонун талаблари асосида судга мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

 

ОНА ТАЪМИНОТИ ОЛОЛАДИМИ?

Ҳа. Қизингиз билан куёвингиз никоҳи қонунан расмийлаштирилган бўлса, қизингиз фарзандлари учун алиментдан ташқари ўзи учун турмуш ўртоғидан моддий таъминот олиш мумкин. Амалдаги Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Мазкур қонун талабига кўра, агарда қизингиз ёрдамга муҳтож бўлса ҳамда эр-хотин ўртасида алимент ундириш ҳақида келишув бўлмаса, қизингиз фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар моддий таъминот ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Skip to content