ЭР ЎЗ ХОТИНИНИ УНИНГ РОЗИЛИГИСИЗ ИШДАН БЎШАТИШИ МУМКИНМИ?

— Қизим археолог. Эри директор бўлган ташкилотга ишга кирганидан сўнг кўп ўтмай бўйида бўлиб, “декрет”га чиқди. Бу орада куёвимни бир аёлга илакишиб қолганини билдик. Эр-хотин шу масалада кўп тортишганлиги боисми ёки бошқа сабаби борми, хуллас, эри қизимни ишдан бўшатиб юборди. Ваҳоланки, “декрет”даги ходимни ишдан бўшатиб бўлмаслигини яхши билади. Бу вазиятда қизимни қандай ҳақ-ҳуқуқи бор? Қизимнинг айтишича, эри билан жанжаллашгани учун атай шундай қилганмиш. Эри бўлса ҳам, ходими бўлган аёлини ўзининг розилигисиз ишдан бўшатиши мумкинми?

Исми сир тутилди

Фахриддин Бахронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Аввало айтиш жоизки, Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

 

Худди шу норма Меҳнат кодексида ҳам қайд этилган бўлиб, кодекснинг 6-моддасига биноан, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

 

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Савол муаллифининг маълумотига кўра қизининг турмуш ўртоғи ташкилот раҳбари лавозимида ишлаб келиб, қизининг меҳнатга оид юқорида қайд қилинган ҳуқуқларини бузган, ўзининг турмуш ўртоғи ва ташкилот ходими билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан қасддан бекор қилиб, ходимнинг меҳнат қилиш ва ундан келиб чиқиувчи ҳуқуқларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонун талабларини бузган.

 

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 100-моддасига мувофиқ, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.

 

Қайд қилиш керакки, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмида  меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдирувчи сабаблар кўрсатилган бўлиб, оилавий келишмовчиликлар, саволда қайд қилинган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар бундай сабаблар қаторида қайд қилинмаган.

 

Бундай ҳолатда ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ходим нима қилиши керак, ўз ҳуқуқларини қандай тиклаши керак?

 

Конституциянинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Худди шундай, Меҳнат кодексининг 8-моддасига кўра, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади.

 

Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

 

Низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилади.

 

Бундай ҳолда савол муаллифига қизи буйруқ нусҳасини олган кундан бошлаб қонунда белгиланган бир ойлик муддатни ўтказиб юбормасдан ташкилот жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга ишга тиклаш, мажбурий прогул учун ҳақ ундириш, маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси киритишни тавсия қиламиз. Чунки, қонун талаби бўйича суд томонидан ҳуқуқ бузилганлиги аниқланган тақдирда ҳам, агар қонунда судга мурожаат қилишнинг белгиланган муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилса ва тараф муддатни қўллаб аризани рад этишни талаб қилса, суд ҳуқуқни тиклашни рад этиши мумкин.

 

Таъкидлаш жоизки бундай даъволар бўйича ходимлар суд харажатларидан тўла озод қилинган.