ХОЛИФИЛД ВА ТАЙСОННИНГ ЖАНГИ “ЭСКИ ЖУВА” БОЗОРИДА ТАКРОРЛАНДИ: ҲАМКАСБИНИНГ ҚУЛОҒИНИ УЗИБ ОЛГАН СОТУВЧИ АЁЛ
Ёхуд ҳамкасбининг қулоғини узиб олган сотувчи аёл
Бокс ихлосмандлари оғир вазн тоифасидаги собиқ машҳур боксчилар Эвандер Холифилд ва Майк Тайсон билан бўлган жангларни мароқ билан кузатгани шубҳасиз. 1997 йилдаги афсонавий жанг-чи, ёдингиздами? Унда Тайсон рақиби Холифилд қулоғининг бир қисмини узиб олганди. Буни қарангки, мазкур “жанг” “Эски Жува” бозорида такрорланди…
Гап шундаки, “Эски Жува”нинг сут маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо растаси “ринги”да 1993 ва 1994 йилда туғилган икки сотувчи аёл “жанг”га чиқди. Ўрталарида аввалдан бўлган келишмовчилик замиридаги ўзаро жанжал муросасиз “жанг”га уланди. Натижада 1994 йилда туғилган аёл қўшни савдо растасида сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи 1993 йилда туғилган ҳамкасбига қасддан тан жароҳати етказиш мақсадида танасининг турли қисмларига қўл ва оёқари билан уриб, ўнг қулоғини тишлаб олади.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, 1993 йилда туғилган судланувчи аёлга ўнг қулоқ солинчагини эзилиб йиртилган яраси, чап елка, чап болдир ички, ўнг сон ва ўнг болдир соҳалари қонталашлари, чап қўл 5-кафт суяги сатҳи, ўнг лунж ва ўнг товон соҳалари шилинмалари кўринишидаги баданнинг тузалмайдиган даражадаги хунуклашишига сабаб бўлган қасддан оғир шикаст етказган.
Жанг жангдек ўтиши учун албатта жавоб “зарбалари” ҳам бўлиши табиий. Бироқ шуни унутмаслик керакки, бундай “жанг”ларнинг аччиқ “зарбаси”ни тотиб кўрган ақли расо киши ўзига хулоса қилади. Лекин 1993 йилда туғилган сотувчи аёл муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан айбдор деб топилиб, жарима жазосига тортилган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Йўқса, ҳамкасбига қасддан тан жароҳати етказиб, 1994 йилда туғилган сотувчи аёлга чап елка соҳаси қонталаши, пастки лаб ички шиллиқ қаватига қон қўйилиши кўринишидаги соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келадиган енгил шикаст етказмаган бўларди.
1994 йилда туғилган судланувчи аёл айбига қисман иқрорлик билдирди:
— Ўша куни эрталабдан савдо қилиш мақсадида иш жойимга келдим. Орадан бироз вақт ўтиб, ёнимга сотувчи ҳамкасбим ҳам келди. Бир неча соат вақт ўтганидан сўнг олдимизга харидор келди ва менинг маҳсулотим ёққанини айтди.
Сўнг сотувчи ҳамкасбим унга маҳсулотим Қашқадарёдан келиши, сифати яхши эмаслигини айта харидорни қайтармоқчи бўлиб ҳаракат қила бошлади. Шеригим ўз маҳсулоти солинган қошиқни узатди. Қўлини ортга итартиб юборганимдан сўнг, у мени оёғи билан оёғимга тепди. Сўнг эса у сочимга, мен эса унинг ёқасига ёпишдим.
“Карвон кўп, ризқи бўлак”, дейди доно халқимиз. Бироқ бу нақлни англамаган икки сотувчи аёл харидор талашиш ортидан суд курсисигача етиб боришди. “Жанг”га шу қадар берилиб кетганларидан ҳатто бирининг қулоғи узилиб тушганини оғриқ кучидан англайди.
— Бир вақт ўнг қулоғимда кучли оғриқни ҳис қила бошладим ва “қўйиб юбор” деб бақирдим. Ўша ердаги бир аёл шеригимнинг устидан челакда сув сепгач, у тўхтади ва унинг юзига қараганимда оғзи қон эканини кўрдим.
Шок ҳолатига тушиб, қулоғимга қўлим билан теккан вақтимда ўнг қулоғимнинг ярми йўқ эканини билдим, атрофдагиларга қулоғимни қидиришни айтдим, – дейди 1993 йилда туғилган судланувчи аёл.
Боксчи Холифилд ўша машҳур жанги ҳақида фикр билдираркан “бир томондан, бу жуда ёмон лаҳзалар, аммо айни пайтда яхши дақиқалар эди. Биринчидан, мен 35 миллион доллар ишладим, иккинчидан, жаҳон чемпиони бўлдим. Аммо, бу воқеадаги энг муҳим нарса, мен кечиришни ўргандим. Қандай бўлмасин, кечиришни ўрганиш керак”, деганди.
“Эски Жува”да ўтган “жанг”да “боксчи” аёллар катта миқдордаги пул ютуғи ва чемпионликни эмас, балки жарима ва озодликдан чеклаш жазосини “ишлаб олишди”. Аниқроғи, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Бобир Рахимов эълон қилган ҳукмга кўра, 1993 йилда туғилган сотувчи аёл қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жазо тайинланди. 1994 йилда туғилган судланувчи аёлга эса қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан айбдор деб топилди ва 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Тошкент шаҳар суди матбуот котиби