“ХОТИРЖАМ ЯШАШГА ЛОЙИҚ БЎЛИНГ…” — МИРЗО-УЛУҒБЕК АБДУСАЛОМОВ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзо-Улуғбек Абдусаломов фаолиятини 1969 йилдан туман миқёсида турли соҳа ва  вазифалардан бошлаб, Адлия вазирининг ўринбосари, вазир вазифасини бажарувчи, вазирнинг биринчи ўринбосари, Олий хўжалик суди раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси каби юксак лавозимларида ишлади.

 

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига раҳбарлик қилаётган Мирзо-Улуғбек Элчиевичнинг фаолияти серқирра. Шундай бўлса-да, номи кўпроқ иқтисодий (аввалги хўжалик) суд билан боғлиқ. Чунки, мазкур ҳуқуқий институт ташкил этилишидан то шаклланиб, суд ҳокимиятининг муҳим тармоғига айланишида бош-қош бўлгани кенг жамоатчиликка маълум.

Куни кеча Мирзо-Улуғбек Абдусаломов  ҳаётининг муҳим парчаси ўтган даргоҳга ташриф буюриб, пойтахт иқтисодий суди судялари билан  дилдан суҳбатлашди. Ёш салафларига арбитраж, хўжалик, иқтисодий суднинг шаклланиши ҳақида гапириб, суднинг шаклланиши, унинг моддий техника базаси, кадрлар захирасини жой-жойига қўйишдаги машаққатлар ҳақида эслади…

Келинг, шу жойда учрашув тафсилотларини қуруқ баён қилиш ўрнига, Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг гапларидан айримлари келтирақолайлик. Шунинг ўзи тадбир қандай ўтганига далолат қилади.

 

— судьялик ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган лавозим, унинг масъулияти, юки ўта юксак, Сиз доим  касбингизга содиқ бўлинг;

 

— ҳалол ва объектив бўлинг;

 

— хотиржам яшашга лойиқ бўлинг. Чунки, фақат тўғри одамгина хотиржам яшайди;

 

— эгри иш қилсангиз, агарки, жазодан қутилиб қолсангиз ҳам ҳаётингизда ҳаловат ҳеч қачон бўлмайди. Одамларни юзига тик қарай олмайсиз, яқинларингиз ҳам сиздан хижолат тортади…

 

— ғирром бўлманг, бу ёмон иллат, оқибати жуда аянчли бўлади…

 

— тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, бугун судьялар учун яратилган шарт-шароитни қадрига етинг, моддий томондан ташвишингиз йўқ, одамларни рози қилинг, дуо олинг;

 

— судьяликни юки қанча оғир бўлса, тўғри судья учун судьялик шарафи ҳам чексиздир.

Дангал айтиш керак, М. Абдусаломов судьяларга маслаҳат бермаган тақдирда ҳам у кишини босиб ўтган шарафли йўли, бенуқсон обрў-эътиборининг ўзи тизимнинг ҳар бир ходимига  ўрнак, намуна…

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси