ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Академиянинг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд, Тошкент шаҳар суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакиллари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг мустақил изланувчилари, таянч докторантлари, магистратура тингловчилари ва бакалавриат талабалари иштирок этди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлари бўйича судъяси Раҳматжон Бердияров “Тўловга қобилиятсизлик институти: қонунчилик ва суд амалиёти муаммолари” мавзусида маъруза қилди.
Марузада “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига биноан қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилиши ҳақида тушунтириш берилди.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2022 йил 12 апрелда қабул қилиниб, унда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиётга жорий этилган бўлса-да, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир қатор муаммолар кўзга ташланмоқда.
Хусусан, Қонунда жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ва банкротлиги тушунчалари ва уларни қўллашнинг аниқ чегаралари белгиланмаганлиги ва айнан мазкур ҳолат жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатишда хатоликларни келтириб чиқараётганлиги, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнида қўлланиладиган тартиб-таомилларни қўллаш асослари, тартиби ва муддатлари етарли даражада аниқлаштирилмаганлиги, унинг мол-мулкини сотиш таомилини тўғридан-тўғри қўллашнинг қонуний асоси мавжуд эмаслиги, банкрот деб топиш ва мол-мулкни сотиш тартиб-таомили қўлланилган жисмоний шахснинг ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулклари рўйхати ва унинг доирасини бугунги замонавий ижтимоий ҳаёт тарзини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурати мавжудлиги, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнида Қонун талабларини бузган ёки лозим даражада бажармаган иштирокчиларнинг жавобгарлиги масалалари тартибга солинмаганлиги каби жиҳатларига тўхталиб ўтилди.
Тадбирда кўтарилган масалалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди.