ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОСИ БИЛАН НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
— Жиянимнинг эри Туркманистон фуқароси. Бир нафар фарзанди бор. Эри Россияга ишлагани кетганича йўқ, на қўнғироқ қилади ва на хабар олади. Ота-онаси ҳам ўғлининг қаерда эканини билишмас эмиш. Жияним ажрашмоқчи, лекин “Туркманистонда никоҳдан ўтган бўлсангиз, ўша ерга бориб ажрашинг”, деган жавобни олди. Ёш боласи билан қандай боради?
Исми сир тутилди
Фарҳод Шарипов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:
— Ўзбекистон Республикаси оила тўғрисидаги қонунчилик Оила кодексдан ҳамда унга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.
Никоҳнинг тугатилиш асослари Оила кодексининг 37-моддасида белгиланган бўлиб, унга асосан эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди. Шунингдек, никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.
Ушбу кодекснинг 38-моддасига мувофиқ никоҳдан ажратиш суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Кодекснинг 42-моддага мувофиқ вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.
Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Кодекснинг 43-моддасига кўра, агар эр-хотиндан бири:
• суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
• суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
• содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.
Агар болалар ҳақида эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.
Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг оилавий муносабатлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 234-моддасида белгиланган. Унга асосан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар унинг ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.
Ушбу Кодекснинг 235-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида тузилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар, агар ушбу Кодекснинг 16-моддасида назарда тутилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл фуқаролари ўртасида бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда тузилган никоҳлар Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
Мазкур Кодекснинг 236-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги, шунингдек чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган эри (хотини) билан тузилган никоҳдан, мазкур шахс қайси давлат фуқароси эканлигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси судида ажралишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳдан ажралиш мумкин бўлган ҳолларда бундай никоҳдан ажралиш Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарида ёки консуллик муассасаларида амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида тегишли чет эл давлатининг қонунчилигига риоя этилган ҳолда амалга оширилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш тегишли чет эл давлатининг қонунчилигига риоя этилган ҳолда амалга оширилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекснинг 40-моддасига асосан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасига асосан “Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари” аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.
Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик ушбу кодекснинг 34-моддасида бергиланган бўлиб, унга кўра, яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойдаги ёки унинг маълум бўлган сўнгги яшаган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар Ўзбекистон Республикасида унинг мол-мулки турган жойдаги ёки маълум бўлган сўнгги яшаш жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш ҳақидаги ва майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик ёхуд боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар даъвогар томонидан ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.
Агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин. Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.