ҲЕЧ ҚАЕРДА ИШЛАМАСА, АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?
— Акам хотини билан ажрашмоқчи. Бир нафар фарзанди бор. Келинойим алиментга бермоқчи. Лекин акам талаба, ҳеч қаерда расман ишламайди. Машинасида киракашлик қилади. Бу вазиятда алимент қандай тайинланади: акамнинг кунлик даромадиданми ёки стипендиясидан?
Исми сир тутилди.
Муқаддас Гуламова, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси:
— Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Оила кодекснинг 137-моддасига асосан, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.
Муаллифнинг саволларига жавоб берадиган бўлсак, вояга етмаган болалар таъминоти учун тўлайдиган алимент қарздорнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) барча даромадидан ҳисоблаб ундирилади. Бунда иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендиялар ҳисобга олинади. Агарда қарздорнинг бошқа даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинган бўлса, алимент мазкур даромадлардан ҳам ундирилади.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс ишламаса (бошқа даромадга -стипендия, нафақа ва ҳок. эга бўлмаса) ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.