«ХУСУСИЙ БОҒЧАДА ИШЛАЙДИГАНЛАРГА «БОЛЬНИЧНЫЙ» БЕРИЛМАЙДИМИ?»

– Хусусий боғчада тарбиячи бўлиб ишлайман. Сўнгги вақтларда соғлигимда муаммолар пайдо бўлгани учун ётиб даволанмоқчи эдим. Аммо боғчамиз хусусий бўлгани учун «болничний» берилмас эмиш. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Авваламбор амалдаги Меҳнат кодексининг 14-моддасига кўра, белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин.

 

Мазкур кодекснинг 15-моддаси, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 285-моддасида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

 

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 1-бандида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий суғурта бўйича 2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақалар берилади.

 

Иш берувчининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадал тўламаганлиги, суғурта қилинган ходимни давлат ижтимоий суғуртаси нафақалари билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

 

Мазкур Низомнинг 93-бандига кўра, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, деҳқон хўжалиги аъзоларига, шунингдек айрим фуқароларникида шартнома асосида ишлаётганларга нафақалар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланиб, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

Юқоридагиларга кўра, сизга меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси берилиши лозим бўлади ва агарда нафақани нотўғри ҳисоблаш ва белгилаш ҳамда тўлаш юзасидан низо юзага келадиган бўлса тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.