“ҚАЙДАЙ ЖАЗО ҚЎЛЛАНИШИ МУМКИН?”

— Автотранспорт воситасида тўқнашув содир қилганман. Воқеа жойида жарбланувчи билан ўзаро келишиб, жабрланувчининг автотранспорт воситасини таъмирлаб беришни келишиб олганмиз. Воқеа жойидан кетаётган вақтимизда ЙХХ ходимлари келиб, тўқнашув ҳолатини расмийлаштиришиб, жиноят ишлари бўйича судига юборишди. Жабрланувчининг автотранспорт воситасини таъмирлаб берганман, унинг менга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқ. Суд томонидан менга нисбатан қандай жазо қўлланиши мумкин?

Исми сир тутилди

Қахрамон МИРСАФАЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:


— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасига мувофиқ ушбу Кодекснинг 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқариши ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-1-моддасида белгиланган тартибда судга юбориши лозим бўлади.


Ушбу ҳолатда, сизга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик материаллари жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 10-1-бандига асосан МЖтКнинг 21-2-моддасида назарда тутилган ярашув шартлари талабларига амал қилган ҳолда жабрланувчи билан ярашганингиз муносабати билан тугатилиб, жазо қўлланилмайди.