«ЁШ БОЛАСИ БОРЛАР НАВБАТЧИЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНМАЙДИМИ?»

— Туман шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайман. 3 ёшга тўлмаган болам бор. Навбатчилик тақсимланганда мени кечки соат 15.00 дан 22.00 гача бўлган вақтга ёзишибди. Ёш болам билан ишлолмаслигиним айтсам, ҳамма учун мажбурий дейишди. Қонунчиликда бу хусусида нима дейилган?

Исми сир тутилди

Дурдона Абдуқахарова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Меҳнат қонунчилигига кўра, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди. Розилигингиз билан сиз ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилади.

 

Меҳнат кодексининг 116-моддасида уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланиши кўрсатилган.

 

Ушбу кодкекснинг 228-моддасига кўра, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

 

Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

Хусусан, Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига мувофиқ, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

 

Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.