ЁЛҒОН ЧАҚИРУВ, ҲАҚОРАТ ҚИЛИШ, СУДГА ҲУРМАТСИЗЛИК – “Роҳат” МФЙда сайёр суд муҳокамалари бўлиб ўтди

Муҳокама аввалида маҳалла фаоллари билан мухтасар очиқ мулоқот ўтказилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга оид қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида тушунчалар берилди. Шунингдек, турли кўринишдаги қилмишларнинг барвақт олдини олиш, бунда наинки масъуллар, балки ҳар бир фуқаронинг бурч ва мажбуриятлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Гап маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатларига келганида мисол излаб узоққа борилгани йўқ. Очиқ мулоқот сайёр суд муҳокамаларига уланиб кетди. Уларда махсус хизматларни қасддан алдаб чақириш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, майда безорилик, шахсни ҳақорат қилиш ва судга ҳурматсизлик ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлар кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг тергов судьялари (Фахриёр Пўлатов ва Наргиза Иноятова) раислигида ўтган сайёр суд муҳокамалари якунида 1 нафар ҳуқуқбузар огоҳлантирилди, 7 нафарига нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.






