ҚИРҚ ЁШИДА АДАШГАН АЁЛ…

Қўқонлик Хумора Алиева (исмлар ўзгартирилган) 40 ёшга яқинлашганда жиноятга қўл урди. Бўлмаса 5 фарзанднинг онаси эди-я. У гиёҳвандлик моддаларини бошқа шахсларга ўтказиш ва сотиш мақсадида, дастлабки тергов вақтида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган “Шерзод” исмли номаълум шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гиёҳвандлик моддалари савдосидан мўмай даромад олиш мақсадида, 10.000.000 сўм пуллар эвазига “гашиш” гиёҳвандлик моддаларини сотиб олиб, ушбу гиёҳвандлик моддаларини келгусида ўзининг Тошкент шаҳрида яшовчи мижозларига сотиш мақсадида сақлаб келган.

Юртимизда гиёҳвандлик жиноятларига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шу мақсадда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбирлар давомида қатор жиноятлар аниқланмоқда.

Хумора Алиева жорий йил апрелнинг ҳузурбахш кунларидан бирида гиёҳвандлик воситаси орқали мўмай пул топишни ният қилди.

30 апрель куни синглиси Хуснорага қўнғироқ қилди.“Синглим, яхшимисан, Тошкентга мен билан бориб кел, поччанг ўзимни ёлғиз юбормаяпти.”

Синглиси ҳам анчадан бери фарзандларини пойтахтга айлантириб келишни орзу қилиб юрарди.“Майли, болаларимни ҳам олиб бораман-да”, айланиб келамиз. Унинг опаси билан айланиб келиши қимматга тушинини қаёқдан билсин?

Хумора Тошкент шаҳрига кетувчи киракашлар билан гаплашди, йўл кирани келишиб қўйди. Эртаси куни улар “Кобальт” русумли автомашинада пойтахт сари йўлга чиқишди. Ҳайдовчининг орқа ўриндиғига ўтириб олган Хумора бироз бесаранжом кетарди. Йўл-йўлакай опа-сингил гаплашиб кетишди. Хумора ёнидаги пакетга ўралган нарсани орқа ўриндиқ тагига ташлаб қўйди.

Соат тахминан 15:30 ларда, улар Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига киришди. Чорраҳада тўхтаб турганида, автомашина ёнига бир неча нафар фуқаролик кийимидаги шахслар келиб, ҳайдовчини бошқа автомашинага ўтказишди. Улардан бири автомашинани бошқариб, Тошкент шаҳрига киришда бўлган ЙПХ масканига қадар ҳаракатланиб келиб, икки нафар холислар  иштирокида автомашинани кўздан кечиришган вақтда, Хумора ташлаб қўйган 2 дона полиэтилен пакетга ўралган гиёҳвандлик воситасини топишиб, холислар иштирокида аниқланган гиёҳвандлик моддаларини баённома асосида расмийлаштириб олишади.

Суд экспертиза ҳулосасига кўра, экспертлар ихтиёрига тақдим этилган тўқ жигар рангли, ўткир хидли, мумсимон модда таркибида кариофиллен, каннабидиол ва каннабинол мавжуд бўлган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги, унинг соф вазни 262,88 грамм, яъни кўп миқдорни ташкил қилиши кўрсатиб ўтилган.

Хуморадан ушбу модда нима эканлигини ва нима мақсадда сақлаб келаётганлиги ҳақида сўрашганида, уни ўзининг истеъмоли учун ёнида олиб юрганлигини маълум қилади.

Суд ҳужжатидан:

“….2024 йил 1 май куни унга нотаниш бўлган “Шерзод” исмли шахс қўнғироқ қилиб, у гиёҳвандлик воситаси қидираётганлиги, агар пулини ташласа, унга гиёҳвандлик воситасини топиб беришини маълум қилганида, унга жойини айтишини, пулларни кейинчалик унинг картасига ташлаб бериши мумкинлигини маълум қилганида, у аввал пулларни ташлашини унга ишонишини, у албатта гиёҳвандлик воситаси беркитилган жойни маълум қилишини айтганида, пайнет шаҳобчасидан унга маълум қилган пластик карта рақамига 10.000.000 сўм пулларни ташлаб юбориб, унга 14-сонли мактаб ҳудудидаги металл трубанинг пастки қисмида тош тагига гиёҳвандлик воситаси яширилганлигини маълум қилганлиги, кўрсатмага биноан бориб тош тагига қараганида, гиёҳвандлик воситаси, яхлит, қора рангли полиэтилен пакетга ўралган ҳолатда турганлигини кўриб, уни олиб, гиёҳвандлик воситасига ёнида бўлган асални қўшиб аралаштириб, тахминан 1,0 граммини истеъмол қилганлигини маълум қилганлиги юзасидан, ҳуқуқни мухофаза қиливчи орган ходимларига стресс ҳолатда бўлганлиги учун нотўғри жавоб берганлигини, у аслида 2024 йил апрель ойларида шаҳар атрофидаги даладан ўзининг истеъмоли учун гиёҳвандлик воситасини топиб олиб, ёнида сақлаб келганлиги ҳақидаги кўрсатувига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95 ва 112-моддаларига асосан баҳо бериб, тергов материалларини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида белгиланган ҳақиқатни аниқлаш принципи талабларидан келиб чиқиб синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқиб, судланувчининг кўрсатувлари жиноий жавобгарлик ва жазодан қутилиб қолиш мақсадида ўйлаб топилган важлар деб танқидий баҳо беради ва унинг ушбу келтирган важалари юқорида келтирилган айбини исботловчи далиллар билан инкор қилинади.”

Х.Алиеванинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби, тезкор-тадбир ўтказилганлиги бўйича баённома, шахсни ва автомашинани тинтув қилиш ва далилий ашёларни олиб қўйиш ҳақидаги баённома, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси ва фотоиловаси, ўтказилган судга оид кимёвий ва судга оид наркологик экспертизаларнинг хулосалари, жиноят ишига илова қилинган фото жадваллар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан исботланган.

Суд Х.Алиевага жазо тури ва миқдорини танлашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига амал қилиб, айбига иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг аёллигини, қарамоғида 5 нафар фарзанди бўлиб, бир нафари вояга етмаганлигини, муқаддам судланмаганлигини, кўкрак саратони касаллигига чалинганлигини ҳисобга олди.

Х.Алиева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодекснинг 57-моддасини қўллаб 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шерзод Амиров,

Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди судьяси.