ҲОВЛИ ЎРТАСИДАН БЎЛИНСА, КОММУНАЛ ТЎЛОВЛАРНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?
— Қайнонам мен келин бўлиб тушган ҳовлини тенг иккига бўлиб, бир қисмини бизга берди. «Газ, светга счётчик ўрнатинглар», деди. Аммо бунинг учун ҳовлининг ярмини ўғлини номига ўтказиши, шундан сўнг кадастр қилиниши керак экан. Қайнонам рози бўлмаяпти. Кимдир суд орқали ҳал қилиш мумкин деса, кимлардир низоли иш, деяпти. Биз нима қилайлик?
Исми сир тутилди.
Анвар ЁРИЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Қонунчиликда мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари белгиланган. Улар меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа асослардир.
Шунингдек, мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақлиги, у ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкинлиги, мол-мулкдан фойдаланиш фуқароларнинг, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги кераклиги тўғрисидаги қоидалар ҳам белгиланган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
Шу билан биргаликда, Уй-жой кодексининг 140-моддасига асосан уй-жойга оид низолар суд тартибида ҳал этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизга келин бўлиб киритилган хонадон мулкдори ёки мулкдорларининг уйга нисбатан ҳуқуқларини кафолатланганлигини кўрсатган ҳолда сизнинг ҳам мазкур хонадондан фойдаланувчи сифатида бузилган ҳуқуқларингизни тиклаш масаласида тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқингиз кафолатланган.