“ЭРИМ АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЯПТИ. У СУДДАН ҲАМ, ИЖРОЧИДАН ҲАМ ҚЎРҚМАЙДИ. НИМА ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?”
— Собиқ эрим бир ярим йилдан буён алимент тўламаяпти. Бир марта 15 сутка қамоқ жазоси тайинланганда ҳам, 500 минг сўм берди, холос. Охирги марта ижрочига учрашганимда “ҳадеб келаверманг, қачон ҳал бўлса, шунда олиб берамиз”, деди. Шунга ҳам икки ой бўляпти. Талаб қилмасам, пул бермаса, талаб қилсам, остонадан ҳайдашса, нима қилишим керак? Судга арз қилсам, яна қамалармиш. Бундан менга нима наф?
Исми сир тутилди.
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасурбек МАМАЮСУПОВ жавоб берди:
— Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги 258-II-сонли Қонунининг 30-моддаси талабига кўра, алиментларни ундириш ҳақидаги талаблар дарҳол ижро этилиши керак бўлган ижро ҳужжатлари сарасига киради.
Ушбу қонуннинг 80-моддасига кўра, алиментлар ундириш бўйича талаблар ундирувлар навбати бўйича биринчи навбатда қаноатлантириладиган талаб ҳисобланади.
Бундай ҳолатда, вояга етмаган боланинг моддий таъминоти учун ундирилиши лозим бўлган алимент тўловларини ундиришда тегишли мажбурий ижро бюроси томонидан ундирувни амалга оширишнинг барча чоралари кўрилиши лозим бўлади.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Оила Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бироқ, шахснинг вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилганлик ҳолати ушбу шахсни алимент мажбуриятларидан озод қилмайди.
Бугунги кунда суд қарори билан мурожаатчининг фойдасига вояга етамаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириши белгиланган бўлиб, алимент тўловлари ўз вақтида тўланмаётганлиги оқибатида алимент қарздорлик вужудга келган.
Оила Кодексининг 142-моддасига кўра, алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.
Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир.