ҚАРОР ИЖРОСИ БИЛАН ГЎЗАЛ

“Янги Ўзбекистон янги суд” тамойили доирасида аҳолини одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, адолатли суд қарорлари қабул қилиниши орқали, халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш қолаверса, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирли механизимларини жорий этиш белгиланган.

Мазкур дастурдан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Мажбурий ижро бюроси шаҳар ва туман бўлимлари, шаҳар ва туман ҳокимлиликлари ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлари, шунингдек, кадастр ва қурилиш бўлимлари вакиллари билан ҳамкорликда фуқаролик судлари томонидан қабул қилинган суд қарорларининг ижросини таъминлаш масаласида давра суҳбати шаклида семинар машғулоти бўлиб ўтди.

Тадбирни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов кириш сўзи билан очар экан, суд қарорларининг ижросини ўз вақтида таъминлашнинг аҳамияти ҳақида гапириб, бу борада масъулиятни ошириш давр талаби эканлиги, суд қарорлари ижросини такомиллаштириш, ижро самарадорлигини ошириш юзасидан кўрилиши лозим бўлган чораларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Машғулот давомида Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман Давлат ижрочилари томонидан суд қарорларининг ижро этилиши билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

Давра суҳбати якунида амалий мулоқот иштирокчилари, аввало, Фуқаролик процессуал кодекси ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий риоя қилиш, суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш, қолдиқ ижро ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиб, қисқа муддатларда ижросини таъминлаш каби қатор аниқ вазифаларни белгилаб олишди.