ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ВА АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИН?

«Тўй-томоша қилиниб, ўзга хонадонга келин бўлиб тушдим. Бироқ, турмуш ўртоғим билан ФҲДЁ рўйхатидан ўтмагандик. Ҳомиладорлик вақтимда эрим мени уйдан хайдаб юборди. Фарзандимиз туғилган бўлса-да, эримнинг ҳозирга қадар ярашиш нияти йўқ. Боламизга ҳам моддий ёрдам бермаяпти, оталигини ҳам расмийлаштиришни истамаяпти. Қандай қилиб болам учун отасининг оталигини белгиласам ва алимент ундирсам бўлади?»

Исми сир тутилди

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирди…

 

— Оила кодексининг 62-моддасига асосан оталикнинг суд тартибида белгиланиши кўрсатилган. Унга кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

 

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини, ДНК экспертиза хулосалари ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

 

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

 

Таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан алимент ундириш тартиби қандай?

 

 — Оила кодексининг 96-моддасида Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти белгиланган, унга кўра: ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

 

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

 

Ушбу кодекснинг 98-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

 

Оила кодексининг 99-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори белгиланган. Унга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

  • бир бола учун тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади.

 

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Сиз қонунда белгиланган тартибда аввал фарзандингизга нисбатан оталикни белгилаш тартибини ҳал этиб, кейин айнан шу шахс(отаси)га нисбатан алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Икромжон КУРБАНБАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси