ЭРИМНИНГ НОМИДАГИ УЙНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МЕРОС СИФАТИДА РАСМИЙЛАШТИРИШИМ МУМКИН?
— Турмуш ўртоғим 1990 йилда чет элга чиқиб кетган, унинг қаердалиги тўғрисида умуман маълумот мавжуд эмас. Номига икки хонали квартира расмийлаштирилган. Нотариал идорасига меросни расмийлаштириш масаласида мурожаат қилганимда, уни вафот этганлигини суд орқали тасдиқлаш зарур деган фикрни билдиришди. Нима қилсам ҳаракатим тўғри бўлади, маслаҳат беринг.
Исми сир тутилди.
Ахрор СУЛАЙМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси:
Шахснинг бедарак йўқолганлиги ҳақида қаерга мурожаат қилиши керак?
— Турмуш ўртоғингиз ҳақида 1990 йилдан бери бирор-бир маълумотларнинг мавжуд эмаслиги, унинг вафот этганлигини англатмайди. Авваламбор, унинг бедарак йўқолганлиги ҳақида Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.
Агар турмуш ўртоғингизнинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин.
Қандай ҳолатда суд томонидан вафот этган деб эътироф этилади?
Бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади.
Агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин.
Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади.
Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.
Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг қаерда турганлиги маълум бўлган тақдирда, уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинади.
Кимлар биринчи навбатдаги меросхўрлари ҳисобланади?
Фуқаролик процессуал кодексининг 305-моддасига кўра, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилади. Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади. Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.
Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди. Шунингдек, бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.
Агар турмуш ўртоғингиз вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, сиз Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), ота-онаси (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлари ҳисобланасизлар.