ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ ТАФСИЛОТЛАРИНИ ОШКОР ЭТГАНЛИК УЧУН – ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНМОҚДА
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 137-моддасига кўра, ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
12-моддасига мувофиқ, давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.
Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.
Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустаснодир.
Фуқаролик ишлари судида ёпиқ суд мажлислари қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талабига ёки суднинг ташаббусига кўра ўтказилади.
Яъни, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган судья, суд мажлиси котиби, прокурор, даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, умуман олганда барча суд мажлиси иштирокчилари ёпиқ суд мажлисида ўзларига маълум бўлган иш тафсилотлари ва бошқа маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилиши мумкин эмас.
Ҳозирги вақтда процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Шу муносабат билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-1084-сонли қонуни қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 60, 62, 64, 98, 208-моддаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, эксперт, мутахассис ва таржимон ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асослар мавжуд бўлганда суд ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқаради.
Ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади.
Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади.
Хулоса ўрнида, мазкур киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ёпиқ суд мажлисида кўрилган ишларни маълумотларини анонимлигини таъминлаш ва ушбу тафсилотларни ошкор этганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини ҳамда фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини қонун билан ҳимояланганлиги суднинг нуфузини оширишга хизмат қилади.
Дилноза Абдуқодирова,
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси






