ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИДА БИР ИНСОН ҲАЁТДАН КЎЗ ЮМДИ

Фалокат оёқ остида, деганларидек, ўзини нима кутаётганини ҳеч ким олдиндан билолмайди. Баъзан кўнгилсизлик содир бўлиши учун бир лаҳза чалғиб қолиш ҳам кифоя қилади. Эҳтиётсизлик орқасидан содир этилган жиноятлар қонунчиликда айбнинг бирмунча хавфсиз шакли, деб белгиланганига қарамай, бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши жуда ачинарли ҳолдир… 

 

Бепарволик билан чиқиндиларни пастга ташлади

Судланувчи қурилишлардан бирида оғзаки келишув асосида ғишт терувчи ишчиларга ёрдамчи сифатида ишлаётган вақтида, қурилиш биносининг бешинчи қаватидаги қурилиш чиқиндиларини тозалаш жараёнида цемент қоришмалари ва ғишт бўлакларини челакка солади. У эҳтиётсизлик қоидаларига риоя қилмай, пастда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан, бепарволик билан қурилиш чиқиндиларини юқоридан пастга ташлаб юборади. Чиқиндилар шу қурилиш объектида оғзаки келишув асосида ошпаз вазифасини бажариб келган ва бинонинг ёнидан ўтиб кетаётган фуқаронинг бошига тушиб, тан жароҳати олади. У касалхонага олиб борилганда олган оғир тан жароҳати оқибатида вафот этади.

 

“Бекор ўтирмаслик учун чиқиндиларни йиғиштирдик…”

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Асли сурхондарёликман, бир куни маҳалладошим қўнғироқ қилиб, Тошкентда қурилишда ишлаётганини, агар ишлашни истасам иш борлигини айтиб қолди. Ўша пайтда бекор юрганим учун унинг таклифига рози бўлиб, пойтахтга келдим.

 

Маҳалладошим мени қурилиш бўлаётган беш қаватли бинога олиб келди. У ғишт урувчиларга ёрдамчи бўлишимни айтди. Эртаси куни у мени қурилиш раҳбарининг олдига олиб борди. Раҳбар менга иш ҳақим терилган ғиштга қараб берилишини айтди. Шундан кейин қурилишда қолиб, ёрдамчи бўлиб ишлай бошладим. Воқеа содир бўлган куни ғишт қолмаганлиги сабабли иш тўхтаб қолди. Бекор ўтирмаслик мақсадида атрофда тўпланиб қўйилган чиқиндиларни йиғиштира бошладик. Бошқа шерикларимиз пастни тозалашди. Эрталабдан соат ўн яримларгача анча чиқинди тўпладик, шеригим чиқиндиларни тўкиш учун челакка солиб берди. Мен қўлимдаги челак билан бешинчи қаватнинг деразасидан пастга қарадим, ҳеч ким кўринмаганидан кейин ахлатни пастга ағдардим.

 

Айни шу пайтда бўз билан ўралган ҳожатхона томондан қурилишда ошпаз бўлиб ишловчи фуқаро чиқиб қолиб, мен тўккан чиқинди унинг бошига тушди. У дастлаб бошини чангаллаб, ўтириб қолди, кейин ерга қулади. У дарахтлар орасидан чиққани учун уни кўрмай қолдим. Бу вақтда андижонлик усталар ҳожатхона олдидаги деворни оқлашаётганди.

 

Мен уларга “ошпазга ёрдам беринглар”, деб бақирдим. Шундан кейин пастга югуриб тушдик. Ишчилар ҳушини йўқотган, бошидан қон оқаётган ошпазни енгил машинага олиб чиқишди. Уни касалхонага олиб кетишди. Бироздан кейин ошпазнинг касалхонада вафот этгани ҳақида хабар келди. Ошпаз билан фақатгина тушлик ва кечки овқат пайтида салом-алик қилганман, ўртамизда ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Унинг мендан ёши катта бўлгани учун деярли гаплашмаганман.

 

Қурилишда бошни ҳимоя қилиш учун ҳаммамизга каска берилган. Лекин иш жараёнида каска халақит қилгани учун ечиб ишлардик. Ишга қабул қилинган вақтимда ҳеч ким менга техник хавфсизлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатмаган. Бинонинг юқори қаватида ишлаш учун хавфсизлик камарлари ҳам берилмаган. Чиқиндиларни ташлаётганимда бирор кишининг устига тушиши мумкинлиги хаёлимга келмаган. Эҳтиётсизлигим ва бепарволигим туфайли унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолдим. Айни пайтда бу қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

 

Ҳукм ўқилди

Судланувчи Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб  топилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 Зоҳиддин НУРИДДИНОВ,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси,

 

Лола Шоимова, журналист.