ҲАЙДОВЧИНИНГ БАДАНИГА ШИКАСТ ЕТКАЗГАН ИККИ ПИЁДАГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Йўлларда пиёда ва машина бошқарувидаги ҳайдовчиларнинг ўзаро “илиқ” муносабатларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Гоҳида йўловчи “яшил чироқ пиёданинг ҳаракатланиши учун ёнди” дея ҳотиржам йўлдан ўтишни бошласа, ҳайдовчи тоқатсизлик қилади ва аксинча. Ўзи ва атрофдагиларни ҳурмат қилмайдиган бу каби баъзи пиёда ҳамда ҳайдовчилар орасида тортишув келишиб чиқиши эса уларни суд курсисигача етаклайди. Ана шундай галдаги бетоқатлик ҳар икки тарафга ҳам фойда олиб келмади…
Мактаб пайтидан таниш бўлган, шар сотиб тирикчилик қиладиган 2002 йилда туғилган тенгдошлар бир гуруҳ бўлиб, Яккасарой туманида жойлашган бозорнинг автомашиналар қатнайдиган жойида олдиндан таниш бўлмаган фуқаро билан ҳеч бир сабабсиз ўзаро жанжаллашишади.
— Ўша куни Муқимий кўчасида жойлашган овқатланиш шаҳобчаси олдида кўришдик, тушлик қилдик. Сўнг шар сотиш мақсадида биргаликда пиёда Яккасарой туманида жойлашган бозорга бордик. Йўлдан ўтиб кетаётган вақтимизда жабрланувчи ўз бошқарувидаги “Нексия-2” русумли автомашинада бизга сигнал чалиб, йўлдан тезроқ ўтишимизни айтди.
Шеригим автомашина қатнайдиган йўл юзидан тез ўтиб олди, мен эса секин ўтаётганимда жабрланувчи автомашинани устимга қараб ҳайдамоқчи бўлди. Унинг ҳаракатларидан норози бўлиб, йўлдан ўтиб олганимдан сўнг автомашинанинг орқа томонидан тақиллатиб, “ока, қараворинг”, дедим. Автомашинада яна икки нафар йўловчи ҳам бор эди. Жабрланувчининг ўзи автомашинадан тушиб, “нима гапинг бор?” деганида, чеккага ўтиб, ўзаро гаплашиб олишни билдирдим. У эса гапимга қулоқ солмай, йўлда тураверди. Унинг қўлидан ушлаб, чеккага тортдим. Нима сабабдан устимга автомашинасини ҳайдаб қўрқитмоқчи бўлганини сўраганимда ўртамизда тортишув чиқди. Қўлим билан жабрланувчининг юз қисмига бир маротаба уриб тан жароҳати етказдим.
Шеригим бу ҳолатни кўриб турганди. Жабрланувчи олган тан жароҳатидан ерга ётиб қолди ва ўрнидан туриб менга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни айтди. Жаҳлим чиқиб, яна қўлим билан урдим. Бу гал ариққа ётиб қолди. Қилмишимдан пушаймонман, жабрланувчидан кечирим сўрайман, унга етказилган моддий зарарни қисман қопладим. Қолган моддий зарарни ишлаб қоплаб бераман, – деди айбига тўлиқ иқрор бўлган судланувчи. Иккинчи судланувчи эса айбига иқрор бўлмади.
Ваҳоларки, у ҳам жабрланувчининг юз қисмига урган.
— Судланувчи чеккага тортганида “шу ерда гаплашиб оламиз”, дедим. У бўлса тўсатдан юз қисмимга қўли билан уриб қолди, юзимни қўлларим билан тўсиб олганимда баданимга бир нечта зарба келиб тушди. Шериги ҳам қўли билан бош қисмига уриб, оёқ қисмимга тепди. Шу пайт ҳушимни бироз йўқотиб, ерга ётиб қолдим. Калтак еяётганимни кўриб, автомашинамда ўтирган икки дўстим тушиб, судланувчиларни узоқлаштиришга ҳаракат қилишди.
Шунда судланувчилардан бири югуриб келиб, ётган жойимда юз қисмимга оёғи билан тепди. Соғлигим ёмонлашиб, ерда ётавердим.
Дўстларим ўрнимдан турғазиб, етказилган тан жароҳатлари юзасидан шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб боришди. 3 кун даволандим, воқеа куни ҳеч кимни ҳақоратламаганман. Олган муолажаларим натижасида моддий зарар ва маънавий зиён кўрдим.
Даволаниш учун жами 9 059 000 сўм сарф-харажат қилдим. Ҳали яна жарроҳлик амалиётини ўтказишим керак. Бунинг учун қўшимча 3 500 000 сўм сарф-харажат қилишим лозим.
Судланувчилар томонидан менга етказилган моддий зарардан суд жараёнида 3 800 000 сўми қопланди.
Ҳозирда қопланмай қолган моддий зарар 8 759 000 сўмни ташкил этади, -дейди моддий зарарни ундириб беришни сўраган жабрланувчи.
Жабрланувчига турли даражадаги, яъни бош мия ёпиқ жароҳати ва чайқалиши, бурун суяклари ёпиқ синиши, юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўз олди юмшоқ тўқималари қонталаши каби ҳаёт учун хавфли бўлмаган оғирлик даражаси бўйича ўртача оғир тан жароҳатлари етказишган.
Суднинг ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми “и” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Уларга иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Судланувчилардан жабрланувчи фойдасига солидар тартибда 5 259 000 сўм ҳукм қонуний кучга киргач ундирилиши белгиланди. Жабрланувчига қолган етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан судланувчиларнинг яшаш манзилидаги туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
Алишер Жалилов,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман суди раиси